Катта Лигалар ташқариси

Катта Лигалар ташқариси

БИЗ БИЛМАГАН КАМТАР КЛУБЛАР. Миллионлар ўйини аталмиш футбол олами шу қадар бепоёнки, унинг 1-рақамли спорт тури сифатида эътироф этилиши хусусида баҳслашиш ортиқча.

Футбол жамиятидаги клубларнинг сон-саноғи йўқ, ҳисоби. Қуйида sports.ru сайтининг tribuna блоги маълумотлари асосида катта лигалар ташқарисига саёҳат уюштириб, кўпчилик эътиборидан четда қолаётган баъзи нотаниш клублар ва улардаги қойилмақом муҳит ҳақида алоҳида тўхталишни лозим топдик. Демак, диққат марказимизда - Чехия, Англия ва Германиянинг «митти» клублари.

«Слован Вельвари» (Вельвари, Чехия). Вельвари - Ўрта Чехия ўлкасининг Кладно туманида жойлашган мўъжаз шаҳарча. Унда 3000дан сал кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарча Прагадан атиги 25 км. узоқликда, пойтахтнинг шимоли-ғарбий томонида жойлашган. Маҳаллий «Слован Вельвари» клуби эса шу йил 103 ёшга тўлди. Жамоа бир асрдан кўпроқ давр ичида ўзига яраша юксак натижаларга ҳам эришган. «Вельвари»нинг ёшлар жамоаси 1962-1966 йиллар оралиғида ҳудудий чемпионатда қатнашган ва ўша даврдаги ёшлар лигаси йўлланмасини ютишга уриниб кўрган. Иккинчи ёрқин натижаси сифатида катталар жамоасининг 1977 йилдан эътиборан ҳудудий чемпионатда 2 мавсум қатнашганини келтириш мумкин. «Слован Вельвари»нинг 2007|2008 йиллар мавсуми Марказий Чехия чемпионатига қайтгани учинчи муваффақият сифатида эътироф этилганди. Ҳозирда «Вельвери» тизимида 5та ёшлар ва 2та катталар жамоаси фаолият юритмоқда. Асосий жамоа - 4-дивизион аъзоси. Хўш, стадионидаги муҳит қандай? Аъло! Кичик аренада мухлисларга гўшт ва сабзавотлардан тайёрланган ўта хушбўй, мазали қайноқ колбасалар мунтазир. Шунингдек, салқин ичимликлар ҳам бор.

«Прествич Хейс» (Прествич, Англия). Очиғи, Англиянинг қуйи лигалари кўпинча эътибордан четда қолади, гарчи улар ажойиботларга тўла бўлсада. «Прествич Хейс» - Катта Манчестернинг Прествич шаҳарчасидаги яримпрофессионал клуб. У узоқ 1938 йили маҳаллий ўқувчилар ташаббуси билан ташкил этилган. Жамоа босқичма-босқич Бери лигасидан Жануби-Шарқий Ланкашир дивизионига кўтарилган ва 1960-1961, 1964 йилларда чемпионлик унвонини қўлга киритган. «Прествич Хейс» шунингдек, 1967 йили Питер Гилмор раҳбарлигида ҳаваскорлар ўртасида нуфузли Ланкашир кубоги соҳибига айланган. Айни пайт эса Шимоли-Ғарб графликлари лигаси Олий дивизиони (9 Д)да иштирок этмоқда. Лига таркибида шунингдек, Шимол биринчи дивизиони (10 Д) ва Жануб биринчи дивизиони (10 Д) ҳам бор.

«Брауншвейг» (Хельголанд, Германия). Бир тасаввур қилинг: туман қоплаган бўм-бўш кўчада шамолдан чайқала-чайқала кетяпсиз, ёнингизда эса мўъжазгина орол ва унда қисилиб қолган тюленлар галаси. Радиокарнай товуши ва денгиз қушларининг чуғур-чуғури вақти-вақти билан сукунатни бузиб туради. Онда-сонда учраб турадиган одамлар сизга танишдек кўринадилар. Атрофни зулмат қоплагач, ҳар 10 сонияда осмонда маёқ нурлари ўтиб туради. Бу қандайдир ажабтовур туш эмас, Хельголанд ороли манзараси. Орол Наполеон босқинчиликлари, биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига гувоҳ бўлган. Айниқса, сўнгги уруш даври британияликлар оролни босиб олиб, уни полигонга айлантиришган ва мунтазам равишда бомбардимон қилишган, Гитлернинг барча ўқ-дори захираларини портлатиб юборишганди. Натижада тарихдаги энг йирик портлаш юз берган. Хельголанд - Германия таркибидаги ягона орол. Бу ер Эльба дарёсининг қуйилиш жойидан 62 километр, Шлезвиг-Гольштейн федерал ҳудуди соҳилидан 40 километ узоқликда жойлашган очиқ денгиздаги чиройли гўша. Оролнинг асосий қадамжолари - қизил қоялар ва Lange Anna бўртиғи. Албатта, тюленлар ороли ҳам. Қизил қоялар олуш ва кайра номли денгиз қушлари измида. Жарликка яқин бориб, уларнинг балиқ овлаш маҳоратини бемалол кузатиш мумкин. Оролнинг спорт ҳаётига тўхталсак, уни «Брауншвейг» ПСК (полиция спорт клуби) бошқаради. Ассоциация 21та бўлимдан иборат. Оролдан асосан буюк дзюдочилар етишиб чиқишган. Лекин футбол мавқеи ҳам чакки эмас. 1952 йили «Браун­швейг» қуйи Саксония учинчи ҳаваскорлар лигасига ўтказилган. Лекин орадан 2 йил ўтгач, яна ўз ўрнига қайтарилган ва ҳанузгача қуйи лигадаги фаолиятини давом эттирмоқда.

«Уайтхок» (Уайтхок, Англия). Яна туманли ўлкага қайтамиз. Навбатдаги манзил - Брайтон яқинидаги Уайтхок ҳудуди. Шаҳарча номи билан юритиладиган клуб Жануби-Шар­қий дивизион (Д 7)да қатнашади. Шарқий Брайтон-паркда 3126 кишига мўлжалланган шинам стадион бор. «Қирғийлар» лақабли жамоанинг анъанавий ранглари - қизил ва оқ. «Уайтхок» 2010 йилга қадар  ҳеч қачон графлик лигасидан юқорига чиқмаганди. Кейин 4 мавсумда 3 марта юқорилаб, Жанубий конференция аъзосига айланди. Клубнинг шиори ҳам ўта жаранг­дор: «Муҳаббат, тинчлик, ирқчилик ва зўравонликка эса ўрин йўқ». Клуб тамойилига кўра, стадионда дарвозабон билан қўл бериб саломлашиш ва елкасига уриб, унга далда бериш мумкин. 

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади