Анхель Лопес, Marca ва Аббос Файзуллаев...

Анхель Лопес, Marca ва Аббос Файзуллаев...

ЦСКА ўйинига зўр киришиб кетиш асносида кенг жамоатчилик назарига тушган Аббос Файзуллаев Осиё кубоги-2023даги тетик иштироки билан ўзига нисбатан эътиборни янада кучайтиргани рост.

Қитъанинг энг нуфузли мусобақасида илк марта қатнашган 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз 2та гол ва 1та ассист қайд этишдан ташқари, фаоллиги билан ажралиб турди. Жумладан, Испанияда 2 миллион 300 минг нафардан кўп ўқувчига эга машҳур Marca газетаси (нашрнинг расмий сайтини 3 миллион 115 мингдан ортиқ киши кузатиб боради) ҳам Аббос Файзуллаев ва ўзбек футболи ҳақида мақола тайёрлади. Испаниялик журналистлар бунда 2022 йили «Сурхон» бош мураббийи ролида ишлаган Анхель Лопес таҳлилига таянишди. Зеро, фаолияти давомида БАА ва Хитойда ҳам ишлаган бу мутахассис Осиё футболи бўйича муайян тажрибага эга. Хуллас, sports.uz портали marca.com сайтида берилган шу мақолага алоҳида эътибор қаратди.

***

- Ўзбекистон ҳақида гап кетганида, Буюк ипак йўли асосий эталон сифатида гавдаланади. Мана, бу мамлакат футболда ҳам шуҳрат қозонмоқда. Энг машҳур футболчиси - ижара келишуви бўйича «Рома»дан «Кальяри»га ўтган Элдор Шомуродов жароҳат туфайли Осиё кубогида қатнашолмади. Қатардаги мусобақада эса «оқ бўрилар» сафида Аббос Файзуллаев кўзга ташланди. Кичик жуссали, бўйи атиги 167 сантиметрга тенг Москванинг ЦСКА клуби ҳужумкор вакили 1 йил олдин Ўзбекистон U-20 терма жамоасини Осиё чемпионатида ғалаба сари етаклаганди. Бунақаси мамлакат футболи тарихида илк марта юз берди. Ўша турнир якунида энг яхши футболчи сифатида эътироф этилган Аббос кейинчалик «Пахтакор»дан ЦСКАга кўчиб ўтди. Трансфери атиги 500 минг еврога баҳоланган футболчи РПЛда бир уринишда ҳақиқий шов-шув кўтарди - жами 18та ўйинда 2та гол ва 9та ассист. Умуман, Аббос Осиё кубогида ҳам жамоасини ўз ортидан эргаштирди. У жумладан, гуруҳ босқичида Ҳиндистон термаси дарвозасига гол урди, нимчорак финал баҳсида эса таиландликларни ранжитиб, ўзбекларни чорак финал сари бошлади. 1992 йили Европа Чемпионлар кубоги финалида «Барселона»га қарши ўйнаган афсонавий «Сампдория»да муҳим ижрочи саналган Сречко Катанец ҳали тўлиқ ишлов берилмаган «олмос»ни ўз ихтиёрида сақлаб турибди. Ҳозирда Грециянинг «Волос» жамоасини бошқараётган испаниялик Анхель Лопес эса бу йигитчани яхши билади. У «Сурхон»да ишлаган вақти Аббос Файзуллаев билан учрашган. «Ҳа, уни жуда яхши эслайман, чунки «Пахтакор»га қарши ўйинда 2:2 ҳисобида дурангга эришганимизда, Аббос дарвозамизга гол урганди. Йигитчада яхши сифатлар етарли: зарбаси зўр, ўйин интеллекти юқори, вазиятларни нозик илғайди», - дейди Анхель Лопес.

*** 

- Умуман, Анхель Лопеснинг айтишича, ўзбек футболида ижобий хусусиятлар етарли: «Ўзбек йигитлари жуда рақобатбардош. Улар менталитет бўйича Осиёнинг аксарият мамлакатлари вакилларидан фарқли равишда, Лотин америкаликларга ўхшашади. Футболга иштиёқ баланд, гол уришади, курашаверишади. Шу маънода Аббос Файзуллаев ҳам энг кучли талаб ва босимларга жавоб беради. У «Пахтакор»­да таҳсил олган. Бу жамоа Ўзбекистонда «Реал» даражасида. Аббос болалигидан халқаро мусобақаларда ўйнаш ва ғолиб чиқишга кўниккан». Испаниялик мураббий Файзуллаевнинг ЦСКАдаги фаолиятини ҳам мақтади: «Файзуллаев анча кучли лигага кўчиб ўтди ва юқори савияда ўйнаяпти. Адашмасам, Россияда камида 3 марта ойнинг энг яхши футболчиси бўлишга улгурди. Менимча, Аббоснинг салоҳияти кучли лигаларга сакраш учун етарли. Балки Испанияга келар, нега энди бу ерда ўйнамаслиги керак?»

*** 

Португалиялик таниқли агент Паулу Барбоза эса Россиянинг metaratings.ru сайтига берган интервьюсида Аббоснинг Европада ўйнаш имкониятига баҳо берди: «Аббос Файзуллаев ҳамманинг диққат марказида турганида, ЦСКА уни сотиш ҳақида ўйлаши мумкинми? Аниқ гап айтиш қийин. Ҳаммаси клубнинг Файзуллаев ўрнини босадиган футболчи топа олишига боғлиқ. Яна бир муҳим масала — Аббос учун қанча сўраш керак? Ҳозир трансферлар бозори ёпиқ. Демак, айни паллада вариант­лар кўп эмас. Эҳтимол, Хитой ва АҚШ вариантлари бордир, лекин бу қанчалик фойдали? Умуман, Файзуллаевнинг Европада ўйнаб кетишига ишонаман. Агар ҳозирги суръатини пасайтирмаса, трансфер учун ҳали имконият етарлича бўлади. Борадиган жойида рақобатни қай даражада енгиб ўтиши эса бошқа масала. Энг аввало, шу саволга жавоб топиш керак», - деди Паулу Барбоза.

*** 

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Жаъфар Ирисметов ҳам Россия нашр­ларига берган интервьюсида Аббос Файзуллаевнинг ОК-2023даги иштирокига тўхталди. «У 3та ўйинни ўз даражасида ўтказди. Лекин ҳужум марказига қўйишганида, бироз йўқолиб қолди. Тўғриси, Аббосдан кўпроғини кутгандим. Балки босим халақит бергандир. Ўйлашимча, мураббийлар унга етарли эркинлик беришмади. Бундай футболчини аниқ бир позицияга боғлаб қўйиш ярамайди. Шахсий фикримча, Файзуллаев янада ёрқинроқ ўйнай олади. Умуман, биринчи йирик турнир учун иштироки ёмон чиқмади. У яқин келажакда терма жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланса, ажабмас», - деди вақтида «Спартак» (Москва) шарафини ҳимоя қилган ҳамюртимиз.   

*** 

Россиялик таниқли мураббий Александр Тархановнинг фикрича, Аббос Файзуллаев Европа томон шошилмай тургани маъқул. «Аббос нафақат Осиё кубоги, балки ЦСКАда ҳам яхши ўйнади. Сифатли, техник салоҳияти баланд ва интеллекти юқори йигит. Ҳамма унинг ЦСКАда ўйнаб кетишига шубҳаланган эди. Йигитча эса дарҳол ўзини кўрсатишга тушди. Кўрамиз, мавсумнинг иккинчи қисмида қандай ишларкин? Россия жамоаларининг еврокубоклардан четда қолаётгани ачинарли. Агар халқаро ўйин­лар бўлганида, Файзуллаев ўзини яққолроқ намоён этармиди? Шунда ҳам уни кузатишаётганига аминман, чунки Осиё чемпионатида яхши ўйнади. Ҳа, Ўзбекистон термаси финалга чиқолмаган бўлса-да, Аббос ажралиб турди, барибир. Яна голлар ҳам урди. Лекин шахсий фикримча, Файзуллаев шошилмаслиги, тажриба ошириш учун ЦСКАда қолиши, лоақал яна бир мавсум шу ерда ўйнаши керак» - бу вақтида «Пахтакор»да ҳам ишлаган Тархановнинг умумий фикри. 
****
Кеча Россия Премьер-лигаси 19-тур баҳслари билан чемпионатнинг иккинчи давра ўйинларига старт берилди.
ЦСКА Москвада «Оренбург»ни қабул қилиб, очко йўқотди. Мусаев 81-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Перес 90+3-дақиқада меҳмонларга дуранг келтирувчи гол муаллифига айланди – 1:1. Шу куни Аббосбек Файзуллаев 73-дақиқагача ўйнади. 
Шу тариқа, ЦСКА 29 очко билан 7-ўринда бораётган бўлса, Оренбург клуби 16 очко билан 14-поғонадан жой олган.
РПЛ. 19-тур
ЦСКА – Оренбург 1:1
Голлар: 1:0 – 81 Мусаев, 1:1 – 90 Перес.
ЦСКА – Акинфеев, Хелвен, Мойзес, Дивеев, Виллиан Роша, Гайич, Обляков, Мендес, Файзуллаев (Заболотний, 73), Давила, Чалов (Мусаев, 67).