АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«Порту» ўзининг ЕЧЛдаги сўнгги етти иштирокидан олтитасида плей-офф босқичига чиққан, икки марта чорак финалгача етиб борганди.
Жорий мавсумда ҳам Сержиу Консейсау жамоаси қитъанинг энг сара саккиз клуби сафидан жой олиш имкониятига эга бўлганди. Февралда «Порту» ўз майдонида «Арсенал»ни 1:0 ҳисобида маҳв этгач, Лондондаги жавоб учрашуви осон бўлмаслиги олдиндан маълум бўлди. Ана шу минимал устунлик биринчи навбатда «Порту» бош мураббийини қониқтирмагани аниқ. Чунки Сержиу нафақат жамоа учун, балки унинг таркибида тўп сураётган суюкли ўғлони - 21 ёшли Франсишку учун ҳам қайғуради. Унинг 12 март санасидаги аламли мағлубиятдан кейинги ҳолатини эслаш ҳам қайғули.
Франсишку 8 ёшли пайтида, отаси Бельгия, Қувайт ва Греция майдонларидаги саргузаштлардан қайтиб келганида футбол сирларини ўргана бошлади. Кейинчалик Сержиу бутсаларини михга илди, унинг вориси эса «Белененсеш» академиясига қабул қилишди. Тез орада болакайнинг иқтидори юзага чиқиб, «Спортинг» уни ўз тизимига жалб этди. Лиссабонда у Нуну Мендеш, Эдуарду Куарежма ва Жоэлсон Фернандеш каби бўлажак юлдузлар ёнида шуғулланди. Мендеш ҳозир «ПСЖ»да, Куарежма билан Фернандеш эса «Спортинг»далар.
«Франсишку жуда жасур болакай. У тўп билан муомалада қалтис ҳаракатларни ҳам дадиллик билан амалга оширади. Бундай дадилликни айрим мураббийлар хуш кўрмайдилар ва тақиқлайдилар. Бахтимизга, Франсишку ўйинни яхши ҳис этади, зарур пайтда тўпни қулайроқ вазиятдаги шеригидан қизғанмайди. У мувозанатни йўқотмаган ҳолда ҳаракат йўналишини ўзгартира олади, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ўта тажовузкор ўйнайди», - деганди футболчининг «Спортинг»даги илк мураббийларидан бири бўлган Жоау Плантье.
Франсишку «Спортинг» академиясида 6 йил, отаси «Порту»дан чорлов олгунга қадар шуғулланди. Кейин, табиийки, ота изидан боришга қарор қилди. Шу тариқа ёш иқтидор 2018/19 йиллар мавсумида «Порту»нинг 17 ёшлилар жамоасида сермаҳсул ўйин кўрсатди ва барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Митти чапақай асосан ҳужум чизиғининг ўнг қанотида тўп сурар ва рақиб ҳимоячиларини осонлик билан ортда қолдирарди.
«Франсишку Мессига ўхшайди. Ўсмир савияли футболчи учун зарур бўлган барча хислатларга эга. Шу жиҳатдан Мессини эслатади», - «Порту»нинг собиқ футболчиси Эдуарду Луиш кичик Консейсауга шундай таъриф берганди. Бироқ катта Консейсауга бу қиёслаш ёқмади: «Менимча, бу яхши эмас. Буюк футболчиларга ўхшатиш ўсиб келаётган болага салбий таъсир этиши мумкин. Франсишку футболдан завқ олиши лозим. Албатта, ўз орзусига интилиши керак, буни хотиржам ва эви билан амалга ошириши керак. Бир-иккита муваффақиятли алдамчи ҳаракатлар билан етукликка эришиб бўлмайди. Франсишку айниқса, ҳужумдан ҳимояга қайтиш устида кўп ишлаши керак».
2021 йил февралида кичик Консейсау «Порту»нинг асосий таркибида илк марта майдонга тушди. «Боавишта»га қарши баҳснинг (2:2) 77-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилган Франсишку 2 марта ўзини кўрсатди. Аввалига жамоасига пенальти ишлаб берди, жамоадоши уни голга айлантирди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса, гол билан якунланган комбинацияда иштирок этди. Рақиб дарвозабони унинг зарбасини қайтарди, қайтган тўпни Эванилсон дарвозага жойлаб қўйди. Голни Сержио ўғли билан нишонлаганида, қувончдан кўзларига ёш келди. Бироқ афсуски, шундай бетакрор сюжетни ҳакам йўққа чиқарди - VAR текширувидан кейин гол бекор қилинди.
2022 йил январида янада эҳтиросли воқеа рўй берди. «Эшторил» майдонида 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётган «Порту» Мехди Тареми ва Луис Диаснинг аниқ зарбалари эвазига мувозанатни тиклади. 87-дақиқада Сержиу захирадаги ўғлини жангга ташлади. Франсишку эса 2 дақиқадан кейин ўзининг чемпионатдаги илк голини уриб, жамоасига қимматли 3 очкони ҳадя этди. Табиийки, голдан кейин йигитча тўппа-тўғри отаси томон югурди. Ўша лаҳзада бу ёруғ дунёда Сержиудан бахтлироқ инсон йўқ эди. Футболчи эса отасини эмас, устозини қучоқлаганини таъкидлади: «Голни мураббийим ва жамоадошларим билан нишонладик. Чемпионликка эришиш учун биз доимо шунақа кўтаринки кайфиятда тўп суришни истаймиз». Отанинг изоҳи эса қуйидагича: «Франсишку ўз вазифасини адо этди. У ғалаба келтирган голни урди. Мен уни ва қолган барча ўйинчиларни самимий қучиб табрикладим. Улар бор куч-маҳоратларини сарфлаб, майдонда қатъият билан тўп суришди. Мақсадимиз аниқ , ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш».
2021/22 йиллар мавсуми «Порту»нинг чемпионлиги билан ниҳоясига етди. Франсишку чемпионатда 25 марта майдонга тушиб, 2та гол ва 2та ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Лекин иккинчи томондан, у ҳаммаси бўлиб 464 дақиқани майдонда ўтказди. Яъни, кичик Консейсау асосий таркиб ўйинчиси мақомига эриша олмади ва 5 млн. еврога «Аякс»га сотиб юборилди.
Маълумотларга кўра, «Порту»нинг президенти ва мураббийи Франсишкунинг кетишига қарши эдилар. Футболчи эса тезроқ тараққий этишига отасининг жамоасида ўйнаётгани халал беряпти, деб ҳисоблаб, якунда «Аякс» таклифини қабул қилди. «Порту» мухлислари навқирон иқтидорни сотиб юборган клуб президенти Пинту да Коштани танқид остига олишди. Нидерландиядаги мавсум Франсишку учун ҳам омадсиз бўлди - 28та ўйин, битта гол, 3та ассист. Умумий ўйин амалиёти - 776 дақиқа.
2023 йил ёзида кичик Консейсау «Порту»га қайтди. Энди у ижарага берилган, шартномасида товон пули кўрсатилганди. Ўзгариш экспертларни ўйлантириб қўйди: мавсумни омадсиз ўтказган футболчининг нима кераги бор? «У бизга текинга берилди. Бундай савиядаги футболчини текинга олишнинг иложи йўқ бўлсада, биз буни уддаладик. Франсишку биз учун бебаҳо ўйинчи бўлиши мумкин. қолаверса, унинг рақобатчиси жароҳатга мойил ўйинчи. Буни кўпчилик тушунмайди», - деди Сержиу ўғлини ҳимоя қилиб.
Жорий мавсумда кичик Консейсау барча турнирларда 31та учрашув ўтказиб, 5та гол ва 6та ассистнинг муаллифи бўлди, майдонда жами 1776 дақиқа тўп сурди. Отаси ва ўзи ўртасидаги муносабатлар хусусида қуйидагича фикр билдирди: «Мураббий ва футболчининг ролини ота билан ўғил ролидан фарқлашни яхши биламиз. Ҳамкорликда муваффақият қозониш учун бор куч-имкониятимизни сафарбар этяпмиз. Барча масалаларда мулоқот қиламиз. Уйда кўпроқ оила аъзоларимиз, дўстларимиз ва яқинларимиз ҳақида суҳбатлашамиз. Шу зайлда чарчоқлар унутилади. Келажак режаларим хусусида шуни айтишим мумкинки, менга кўпроқ Испания ва Италия чемпионатлари ёқади. Лекин ҳозир бутун фикр-зикрим «Порту»га қаратилган».
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789