Афсонавий "ўрмончилар" - етакчилар қаторида!
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Аллақачон ФИФА топ-инструкторлари қаторига кирган етакчи мутахассисларимиздан бири Фарҳод Абдуллаевни хорижда ҳам яхши билишади, албатта...
Вақтида Равшан Эрматов бригадасига кирган, халқаро ўйинларда ҳам ишлаган ҳамюртимиз айни пайт Саудия Арабистони футболида Ҳакамлик департаментини бошқараётганидан кўпчилик хабардор. Умуман, сўнгги йиллар ФИФА миқёсидаги бирор йирик турнир Абдуллаев иштирокисиз ўтмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Дейлик, у Қатар-2022 мундиалида етакчи 10 нафар инструктор рўйхатига киритилди. Россиялик собиқ ҳакам ва «Телеграм» тармоғидаги «Але, рэф!» канали муаллифи Анатолий Синяев ҳамюртимизга мурожаат қилиб, футболнинг энг зиддиятли йўналишига боғлиқ энг муҳим саволларни ўртага ташлади. Шу тариқа қизиқарли таҳлилий лекция юзага келди.
ЎЗИ ҲАКАМЛАР ИНСТРУКТОРИ НИМАЛАР БИЛАН ШУҒУЛЛАНАДИ?
- Бунга ЖЧ-2022 мисолида жавоб берсам, Қатарга турнир бошланишидан 10 кун олдин етиб бордик. Кун тартибимиз эрталаб соат 7:00да бошланди. Кунига майдонда ҳакамлар билан 3-4 маҳал машғулот олиб бордик. Битта майдонда VAR ҳакамлари иштирокида ишладик, иккинчисида фитнес-машғулотлар олиб борилди. Учинчи майдонда эса ҳакамлар билан ўйинларда юзага келадиган баҳсли вазиятлар кўриб чиқилди. Баъзан тўртинчи майдонда мини-ўйинлар ташкил этилди. Амалий машғулотлардан сўнг турли мавзуларни қамраб оладиган назарий дарсларга навбат берилди. Куннинг иккинчи ярмида ҳакамлар VAR симуляторларида ишладилар. Кечқурун эса ҳакамлар билан умумий машғулотлар. Шунингдек, терма жамоалар базаларида футболчиларга маърузалар ўқидик, уларнинг ўйин қоидаларига доир саволларига жавоб бердик, шу тариқа нималар тақиқлангани юзасидан умумий тушунча олишди. Чемпионат бошлангач, эрталабки машғулотдан сўнг бир кун олдинги ўйинларда кузатилган баҳсли вазиятлар муҳокамасига бағишланган дебрифинглар ташкил этилди. Тушликдан кейин барча инструкторлар ўзларига бириктирилган ўйинларга йўл олишди. Айтиш жоиз, ЖЧ тарихида илк марта ўйинларда классик назоратчи хизматидан воз кечилди. Яъни биз ўйинларни стадионлар эмас, балки барча телевизион компаниялар жойлашган International Broadcast Center марказида кузатдик. Бунда турли вазиятларни ёзиб олдик, таҳлил қилдик ва эрталабки назарий машғулот учун видеоқўлланма тайёрладик. Тўғри, менга қолса, назоратчилар стадионларда ишлашларини ёқлайман. Чунки у ерда трансляцияга тушмайдиган кўплаб жиҳатларни кўриш мумкин. Масалан, телевизорда захира ҳакамининг ҳаракати камдан-кам кўринади, у «рамка»га тушмайди, ҳисоб. ФИФА эса бу борада бошқача ёндашувга эга, зеро, ЖЧ ўйинида жуда кўп камера ишлатилади, улар ёрдамида вазиятларни таҳлил қилиш имкони бор.
ЖЧда ҲАКАМЛАР ШАХСИЙ ТАҲЛИЛЧИЛАР БИЛАН ИШЛАШДИ...
- ЖЧда таҳлилчилар терма жамоаларни жуда чуқур ўрганишди. Шу тариқа ўйиндан бир кун олдин ҳакамлар бригадаси иштирокида икки рақибнинг қандай ўйнаши, нималарга эътибор қаратиш кераклиги кўриб чиқилди, яна муайян вазиятлар ёрдамида алоҳида футболчиларнинг феъл-атвори ҳам. Қисқаси, ҳакамларга катта маълумотлар тўплами тақдим этилди: ким симуляцияга мойил, қайси футболчи рефери қарорини нотўғри қабул қилади, ҳаттоки, дарвозабон тўпни ўйинга қандай киритади ва ҳоказо... Бу маълумотлар ўйин боришини назорат қилишда муҳим. Шунинг учун ҳам ҳакамлар катта «сюрпризлар»га дуч келишмади, ҳисоб.
МУХЛИСГА КЎРИНМАЙДИГАН VAR ҲОДИСОТЛАРИ
- Оддий мисол: VAR тизимида мунтазам ишлайдиган ҳакамлар ҳар бир баҳсли вазиятни изоҳлашга одатланишган. VAR талаби ҳам шу. Улар хулосани видеоарбитрга тез, қисқа ва лўнда етказадилар. Амалиёти кам рефери эса VAR билан алоқада иккиланиши мумкин: «Қоидабузарлик йўқ, шекилли, ўйнашда давом этамиз...». VAR ўз навбатида, жавоб беради: «Нимани назарда тутяпсан: оёққа ташланишними ёки кечикишни?» Чунки битта вазиятда турли ракурслари бўлади ва шу кичик деталлар кўп нарсани англатади. Шунингдек, тажрибасиз ҳакам ҳуштак чалишга шошилиши мумкин. Масалан, қўл билан ўйинни кўради ва шу заҳоти ҳуштак чалади. Аслида 1-2 сония ушлаши керак, чунки қўл билан ўйин қоидаси критериялари кўп ва ҳакамнинг шошма-шошарлиги яққол вазиятни йўққа чиқариши ҳеч гап эмас. Дейлик, тажрибали ҳакам дарвоза яқинидаги қоидабузарликдан сўнг вазиятни якунлаш учун 3-4 сония беради, чунки гол нотўғри урилса, уни бекор қилиш мумкин, ҳужумни қайта тиклаш эса имконсиз. Қисқаси, VAR лицензиясини видеоарбитр ҳам, рефери ҳакам ҳам олиши шартлиги бежиз эмас.
VAR ҲАКАМЛАРИДА ҲАМ ЧИГИЛЁЗДИ МАШҚЛАРИ БОР!
- Ўйиндан икки соатча олдин VAR тизими тахт қилиб қўйилади. Ҳакамлар эса ярим соат давомида VAR-симуляторида «исиниб» оладилар. Бунда оператор турли чемпионатлардан олинган вазиятларни ҳавола қилади - пенальти, қўл билан ўйин, «офсайд»... Жараёнда вазиятлар мураккаблик даражаси бўйича тоифаларга бўлинади. Тажрибаси камроқ ҳакамларга ҳаммаси қисман тушунарли оддийроқ вазиятлар берилади. Тажрибали мутахассислар аксинча, энг мураккаб ва чигал вазиятлар устида бош қотиришади. Масалан, гол уриш учун яққол имкониятни йўққа чиқарган «офсайд» ҳолати ёки қизил карточкага тортадиган қўполликларни кўриб чиқишади. Ҳакамлар майдонга чигилёзди машғулотлари учун тушган вақтда эса VAR алоқаси текширилади. Алоқа майдоннинг барча бурчакларида борлигига ишонч ҳосил қилиш учун рефери бурчак байроғига қадар бориши шарт. Футболчилар чигилёзди машғулотларига киришгани ҳамоно VAR марказида уларни кузатиш бошланади: ана ҳимоячи, ана ҳужумчи, буниси тўп... Албатта, тизим чизиқлари текширилади. Оддий айтганда, видеоҳакамлар ҳам ишга киришишдан олдин фаол тарзда «қизиб» оладилар. VAR ва рефери ўртасидаги алоқа умуман узилмайди. Агар майдонда ҳеч нарса содир бўлмаса ҳам, тизим шартли равишда алоқага чиқиб туради: «Рэф, ҳаммаси жойидами? Қандай эшитяпсан?» Зеро, майдондаги ҳакам VARда ухлашмаётгани, ҳаммаси назорат остида эканлигини тушуниши керак. VAR тизими учун амалий тажриба ўта муҳим. Ҳа, зўр назариётчи бўлиш ва қоидаларни пухта билиш яхши. Аммо майдондаги амалиётсиз VARда мукаммал ишлаш қийин. Ҳакамлар ва VAR мутахассислари бир «қозон»да қайнашлари, битта хонада шуғулланишлари, ўйин манзараси ва футболчилар босимини бирга ҳис этишлари муҳим. VAR марказида нима қилиш кераклигини аниқ тушуниш учун эса аввало, барчасини майдонда синаб кўриш керак. Шу жойда айтаман, ҳар бир кучли ҳакам ҳам VAR мутахассиси бўлавермайди. Тажрибада кўп кўрганман: баъзи реферилар монитор олдида ишлашларини эшитишлари билан қалтирай бошлашади.
VAR ТИЗИМИДА ЯШИРИН АЛОҚА БОРМИ?
- Видеоҳакамлар баённомага қарши ўлароқ, яширин сигнал ёрдамида сариқ карточка бўйича ҳам кўрсатма беришаётгани ҳақида гап-сўзлар бор. Эҳтимол, буни қонунлаштириш керакдир? Бу масалада фикрлар хилма-хил. ФИФА эса мутлақо қарши. Агар «сариқ» ҳолатини текширишга рухсат берилса, бу нималарга олиб келиши мумкинлиги аён. Ахир ҳар бир бурчак тўпи, эркин зарба, «аут», қоидабузарликни кўриб чиқишга тўғри келади. Шунинг учун ФИФА бу борада жуда эҳтиёткор. Биласизми, баъзан ҳакам ўйинни тўхтатади, роса иккиланади, кейин карточка кўрсатади. Мутахассислар бундай ҳолатларни ҳам муҳокама қилишади, албатта. Чунки алоқа тўлиқ ёзиб олинади, тингланади. Қисқаси, яширин кўрсатма очилмай қолиши қийин. Умуман, ўйин қоидалари ва VAR йўриқномасига тўлиқ риоя қилиш яхшироқдир, барибир. Акс ҳолда...
VAR ҚОИДАЛАРИ ЎЗГАРИШЛАРГА МУҲТОЖМИ?
- Бу борада кўп нарсалар ўйлаб қўйилган. Катта турнирларда кузатилган баъзи вазиятлар қоидаларга тузатишлар киритиши ҳеч гап эмас. Масалан, ЖЧ финалида Месси гол уришидан олдин аргентиналиклар майдонга тушиб кетишди. Тушуниш керак, барча қоидалар мукаммал эмас, қолаверса, ҳамма уларга қатъий амал қилмайди. Ҳозир VAR иккинчи «сариқ» ҳолатига аралашиши керак-йўқлиги юзасидан мунозара кетмоқда. Агар бунга рухсат берилса, ортидан катта савол туғилади: нега биринчи «сариқ» кўриб чиқилмади? Айниқса, у нотўғри кўрсатилган бўлса. Пенальти тепиш пайтидаги қоидабузарликлар ҳақида ҳам шу гап. Бу борада битта қоида кўрсатилганига қарамай, турли мамлакатларда VARнинг ушбу жараёнга аралашуви бўйича алоҳида тавсиялар мавжуд. Яъни ҳамма йўриқномада ёзилган қоида асосида ишлашга тайёр эмас. Умуман олганда, VAR - янги мавзу, футболдаги чақалоқ. Кўп нарса конфедерациялар ёки миллий чемпионатлар ичидаги келишувларга ҳам боғлиқ. Дабдурустдан йўриқномада қайсидир бандни ўзгартириш таклифини илгари суриш қийин. Бордию, катта турнирларда нимадир юз берса, ишонинг, йўриқнома ҳам, қоидалар ҳам ўзгаради. Айтганча, IFAB Россия мундиалидан сўнг битта кучли хулоса берганди: «Агар VAR тизими ишламаганида, «плей-офф» босқичларида бутунлай бошқа жамоаларни кўрардик». Хуллас, VARнинг якуний натижага таъсирини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Тўғри, охирги ЖЧга боғлиқ статистикалар ҳозирча ошкор қилинмади.
Давоми газетамизнинг кейинги сонларида.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789