Футбол атрофида: Ажрашув сабабчиси ким?

Футбол атрофида: Ажрашув сабабчиси ким?

Жерар Пикенинг хонанда Шакира билан нега ажрашгани сабаби қисман маълум бўлди

 Ёз бошида бутун футбол ва мусиқа олами «Барселона» фахрийси ҳамда дунё эстрадаси юлдузининг муҳаббатига дарз кетгани ва улар ажрашаётганлари ҳақида тарқалган хабардан «шок» ҳолатига тушди. Аслида футболчи ва хонанда қонунан ажрашмайдилар, зеро, бирга яшашгани ва фарзандлар кўришганига қарамай, расман никоҳдан ўтишмаганди.

Оламшумул айрилиқдан кейин ОАВда юлдуз жуфтлик иттифоқи нега бузилгани хусусида бирин-кетин ҳайратга солувчи тафсилотлар чиқиб кетди. Жумладан, Шакира ҳимоячини қайсидир ёш модель ёки актриса эмас, балки ўсмир жамоадошининг онаси билан хиёнат кўчасига кирганликда айблаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ўшанда 17 ёшли Гавининг онаси назарда тутилганди. Тўғри, бу шунчаки, гап-сўз мақомида қолди, лекин ҳаттоки, Жерарнинг ўзи ҳам хабарни инкор этгани йўқ. Ҳозирда Пике ва Шакира ҳамон ажрашиш жараёнида, лекин футболчи энди омма олдига янги маҳбубаси - 23 ёшли талаба Клара Чиа Марти билан бирга чиқишдан сира уялмаяпти. Эътиборлиси, Пике қалбини забт этган қиз ташқи қиёфа бўйича Шакирага шу қадар ўхшашки, буни бир қарашда сезиш мумкин.

Дарвоқе, Гави Парижда ташкиллаштирилган «Олтин тўп»-2022 тақдимот маросимида ўтган мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилди. «Барселона»нинг умидли ярим ҳимоячиси саҳнага клубдоши Педрининг устози ва опаси Аврора Гавира билан бирга чиқди. Оддий айтганда, ёзда тарқалган миш-мишларда озгина асос ҳам бўлиши мумкин. Фақат Пике ёш клубдошининг онаси эмас, балки опаси билан учрашган балки. Ҳар ҳолда, 20 ёшли Аврорани онасидан фарқлаш жуда қийин. Эҳтимол, Шакирага хиёнат ҳақида хабар етказганлар ҳам Гавининг онаси ва опасини адаштириб юборишгандир...
***
Жерар Пикенинг мавсум ўртасида фаолиятини якунлаш қарорига нималар сабаб бўлгани маълум бўлди. Журналист Елена Кондис Эдонинг сўзларига кўра, «Барселона» ҳимоячисига сўнгги ҳафталардаги футбол муаммолари ва матбуот катта таъсир кўрсатган. Футболчи ўзини ёмон ҳис қилган. 
Шунингдек, Пикенинг кетишиги «кўк-анорранглилар» президенти Жоан Лапортадан хафалиги ҳам сабаб бўлган, футболчи буни оммага ошкор қилишни истамаса ҳам.
Маълумот учун, 35 ёшли ҳимоячи бу мавсумда Ла Лигада 5та ўйинда майдонга тушди. 5 ноябр кунги «Альмерия» билан баҳс унинг учун фаолиятидаги сўнггиси бўлади.
Футболчилик фаолиятини якунлашга қарор қилган Жерар Пике «Барселона»дан айрим пулларини олмайди. SER Catalunya журналисти Кике Родригеснинг хабар беришича, ҳимоячи 30 миллион еврони олишдан бош тортган.Маълум бўлишича, «Барселона» президенти Жоан Лапорта ва раҳбарият Пикенинг фаолиятини якунлаш қароридан бехабар бўлишган.