Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
16 март санасида Руандада бўлиб ўтган ФИФА конгрессида ташкилот раҳбари Жанни Инфантино учинчи марта қайта сайланди.
Шу тариқа амалдаги президент иккинчи марта бирон-бир номзоднинг қаршилигисиз ўз тахтини эгаллади. Тепакал швейцариялик шу қадар муғомбир ва қудратлики, сайёрамиздаги 7,8 млрд. киши орасидан унга тўсиқ бўла оладиган бирорта мард топилмади. Бу - ўта ачинарли ҳолат. ФИФАдаги шиддатли тараққиёт ва мўмай даромад ҳақида Инфантино қанчалик бонг урмасин, қилаётган ишлари аллақачон аён бўлди - Зепп Блаттерни «қулатганидан» кейин коррупцияни йўқ қилишга ваъда берган янги амалдор ўша коррупциянинг раҳбарига айланди.
ФИФА бошқарув қўмитаси раҳбарини лавозимидан четлатди
Халқаро ташкилот раҳбарларининг асосий қуроли - ҳар бир миллий ФФга битта овоз бериш ҳуқуқини берадиган бошқарув тизими. Бундай вазиятда Англия, Франция ёки Германия каби нуфузли футбол мамлакатлари учинчи дунё мамлакатлари билан бир хил мақомдалар. Митти давлатлар раҳбарларини қинғир ишларга оғдириш осон.
Инфантино кичик, лекин коррупциянинг домида қолган Уганда, Филиппин ва бошқа давлатларга катта эътибор қаратади. Масалан, ўтган йили Индонезияга йўл олишига у ерда юз берган фожиа сабаб бўлди. «Арема» - «Персебая» (2:3) учрашувидан кейинги мухлислар тўқнашувида полиция кўздан ёш оқизувчи газдан фойдалангани сабабли, 174 киши, жумладан, 5 ёшли болакай ҳаётдан бевақт кўз юмганди. Хўш, ФИФА раҳбари бунга қандай муносабат билдирди? Фожиа туфайли сафарга отланган Бош раҳбар маҳаллий федерация раҳбарияти билан... ўртоқлик учрашувида юзидан табассум аримаган ҳолатда тўп сурди, эртасига кўтаринки кайфиятда Индонезия президенти Жоко Видодо билан учрашди. Ўта кетган сурбетлик!
ФИФА президентининг таърифи учун шунинг ўзи етарли. Инсонга хос бўлмаган феъл-атвор - Жанни учун нормал. Қолаверса, у турли баҳоналар билан вазиятдан чиқиб кетишни ўрнига қўяди. 2017 йилда Инфантинодан иш билан Суринамга борганида йўл қўйган беҳуда ҳаражатларга изоҳ талаб қилишганди. Ўшанда у Швейцарияга зудлик билан хусусий самолётда қайтишга мажбур бўлганини айтган ва бу «зарурат» 130000 долларни «сув» қилганди. «УЕФА раҳбари Александер Чеферин билан шошилинч тарзда учрашиш эҳтиёжи юзага келди», - деганди Жанни ташкилотнинг назорат бўлими раҳбарига. Суриштирув натижасида Инфантино айтган кунларда Чеферин хизмат сафари билан Арманистонда бўлганлиги аниқланди. Лекин ФИФАнинг этика қўмитаси кутилмаган тарзда Бош раҳбарни оқлади. Қўмита раҳбарлигига таниқли олим ва сиёсатчи бўлмиш португалиялик судья Мигель Мадуро тайинланганди. Бироқ тез орада ФИФАга коррупцияни фош этиш ва йўқотиш мақсадида келган Мадуро Инфантинонинг мақсади ҳаммани ўзига тобе қилиш эканлигини англади. Бунга 2017 йилда ФИФА ижроқўми раҳбарлигига Виталий Мутко сайланишига қаршилик қилгани сабаб бўлди. Чунки Мутко Россияда бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаётгани имкон бермасди. Бундан ташқари, у россиялик спортчилар билан юз берган допинг можаросига аралашиб қолганди. Шу боис, Мадуро Муткони сайловга қўймади, Инфантинонинг хуфёна илтимосларини инобатга олмади. Жанни нима қилди? Тўппа-тўғри, Мадурони ФИФАдан четлатди.
Инфантино ўз бошлиғи Платинига чоҳ қазиди
Мадурога бирдамлик белгиси сифатида унинг 3 нафар касбдоши ҳам қўмитани тарк этишди. Европа судининг собиқ раиси Василиос Скурис қўмита раҳбари этиб тайинланди. Немис матбуотининг хабарига кўра, Инфантино қимматбаҳо парвозни Чеферин билан эмас, айнан шу Скурис билан учрашиш учун амалга оширган. Қўмитанинг тергов бўлими тасарруфини у бошқа бир эски таниши - колумбиялик Мария Рохасга топширди. Ҳозир бу икки амалдор Жаннининг ҳар қандай қинғирликларини ёпиш билан бандлар.
ФИФА президенти мақомида Инфантино кўплаб асоссиз парвозларни амалга оширган. Масалан, 2016 йилда у Рим Папаси билан учрашиш учун Ватиканга учганида Алишер Усмановга тегишли хусусий самолётдан фойдаланган. Лекин нима учун россиялик олигарх самолётини танлаганини айтмаган. Этика қўмитасининг судьяси Ханс-Йоахим Эккерт ўз лавозимидан четлатилгач, Қўмита Жаннининг фаолиятидан қоидага зид ҳаракатларни топа олмаяпти. Ўтмишдаги қора доғларини оқлаш учун Инфантино кўп меҳнат қилди. Масалан, махфий ҳужжатлар ва контрактлар билан шуғулланадиган Football Leaks гуруҳи Жанни 2016 йилда, ФИФА президентлигига сайланиши арафасида ижроқўм кенгашининг ҳужжатларини йўқ қилганини аниқлади. Бундан ташқари, гуруҳ унинг 2015 йилдаги шубҳали сафарини ҳам чоп этди. Ўшанда у УЕФА котиби сифатида Нью-Йоркка бориб, ТВ ва маркетинг ҳуқуқларига оид келишувларга имзо чеккан ва Блаттернинг Платинига ажратган 2 млн.ли гонорари ҳужжатларини ёпишга эришганди. Шу тариқа бўлажак президент бир ўқ билан икки рақобатчини сафдан чиқарганди. Бу ишни «босди-босди» қилиш мақсадида Инфантино Швейцария федерал прокурори Михаэль Лаубер билан махфий равишда учрашган.
2020 йилда бу қилмиши учун Жаннига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди. Навбатдаги сайловдан бир ҳафта аввал функционер қисман оқланди. «Иш юритишдаги инсофсизлик ёки фирибгарликка оид гумонлар тасдиқланмади», дейилади федерал прокурорлар Ханс Маурер ва Ульрих Ведерлар баёнотида. Бироқ улар Инфантино ва бошқа хизматчилар хизмат сирини сақлашдаги қонунбузарликлар, ўз мансабини суистеъмол қилиш ва фаворитизм, иғвогарлик бўйича тергов давом этишини билдиришди.
Бош терговчини ишдан четлатишди
Аввалига Инфантинога оид ишни Штефан Кёллер олиб бораётганди. У ФИФАнинг назорат органлари миллий ФФда сайлов нормаларига риоя қилинмаслигига бепарволик билан қарашларини аниқлади. Бироқ Кёллер кўплаб далил-исботларни жамлаган паллада, ўз ваколатини суистеъмол қилганликда айблаб, ишдан четлатишди.
Бунақанги паноҳлар соясида истаган ишини қилиши мумкинлигига амин бўлган Инфантино энди ФИФАнинг даромадларини ошириш йўлида изланмоқда. Ва албатта, ўзини ҳам унутмаяпти - февраль ойида президент Қатар мундиалидан 1,66 млн. евро мукофот пули олгани маълум бўлди. 4 йил аввал у Россияда 840000 еврони «чўнтак» қилганди. Умуман, президент ўтган йили ФИФАда 3,62 млн.га эга бўлди. Яқинда Кёльнда бўлиб ўтган намойишда Инфантино қулоқлари, оғзи ва бошқа аъзоларидан пуллар чиқиб турган ҳолда тасвирлангани бежизмас.
ФИФАда оппозиция ўта ачинарли ҳолатда. ФФлари амалдаги раҳбарларининг кўпчилиги Инфантинога муте бўлиб қолишган, сайловларнинг рақобатчи номзодларсиз ўтаётгани сабаби шунда. Яқин келажакда 2016 йилда ФИФА тасарруфини ўз қўлига олиши керак бўлган УЕФАнинг собиқ раҳбари Мишель Платини коррупцияга оид можарода ноҳақ айбланиб, сайловдан четда қолганди. Инфантино Блаттер ва ўз бошлиғини «чўктириш» учун бор найрангларини ишга солгани ҳақидаги баҳс ҳозир ҳам тўхтаган эмас. Якунда Жанни ҳукмронликни ўз қўлига олди. Бироқ Швейцария суди кечикиб бўлсада, 2022 йилда Блаттер ва Платинининг айбсиз эканликлари хусусида ҳукм чиқарди. Бу эса Мишель тез орада собиқ котибига асл ўрни қаерда эканлигини кўрсатиб қўйиш истагида эканлигини англатади. Бу ёғини вақт кўрсатади.
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789