Мавсумлар оралиғида: Ўртоқлик ўйинлар "авжида"...

Мавсумлар оралиғида: Ўртоқлик ўйинлар "авжида"...

Туркиянинг Анталия шаҳрида шуғулланаётган «Пахтакор» 16 январь куни биринчи назорат ўйинида майдонга тушди.

Украинанинг «Днепр-1» жамоасига қарши кечган «ўртоқлик» рақибнинг йирик - 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Максим Шацких шу куни аралаш таркибни синаб кўрганини ҳам айтиш жоиз. 

«Пахтакор» - «Днепр-1» (Украина) - 0:3

«Пахтакор»: Элдор Суюнов, Кирилл Тодоров, Достон Турсунов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Фаррух Сайфиев, Гиорги Папава, Сардор Собирхўжаев, Шаҳзод Раҳматуллаев, Шаҳриёр Жабборов, Азиз Турғунбоев, Пшемислав Банашак.

Захирадан майдонга тушганлар: Санжар Қувватов, Рустам Турдимуродов, Суннатилло Поёнов, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов, Муҳаммадали Ўринбоев, Аббос Файзуллаев, Диёр Холматов, Драган Черан.

«Днепр-1» (бошланғич таркиб): Орест Костик, Владимир Адамюк, Эдуард Сарапий, Габриэль Гомес, Евген Пасич, Вячеслав Танковский, Валентин Рубчинский, Владимир Танчик, Егор Клименчук, Алексей Гуцуляк, Артём Довбик.

 

«НАВБАҲОР»

Тасдиқланмаган хабарларга қараганда, «Навбаҳор» раҳбари Отабек Саматов ўз хоҳиши билан ишдан кетиш ниятида. Бу ҳақда sports.uz сайти хабар берди. «Дарҳақиқат, Саматов кетиш борасида ариза ёзган ва ҳокимга топширган. Унга вилоят раҳбари имзо чекиш ёки чекмаслиги вазиятга сўнгги нуқтани қўяди. Тўғриси, Саматовнинг кетиши «лочинлар»га таъсир кўрсатмай қолмаслиги аниқ. Унинг кетмоқчи эканлиги футболга умуман алоқаси йўқ воқеалар билан боғлиқлиги ачинарли ҳол. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз. Тез орада бу масала ҳал бўлади», - дея ёзди сайт журналисти Яҳёхўжа Улуғхўжаев «Телеграм»даги саҳифасида.

 

«ҚИЗИЛҚУМ»

Янги мавсумга жиддий ҳозирланаётган Навоий клуби бирин-кетин янги трансферларни эълор қилмоқда. Жумладан, аввалги мавсум Самарқанд «Динамо»си шарафини ҳимоя қилган истеъдодли ярим ҳимоячи Ойбек Нурматов 1 йиллик шартнома асосида расман «Қизилқум» сафига қўшилди. У ўтган мавсум 24та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол ва 2та самарали узатма қайд этганди. Шунингдек, ортда қолган мавсум «Сурхон»да ўйнаб, Суперлига-2022нинг энг чиройли голига аталган совринга эга чиққан ярим ҳимоячи Ислом Тошпўлатов ҳам Асрор Алиқулов жамоаси билан битим расмийлаштирди. Маълумот учун, бу футболчи 2022 йилги мавсум 18та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урганди. Аввалги мавсум «Қўқон-1912» сафида тўп сурган ҳимоячи Илҳом Ваҳобов (мавсум-2022да 17та ўйин ва 1та гол) олдинроқ «Қизилқум» билан 1 йиллик шартнома тузганди.

 

«БУНЁДКОР»

БААнинг Абу-Даби шаҳрига бош мураббийсиз йўл олган «Бунёдкор» душанба куни йиғиндан ўрин олган биринчи назорат ўйинида маҳаллий «Ал-Ваҳда» клуби билан куч синашди. Айни пайт БАА элит лигаси турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турган рақиб учрашувда жанговар таркибга таянди. Муҳими, «Бунёдкор»нинг асосан академия тарбияланувчиларидан иборат ёш таркиби ўйинда рақибга жиддий қаршилик кўрсатди. Ўйин тақдирини ҳал қилган ягона гол 67-дақиқада «Ал-Ваҳда»нинг аргентиналик ярим ҳимоячиси Фокундо Крузски томонидан урилди. «Қалдирғочлар» ҳам «Ал-Ваҳда» жарима майдони яқинида бир қатор вазиятларни юзага келтиришди, аммо улардан фойдаланолмаслик панд берди.

«Ал-Ваҳда» (БАА) - «Бунёдкор» - 1:0 (0:0)

Гол: Фокундо Крузски (67).

 «Ал-Ваҳда» (бошланғич таркиб): Муҳаммад ал Шамсий, Лукас Пеминта, Фарис Жума, Абдуллоҳ ал Ҳарбий, Рубин Филипп, Аллан, Абдуллоҳ Ҳамад, Адриан Сильва, Таҳнон ал Заабий, Хуан Лука, Педро.

«Бунёдкор»: Суҳроб Султонов (Муҳаммадюсуф Собиров), Музаффар Олимжонов (Фарҳод Ўткиров; Умид Султонов), Авазбек Ўлмасалиев (Абдуллоҳ Омоналиев), Жасур Ёқубов (Муҳаммадодил Қаҳрамонов), Даврон Эргашев (Александр Зевадинов), Диёр Жалолиддинов (Наримон Аҳмаджонов), Акбар Исматуллаев (Азиз Тўлқинбеков; Муҳаммадайюб Омонов), Суҳроб Иззатов (Муҳаммадсафо Фозилов), Расул Йўлдошов (Оллоберган Каримов; Билол Туплиев), Игорь Иванович (Шерзод Мирзажонов), Жасур Ҳакимов (Усмонали Исмоналиев).

Дарвоқе, «Бунёдкор»га янги бош директор тайинланди - «Насаф» стадиони собиқ раҳбари Шерзод Ҳақбердиев. У яқинда истеъфога чиққан Азиз Ҳайдаров ўрнини эгаллади. Клуб хабарида айтилишича, «Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси» раҳбари лавозимида ишлаб келган мутахассис худди Азиз Ҳайдаров каби директор вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида тайинланди. Эслатма, «Насаф»нинг уй аренаси - «Марказий» стадионида директор бўлиб ишлаган Шерзод Ҳақбердиев «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти қарорига кўра, 2022 йилнинг август ойидан буён «Бунёдкор»га ўтганди. 
***
Абу Дабидаги йиғин доирасида Тошкентнинг "Бунёдкор" ва Москванинг "Локомотив" клубида ўзаро беллашди.Учрашувда жамоалар муроса кўчасини танлашди. Москвалик "темирйўлчилар" таркибида Иван Игнатеев ҳисобни очган бўлса, "қалдирғочлар"дан Игорь Иванович бунга жавоб қайтарди. Шу тариқа, учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Назорат учрашуви
"ЛОКОМОТИВ" (Россия) - "БУНЁДКОР" - 1:1
Голлар: Иван Игнатеев, 11 - 1:0. Игорь Иванович, 44 - 1:1.
“БУНЁДКОР”: 32. Суҳробжон Султонов, 4. Давронжон Эргашев (сардор), 5. Жасур Ёқубов, 6. Авазбек Ўлмасалиев, 7. Акбар Исматуллаев, 10. Расул Йўлдошев, 15. Жасур Ҳакимов, 17. Игор Иванович, 18. Наримон Аҳмаджонов, 29. Музаффар Олимжонов, 34. Суҳроб Иззатов
Захирадан майдонга тушган футболчилар: Абдуллоҳ Омоналиев, Фарҳод Ўткиров, Оллоберган Каримов, Муҳаммад Сафо Фозилов, Диёр Жалолиддинов, Умид Султонов, Александр Зевадинов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов.

 

«МЕТАЛЛУРГ»

Асли беларуслик, яқинда Ўзбекис­тон фуқаролигини қабул қилган Владислав Касминин «Металлург» билан расман шартнома тузди. Мамлакатимизга 2017 йили кирган ва аввалига АГМКда тўп сурган Касминин кейинчалик «Қизилқум» ва «Турон» жамоаларида ўйнади. Ўтган мавсум эса Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоасига кетиб, ОЧЛда иштирок этди. Футболчилик фаолиятини 2006 йили Беларуснинг «Нафтан» жамоасида бошлаган Владислав  «Полоцк» (2010), «Волна» (2011|2012), «Гранит» (2013), «Витебск-2» (2014), «Неман» (2016) клубларида ҳам ўйнаган. Тошкент вилоятида 2 мавсум тўп сургач, (2017-2018) ярим мавсум Қозоғистон чемпионатида ҳам кўриниш берганди. Яъни 2019 йили «Оқжетпес»га йўл олган футболчи мавсумнинг иккинчи даврасидан яна олмалиқликлар таркибига қўшилди. 2018 йили Ўзбекистон кубоги соҳибига ҳам айланди. 2020 йилни Навоий, кейингисини Яйпан жамоасида ўтказган Касмининг Бекободга Душанбе жамоаси орқали келди. У «Истиқлол» билан Тожикистон суперкубогини қўлга киритди, ОЧЛнинг 5та ўйинида майдонга тушиб, 1та гол урди. 33 ёшли марказий ҳимоячи шу йиллар давомида жами 278та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 27 марта ишғол қилди. 

Бекобод жамоаси Касмининдан ташқари, яна 3 нафар легионер ва 2 нафар маҳаллий футболчи билан келишувга эришди. Хорижликларнинг барчаси сербиялик. Иван Йосович — ҳимоячи. 1989 йили туғилган бу футболчи фаолиятининг илк даврида 7 мавсум «Явор» ихтиёрида бўлган. Тўғри, бу орада «Слога», «Раднички» ва «Бачинчи» клубларида ижара муддатини ўтаган. 2015 йилнинг биринчи ярмида «Борац Чачак» шарафини ҳимоя қилган Явор шундан сўнг 2019 йилга қадар «Явор»нинг асосий таркиб ўйинчисига айланади. У «Қўқон-1912»га «Инжия» клубидан келганди. 3 йил мобайнида қўқонликлар таркибида ҳаракатланган Йосович Суперлиганинг 66та ўйинида 8та гол урди ва 16 марта сариқ карточка олди. Филип Стаменкович — ҳимоячи, 24 ёшда, «Вождовац» клуби тарбияланувчиси. Профессионал фаолиятини 2017 йили Белграднинг «Раднички» жамоасида бошлаган. Кейинчалик Враньенинг «Динамо» (2019-2020), Чаетинанинг «Златибор» (2020-2021) ҳамда Москванинг «Велес» (2021-2022) клубларида ўйнаган. Марко Обрадович — ҳужумчи. 2020 йили «Нефтчи» таркибида Про лига тўпурари бўлган футболчи фаолияти давомида «Эупен» (Бельгия), «Серан» (Бельгия), «Радник» (Босния), «Актобе» (Қозоғистон), «Енисей» (Россия), «Торпедо-БелАЗ» (Беларус) ва «Оқжетпес» (Қозоғистон) клубларида ҳам ўйнаган. Шунингдекнинг U-16 ва U-17 термаларида тўп сурган ҳужумчи 2010 йили Черногория U-19 жамоасида ҳам ҳаракатланган. «Металлург» билан шартнома тузган маҳаллий футболчиларга келсак, гап 24 ёшли ҳимоячи Абдужалил Маназаров («Сўғдиёна») ва Ўзбекистон U-20 термаси аъзоси, иқтидорли ярим ҳимоячи Риан Исломов («Пахтакор») ҳақида кетмоқда. 

Мураббийлар штабида ҳам янгилик бор: аввалги мавсум «Сурхон»да жисмоний тайёргарликка жавоб берган испаниялик Карлос Хименес Санчес 1 йиллик шартнома асосида Луисма Эрнандес штабига қўшилди. 1982 йили Кастельон шаҳрида туғилган 40 ёшли мутахассис УЕФАнинг Про лицензиясига эга. Мураббийлик фаолиятини 2005 йили «Вильярреал»да бошлаган Карлос Хименес мавсум-2018га қадар шу жамоада ишлаган. Кейинчалик «Сурхон»га келишидан олдин «Ал-Айн» (БАА), «Ал-Оруба» (Уммон) ва «Ал-Салмия» (Қувайт) каби Осиё клубларида фаолият юритган.

 

«АНДИЖОН»

Водийликлар Дукентдаги спорт қароргоҳида ўқув-машғулотларни давом эттирмоқдалар. Мазкур тайёргарлик босқичи доирасида назорат ўйинлари ташкил этиш ҳам режага киритилган. «Андижон» матбуот хизмати хабарига қараганда, жамоа 18 январь (кеча) куни «Чиғатой» спорт базасида «Сўғдиёна» билан куч синашди. Маълумот учун, андижонликлар 8 январь куни «Пахтакор» U-21 жамоасига қарши майдонга тушиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонгандилар.

 

«БУХОРО»

Бухороликлар қисқа таътилдан сўнг жамоа қароргоҳида тўпланиб, яна маш­ғулотларга киришишди. «Бухоро» йиғинига икки ҳимоячи қўшилди - Ихтиёр Тошпўлатов ва Фаррух Иброҳимов. Ҳар икки футболчи ўтган мавсум «Металлург»да ўйнаганди. Тошпўлатов жами 24та учрашувда майдонга тушган бўлса, Иброҳимов 28та баҳсда 2та гол урганди. Жамоанинг илк машғулоти сунъий қопламали майдонда олиб борилди.

 

«ЛОКОМОТИВ»

Ҳужумчи Мўмин Мелиев «темир­йўлчилар» билан хайрлашди. 25 ёшли футболчи фаолиятини Суперлига клубларидан бирида давом эттириш ниятида. Маълумот учун, Мелиев ўтган мавсум «Локо» либосида 29 марта майдонга тушиб, 2та гол ва 1та самарали узатма муаллифига айланган эди. У фаолияти мобайнида «Сўғдиёна», «Машъал» ва «Қўқон-1912» клубларида ҳам тўп тепган.

 

«ДИНАМО»

Янги мавсумга Тошкентда тайёргарлик кўраётган «Динамо»нинг назорат ўйинлари рўйхатида ўзгариш кузатилди. Ҳаво ҳароратининг аномал пасайиши ва майдонларнинг қор билан қоплангани туфайли «Бухоро», «Бунёдкор» ва «Сўғдиёна»га қарши ўйинлар бекор қилинди. Боз устига, Суперлиганинг аксарият клублари хорижга жўнаб кетди. Шунинг учун Вадим Абрамова ўз жамоасини «Локомотив» ва «Бунёдкор» ёшларига қарши ўйинларда синаб кўрди. Дастлаб Садриддин Абдуллаев бошқарувидаги ёш «темирйўлчилар»ни мағлубиятга учратган «Динамо» ке­йин Анвар Раҳимов устозлигидаги ёш «қалдирғочлар»дан ҳам устун келди. Жамоа йиғинида Равшан Ягудин, Жамшид Ҳасанов, Баҳодир Насимов, Францис Нарх, Икром Эркинов, Комил Шарофутдинов, Мироншоҳ Сатторов, Жасур Қурбонов, Ҳазрат Турсунқулов, Владислав Нуриев, Валерий Акопов, Хуршид Убайдуллаев ва Баҳодир Абдувалиев каби футболчилар қатнашишмоқда. Кўрик учун келган африкалик Дэвид Бакерага эса жавоб берилди. Сербиялик ҳимоячи Йован Пажарин ҳамон кўрикда.

«Динамо» - «Локомотив» (ёшлар) - 5:1

Голлар: Баҳодир Насимов, Владислав Нуриев, Валерий Акопов, Дэвид Бакера, Ҳазрат Турсунқулов.

«Динамо»: Фарҳод Раҳматов, Йован Пажарин, Хуршид Убайдуллаев, Бобур Мамадаминов, Жасур Қурбонов, Ҳазрат Турсунқулов, Икром Эркинов, Жамшид Ҳасанов, Валерий Акопов, Дэвид Бакера, Владислав Нуриев.

Захирадан майдонга тушганлар: Равшан Ягудин, Баҳодир Насимов, Комил Шарофутдинов, Меҳриддин Мусурмонов, Жавлон Маликов, Акмал Козимов, Баҳодир Абдувалиев.

«Динамо» - «Бунёдкор» (ёшлар) - 2:0

Голлар: Йован Пажарин, Мироншоҳ Сатторов.

«Динамо»: Фарҳод Раҳматов, Комил Шарофутдинов, Эркин Бойдуллаев, Йован Пажарин, Бобур Мамадаминов, Абдужамол Исроилов, Жасур Қурбонов, Акмал Козимов, Францис Нарх, Баҳодир Насимов, Владислав Нуриев.

Захирадан майдонга тушганлар: Равшан Ягудин, Хуршид Убайдуллаев, Воҳид Оқбўтаев, Валерий Акопов, Ҳазрат Турсунқулов, Меҳриддин Мусурмонов, Икром Эркинов, Баҳодир Абдувалиев, Мироншоҳ Сатторов, Элгужа Григалашвили.

Клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди