Мураббийлар: «Уч шерлар»да янги мураббий

Мураббийлар: «Уч шерлар»да янги мураббий

Англия терма жамоасининг мутасаддилари бош мураббий вазифасини кузда ким адо этиши хусусида бир қарорга келдилар.

ЕМК турнирида терма жамоа вақтинчалик бош мураббий Ли Карсли бошчилигида стартга чиқади.

Ли Карсли - Англия-U21 терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, ёшлар Евросининг 2023 йилдаги ғолиби

Инглизлар асосий жамоага жиддий синовдан ўтган ёшлар мураббийини жалб этиш усулидан воз кечишни истамадилар. Шу усулни қўллаган испанияликлар Луис де ла Фуэнте билан максимал муваффақиятга эришдилар. Аввалроқ англияликлар ҳам Гарет Саутгейтни 21 ёшлилар терма жамоасидан бош жамоага вақтинча олиб келишган, кейин доимий мураббий этиб тайинлашганди.

50 ёшли Карсли 2012 йилдан бери мураббийлик соҳасида - «Ковентри», «Шеффилд Юнайтед», «Брентфорд», «Бирмингем» клублари ва «Манчестер Сити» академиясида фаолият олиб борган. Мутахассис барча клубларда мураббийлар штабида ёки бош мураббий лавозимида ишлаган. 21 ёшлилар термасига эса 2018 йилда ассистент лавозимида келиб, 2020 йилда бош мураббийлик вазифасини ўз зиммасига олганди.

Мураббийликдаги дастлабки йирик муваффақиятини Карсли яқинда қўлга киритди. 2021 йилда у 21 ёшлилар бош мураббийига айланган бўлса, 2023 йилда шу жамоа билан Европа чемпионатида ғалаба қозонди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ёш тоифасида инглизлар 1984 йилдан бери ғолибликка эриша олмаган эдилар. Зафарли турнирда жамоа Германия (2:0) ва Португалия (1:0) терма жамоалари қаршилигини синдириб, ҳал қилувчи баҳсда Испанияни (1:0) маҳв этганди. Қисқаси, англияликлар турнирни ўз дарвозаларидан бирорта гол ўтказмаган ҳолда якунладилар. Ўша жамоада муваффақият қозонган Коул Палмер, Энтони Гордон, Нони Мадуэке, Харви Эллиот, Леви Колуэлл, Кертис Жонс, Жарред Брантуэйт каби иқтидорлар энди асосий жамоадан жой олишга даъвогарлик қилишмоқда.

«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Харви Эллиот яқинда Карслини Саутгейт ўрнига муносиб номзод сифатида эътироф этганди: «Ли - ақл бовар қилмас даражадаги малакали мураббий ва ўта ажойиб инсон. У бош мураббий лавозимига тайёр. Карслига жуда кўп клублар қизиқаётганлигини яхши биламан. Бу унинг хизматларига берилган баҳо. Доимо терма жамоа либосида майдонга тушганда, эркинлик ва мураббий ишончини ҳис этаман. У бизнинг футболдан лаззат олишимизни истайди. Назаримда, Ли юксак лавозимга тайёр. Бироқ бу масалани футбол ассоциацияси ҳал қилади».

АФАдагилар ҳам Карсли номзодини тасдиқладилар. Янги бош мураббийнинг дебюти 7 сентябрда, ЕМЛ турнирининг Ирландияга қарши учрашувида бўлади. Буни қарангки, Карсли бир пайтлар 10 йил футболчи сифатида шу жамоа шарафини ҳимоя қилганди. Ҳа, у Англияда дунёга келган ва фаолиятини ўтказган, лекин бувиси ирландиялик бўлгани сабабли, шу терма жамоада ўйнаш имкониятига эга бўлганди.

Параллел равишда инглизлар Тухель, Почеттино, Поттер ва Хау вариантларини кўриб чиқмоқда, Руни эса Гвардиола тарафдори

АФА Карслини сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Ирландия ва Финляндияга қарши ўйинларга, ишлар талаб даражасида юришиб кетса, куз фасли охиригача таклиф этган, ҳозирча доимий мураббийни изламоқда.

Ли ўзи учун ажратилган ролга рози: «Англия терма жамоасини вақтинча бошқариш мен учун катта шараф. Ўйинчилар ва терма жамоалар футболидан яхши хабардорлигим сабабли, ФА янги мураббийни излаётган паллада тайинлов муайян маънога эга. Менинг асосий мақсадим - кетма-кетликни таъминлаш, ЕМЛда ғолиб чиқиш».

Агар Карслини олиб қолишмаса, янги мураббий ким бўлади? Ўтган ҳафтада АФАнинг бош директори Марк Буллингем 9 нафар бошқарув аъзоларига хорижий мураббий номзодини кўриб чиқишларини сўраб, мурожаат қилди. Бошқарув аъзолари масалани овозга қўймаган бўлсаларда, мурожаатни маъқулладилар.

Асосий номзодлар - Маурисио Почеттино ва Томас Тухель. Бироқ бу вариантларда иш ҳақи масаласи тўсқинлик қилиши мумкин. Англиялик мураббийлар орасида Эдди Хау ва Грэм Поттер номзодларига қизиқиш кучлироқ. Поттер октябрь ойига қадар ишсиз ўтириши ҳеч гапмас. Чунки «Челси» ҳамон унга шартномада қайд этилган 200 минг фунтни қуртдек санаб бермоқда. Таққослаш учун: Гарет Саутгейт терма жамоада 100 минг фунтга яқин ҳафталик олар ва терма жамоалардаги касбдошлари орасида энг кўп иш ҳақи оладиган мутахассис эди.

Шунингдек, инглизларда яна бир вариант - орзу ҳам бор. Бу - яқинда касбдошларимиз саволларига жавоб берган, 2025 йилда «Манчестер Сити»даги шартномаси ниҳоясига етадиган Хосеп Гвардиола. Каталониялик мутахассис анчайин мужмал жавоб қайтарди: «Мен бу ёруғ оламда нима қилишимни аниқлаб олишим лозим. Шу ерда ишлашни, танаффус олишни ёки терма жамоани бошқаришни танлашим мумкин. Ҳозир «Сити»даман ва турнирлардаги иштирокимдан хулоса чиқарганда, куч-қувватим талаб даражасида. Хуллас, мавсумни сабрсизлик билан кутяпман».

Уэйн Руни айнан Гвардиолани кутмоқда. Лекин Карсли Саутгейт ишини давом эттириши мумкинлигини ҳам инкор этмади: «Очиғини айт­ганда, Пепни кўришни истайман. Ўйлашимча, Англия энг яхши мураббийни танлаши лозим. Пеп эса шу пайт­гача барча жамоаларни яхши бошқарган ва муваффақиятларга эришган малакали мутахассис. Бироқ Ли Карсли ҳақли равишда вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди. У билан «Эвертон»да тўп сурганман, яхши инсон ва малакали мураббий. Ли худди Гарет каби 21 ёшлилар жамоаси яхши бошқарди. Шундай экан, асосий жамоада ҳам муваффақиятларга эришса, ажабланмайман».

Содиқ СОБИР тайёрлади