НИГОҲ: Пентакампеонлар омадсизлик ботқоғида

НИГОҲ: Пентакампеонлар омадсизлик ботқоғида

5 марта жаҳон футбол тожини қўлга киритган Бразилия терма жамоаси ЖЧ-2026нинг саралаш босқичини талабга жавоб бермайдиган савияда ўтказмоқда.

Ортда қолган 8та учрашувда жамоа 3та ғалаба ва 1та дурангга эришди, қолганларида мағлубиятини тан олди. Хайриятки, Бразилия 8-ўринда эмас, бу ўринни эгаллаган жамоа мундиалдан четда қолади. 5-ўрин соҳиби эса ЖЧнинг тўғридан-тўғри йўлланмасига эга бўлади. Бироқ Жанубий Америкадаги саралашдан ЖЧ-2026да тўп суришга ҳаққи бўлмаган жамоани кўрсатадиган бўлсак, бу Бразилия терма жамоаси. Улар сотқинлар. Бу на мураббий Доривалнинг, на футболчиларнинг иши. Бу футбол учун масъул бўлган барча кишиларнинг қилмишлари.

Амалдорлар ва менежерлар сотқинлар. Улар туғма футболчилар салтанатини бош­қарадилар. Барча омиллар футбол машиналарини яратишга хизмат қилади. Маҳаллий иқлимдан тортиб, ижтимоий хилма-хилликка қадар - Эндрик билан Винисиус футболга сажда қилгувчи қашшоқ оилалар вакиллари. Бразилияликларнинг футболга муносабатлари Европаникидан фарқ қилади. Дейлик, испанлар ёки французлар йирик турнирларда ғолиб чиқсалар, эҳтирослари Бразилияникидек кучли бўлмайди. 

Бу борда уммон орти вакиллари жуда илгарилаб кетишган. Агарда Аргентина ўзининг бош мураббийи Скалонини топган бўлса ва Мессисиз ғалабага элтувчи услубни излаган бўлса, режаси тўлиқ амалга ошмаяпти. Жамоа Колумбиядан енгилди. Бразилия эса чўкмоқда. Парагвайдан қабул қилган мағлубияти сенсация эмас. Бироқ пентакампеонлар камтарин рақибидан пенальтилар сериясида эмас, асосий вақтнинг ўзидаёқ енгилди. Сўнгги 16 йил ичида илк бора. Жамоа «Динамо»дан ўтган Бальбуэне ва «Краснодар»нинг собиқ ўйинчиси Алонсонинг жамоасига тенг кела олмади. Мессининг «Интер Майами»даги жамоадоши Диего Гомес қойилмақом зарбаси билан Алиссонга имкон қолдирмади. Голда «Ливерпуль» посбонининг айби йўқ. Лекин «Ньюкасл»дан келган таянч ярим ҳимоячиси Гимараэсга саволлар бор. Бразилия ҳимоядаги сусткашлиги билан ўз мухлисларини ранжитди. Олдинги чизиқда 3 нафар «Реал» ҳужумчилари тўп суришади, ҳимоя таниқли ўйинчилар зиммасида. Лекин майдон маркази Вендел услубидаги моҳир ўйинчига муҳтож. Параг­вайга қарши баҳсда Бразилия бутун ўйин давомида атиги 3 марта аниқ зарба йўллади. Номдор ўйинчилар бор, афсунгарлар йўқ.

Балки халоскор Неймарни кутишаётгандир? Бироқ вингерда жароҳатлар кўп ва уни қайси позицияга туширишади? Агар Пакета позициясига «ўнлик» мақомида бўлса, ҳужумчилар кўпайиб кетади. Агар Винисиус Эндрик ўрнига «тўққизлик»ка айланса, бу аҳмоқона иш бўлади.

Бразилияликлар аввалдан тахмин қилиш мумкин бўлган услубда ўйнайдиган бўлиб қолдилар. Бу «селесао» учун ҳақоратга тенг. Жамоа буюк анъаналарга хос қудратли, очиқ ва ҳукмронлик қиладиган услубда ўйнамаяпти. Ҳозир у шунчаки, шошқалоқ жамоа.

Бразилиялик 

фанатлар тил бириктириш назариясига, коррупция таъсирига ишонадилар

Мамлакат клубларининг асосий даромади - футболчилар сотувидан келадиган маблағ. Кўпчиликнинг фикрича, терма жамоа агентларнинг ўзаро алоқалари, таниш-билишчилик ва ошна-оғайнигарчилик таъсирида шаклланган. Бироқ бу тахминни инкор этадиган далил ҳам бор. Заявкадан кўпинча энг яхши футболчилар жой оладилар. Тарихий анъаналардан воз кечиш - омадсизликнинг иккинчи сабабчиси. Мухлислар наздида, клублар европалик харидорлар талабига кўра иш юритадилар, болаларнинг ижодкорлик ёндашувига имкон бермайдилар.

Ҳозирги бразилияликлар фақат Винисиус ва Родриголар эмас, улар орасида Антони ва Ришарлисонлар ҳам бор. Улар ўйиндан завқ олишни унутиб қўйишди, содда юришлар кўп, ижодкорлик камайиб кетмоқда.

Шунингдек, ҳозирги авлод футболчилари Роналдо ва Роналдиньолар каби яшашни, кечки базмлардан кейин ғалаба қозонишни билмайдилар. Пато «Милан»га келганида Роналдо унга Playboy журналини кўрсатгани ва безорилар ёки Какага ўхшаган тақводор ўйинчилар йўлини танлаши кераклигини айтганди. Лекин у даврда черковга қатнайдиган футболчилар тунги клуб ишқибозлари билан тинч-тотув ҳаёт кечиришарди. Энди фақат ўзаро эътирозлар, норозиликларни кўриш мумкин.

Бразилияликлар чемпион бўлишни эмас, машҳур бўлишни истайдилар. Бу айни ҳақиқат. «МЮ»даги Антонига бир қаранг, ҳаммасини тушуниб оласиз.

Ҳатто Винисиус ҳам ҳозирча сайёрамизнинг барча ҳудудига танилмаган. Лекин кўпгина можароларнинг «гули» бўлишга улгурди. Энди у «Олтин тўп» даъвогарлари рўйхатида етакчи. Лекин терма жамоалар бўйича, Винисиуснинг Бразилия учун урган голлари Ямалнинг Испанияга ҳадя этган голларидан кам.

Қайта тикланиш учун 

ЖЧ-2026 финали жуда муҳим

Америка Кубоги турниридаги зафарли юриш билан аввалги жанговарликни тиклашга уриниш самара бермади. Қатарда Хорватия туфайли турнирни тарк этиш Бразилиянинг заифлигини тасдиқлади. Жамоа аста-секин чўка бошлаганди, кейин ботқоққа кўникиб қолди. Ҳозирги ҳолат янада ёмон, тикланишга кафолат йўқ.

Аввалги афсоналар ақлли эдилар. Ромарио сенатор бўлди, Роналдо улкан бойлик жамғарди. Бадавлат оиладан чиққан Кака зиёли, Сократес шифокор. Табиийки, улар атрофидаги ўйинчиларнинг ҳаммаси ўткир зеҳнли эмасди. Ҳозир ундан ҳам ёмонроқ. Жамоага Испания термасидаги Родри каби футболчилар керак.

Неймарнинг икки нафар фарзандини икки аёл дунёга келтирган, ўзи казинода қимор ўйнаш билан банд. Шу зайлда ундан фалсафа фанлари доктори чиқиши қийин. Муваффақиятга эришиш учун жамоага нафақат савия, балки етук ақлга эга йигитлар керак.

Бразилияликлар ичкиликка, тунги клубларга ружу қўйишган. Пеле ва Гарринча Швецияда «ҳунар» кўрсатишган, Роналдо ва Ромарио доимо тунги клубга чопишган. Ҳатто ўта ақлли Сократес айнан ичкилик туфайли ёруғ дунёни барвақт тарк этган.

Футбол тарихида ҳам футболчи, ҳам мураббий мақомида жаҳон чемпиони бўлиш фақат Загалло ва Беккенбауэрга насиб этган. Доривал ҳам ЖЧ-2026нинг финали ҳақида кўп гапиради. Мураббийнинг фикрича, «селесао» Нью-Жерсидаги стадионда ўйнайди. Биз шубҳаланяпмиз. Европа жамоалари кучлироқлар, Колумбия қизиқарлироқ жамоа. Бьелса маккор Уругвайни шакллантириш билан банд. Аргентина учун унвонни ҳимоя қилиш осон бўлмайди, лекин камдан-кам ўйинларда мағлуб бўлади. Бразилия эса ўта ачинарли омадсизликларни намойиш этишга мажбур бўлди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади