Аморим - 6-қимматбаҳо мураббий!
Португалиялик Рубен Аморим 11 ноябрь куни «МЮ»ни илк марта бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди
Футбол афсонаси Пеле 82 ёшида вафот этди. 2005 йили жаҳонга машҳур FourFourTwo нашри ўқувчилари барча даврларнинг энг яхши футболчиларидан бирига ўзларини қизиқтирган саволларини бериш имконига эга бўлишганди.
Ўшандада Пеле менежмент, мусиқа ва 2006 йилги жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш учун кимга ёрдам бераётгани ҳақида гапиради.
- Тўпга биринчи марта зарба берганингизни эслайсизми?
Сэм Тейлор, Лидс
- Албатта эслайман. Олти ёшда эдим, ўша куни туғилган куним эди. Отам ўша пайтлари Сан-Паулудан унча узоқ бўлмаган Бауру шаҳрида футбол ўйнарди, аммо чарм тўпни олиш жуда қийин эди, чунки у жуда қиммат эди. Туғилган кунимда отамнинг жамоаси ўйинчиларидан бири Соса исмли киши менга чарм тўп совға қилган ва айнан ўшанда илк марта ҳақиқий тўпга эришгандим. Унгача эса биз қоғоз ёки грейпфурт билан тўлдирилган «пайпоқ-тўп»лардан фойдаланардик. Бу бошқа вақт эди. Бугун сизда чарм, пластик, ҳар хил тўплар бор, шундай экан ҳамма ҳақиқий тўп билан ўйнаши мумкин. Эсимда, кейинроқ 12 ёки 13 ёшимда машғулотларга борардик ва машғулот охирида футболчилар баъзан тўпни узоққа тепиб юборишарди. Бунга сабаб сотиб олишга пули йўқ бошқа болалар тўпли бўлишини хоҳлашарди.
- Асл исмингиз Эдсон Арантес до Насcименто. Пеле деб қисқартирилишига дастхат қўйиш учун вақтни тежаш сабабми?
Дэвид Блэкберн, электрон почта орқали
- Йўқ, йўқ, агар исм-шарифимни тўлиқ ёзишим керак бўлса ҳам, бир кун вақтим кетарди. Сан-Паулудаги ўрта мактаб давримдан бери Пеле менинг тахаллусим бўлиб келган, нима учунлигини эса билмайман. Болалар мени шундай чақира бошладилар ва менинг жаҳлим чиқди, улар билан ҳатто уришардим. Беш ёшда эдим ва хафа бўлдим. Нега мени Пеле деб чақиришганини тушунмадим. «Менинг исмим Эдсон», дедим - отам ўша пайтда катта ном бўлган (америкалик ихтирочи) Томас Эдисон туфайли менга бу исмни қўйган. Шунинг учун болалар билан жанжаллашиб қолдим ва менимча, исмим шунинг учун қолди, чунки ўшанда улар мени безовта қилиш учун атайлаб шундай чақиришган: «Ҳей, Пеле! Пеле! (Кулади) Лекин ҳозир менимча, бу яхши бўлди, чунки бу оддий исм - тўртта ҳарф - ва бутун дунё буни тан олди. Менимча, бу Худонинг фикри эди.
- Бир дўстим велосипед зарбасини сиз ихтиро қилмаганингизни айтди. Шу тўғрими?
Стив Бреннан, электрон почта орқали
- Ҳа. Мендан анча олдин Бразилияда Леонидас деган футболчи бўлган. У ҳужумчи эди, мен каби ўйнарди ва биринчи бўлиб «велосипед»дан айнан у фойдаланган. Ёшлигимда буни қилишга ҳаракат қилдим, машқ қилдим ва яхши натижаларга эришдим. Бразилияда кичкиналигимда ҳамма болалар буни синаб кўришарди.
- Фаолиятингиздаги энг паст нуқта қайси эди?
Жонатан Симпсон, электрон почта орқали
- Менда жуда кўп яхши дамлар бўлган, шунинг учун бу саволга жавоб топиш қийин... (узоқ пауза қилади) 1966 йилда Португалияга қарши ўйиндаги жароҳат ҳақида айтишим керак. Биз 1958 ва 1962 йилларда жаҳон чемпионлигини қўлга киритдик, 1966 йилда эса жуда яхши жамоамиз бор эди. Барча футболчилар ғалаба қозонишимиз мумкин деб ўйлашган, шунинг учун мен жароҳат олганимда ва Бразилия жаҳон чемпионатида мағлуб бўлганида, мен жуда заиф эдим. Ўшанда ўйнашни тўхтатаман деб ўйлагандим, қаттиқ тушкунликда эдим. Икки йилдан сўнг, «Сантос»да ўйнаб, машғулотларни бошладим. Кейин ўзимга айтдим: майли, ЖЧ-70да ўйнайман ва маълум бўлишича, ЖЧ-70 - энг яхши жаҳон чемпионати экан. Шундай қилиб, ЖЧ-66 оғир эди, лекин хайриятки, мен қайтиш имкониятига эга бўлдим. Ва мен нафақага энг яхши тарзда чиқдим.
- Европага кўчмаганингиздан афсусланганмисиз? Умуман таклиф бўлганми?
Лиам Пикеринг, Бирмингем
- Менга Европага бориш таклифлари кўп бўлган, аммо «Сантос»да ҳаммаси яхши эди. Ўша кунларнинг фарқи шундаки, улар таклиф қилган пул рад этиш учун етарли эмас эди. Фаолиятим давомида «Реал Мадрид» ажойиб таклиф билан чиқди ва «Ювентус»дан Аньелли (Жиованни) шартнома имзолаш эвазига менга «Фиат»дан улуш бермоқчи бўлди - «Фиат» Бразилияда завод очди ва улар мендан уни илгари суриш учун фойдаланмоқчи бўлишганди.
Ўша пайтга келиб уч ёки тўрт нафар футболчи Европага кетганди - масалан, Альтафини («Палмейрас»дан «Милан»га) ва Хулиньо Ботельо («Палмейрас»дан «Фиорентина»га), кейин Диди ва Вава - лекин «Сантос»даги ҳаётим идеал эди. Ўзгартириш қилишни истамадим. Бу кулгили, чунки мен ҳозир бразилиялик футболчиларни мазах қиляпман. Уларнинг либосидаги нишонни ўпиб, «Мен «Манчестер»ни яхши кўраман, уни яхши кўраман» дейишаётганини кўраман. Кейинги йил бошқа жойга кўчиб: «Мен «Рома»ни яхши кўраман, мен уни севаман», дейишади. Улар клубни ёқтирмайди, пулни яхши кўради, шунинг учун кўчаверишади. Бу нормал ҳолат, лекин бир нуқтада сиз нимани яхши кўришингизни ҳал қилишингиз керак: жамоами ёки пул?
— Кўпчилик «Ғалабага қочиш» фильмидаги ролингизни «Энг яхши эркак роли» йўналишида «Оскар»га лойиқ деб ҳисоблайди. Номзод бўлмаганингиздан ҳайрон бўлдингизми?
Ж.Терролл, Рединг
- (Кулади) Айтганимдек, яхши мураббий бўлса, яхши ўйнайди, менинг мураббийим эса Жон Хьюстон эди. Аммо «Оскар»ни қўлга киритишимизни кутмагандик! Бу шунчаки ажойиб ҳаракат эди.
- Сизга қарши ўйнаган энг яхши ҳимоячи ким эди?
Мэнди Хук, электрон почта орқали
- Биттасини ажратиб кўрсата олмайман. Кўряпсизми, ким билан ўйнамайлик, менга қарши доим энг яхши ҳимоячи бўлган. Германияга қарши ўйнаганимда, мени Беккенбауэр тутишга чоғланарди. Беккенбауэр фантастик ҳимоячи, жуда ақлли, уни мағлуб этиш қийин эди. Англияга қарши Боб бор эди. Боб Мур ажойиб эди. Менимча, Боб энг зўри эди.
- Сизнингча, барча даврларнинг энг зўр футболчиси ким?
Пол Жонс, Кардифф
- Барча даврларнингми? (Ажаблангандек қараб туриб) Пеле. Шубҳасиз. Мен унга қойил қоламан, унга қойил қоламан.
- Матбуотда сизнинг Марадона билан муносабатингиз жуда аянчли кўринади. Юзма-юз учрашганингизда қандай муносабатда бўласиз?
Алан Смити, электрон почта орқали
- Бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Бу шунчаки газеталар. Ўтган йили унинг хайрлашув учрашувида бўлганман. Унга катта зиёфат уюштиришди ва мен у ерда эдим. Муаммо шундаки, Марадона гапиришни яхши кўради ва баъзида газеталар уни туртиб қўйишади, кейин у нимадир айтади, лекин мен у билан ҳеч қачон муаммога дуч келмаганман. Биз дўст эмасмиз, лекин мен у билан октябрь ойида бирга эдим. Ҳақиқат шуки, унга ачинаман. У ажойиб ўйинчи эди, лекин гиёҳванд моддалар туфайли адашиб қолди. Умид қиламанки, энди тузалиб кетади, нормал ҳаёт кечиради. Мен шу учун ибодат қиляпман.
- Нега ҳеч қачон футбол бошқаруви билан шуғулланмагансиз?
Сара Фаулер, Манчестер
- Биринчи навбатда, 35 йил ўйнаганим учун. Нафақага чиққанимда, Америка Қўшма Штатларида футболни тарғиб қилиш учун Нью-Йоркка - «Космос»га борганимдан сўнг, мен тўхтаб қолдим ва шундай деб ўйладим: «Мен деярли бутун умрим давомида футбол ўйнаганман». Мураббий бўлсам, менга таклифлар кўп бўлади, лекин бу футболчи бўлишдек бўлади - ҳаёт йўқ - ёки ундан ҳам баттар, чунки мураббийнинг иши ўйинчиникидан ҳам ёмонроқ.
Менга шу пайтгача Бразилия, Европа ва Африка жамоаларидан таклифлар тушар эди, лекин мен ҳеч қачон ФИФА президенти бўлишни истамаганимдек, мураббий бўлишни хоҳламаганман, чунки вақтим бўлмайди.
- Нима деб ўйлайсиз, ЖЧ-2006 финалида ким иштирок этади ва ким ғалаба қозонади?
Тим Крукс, электрон почта орқали
- Аниқ айтиш мумкин эмас. Охирги жаҳон чемпионатига қаранг. Франция ва Аргентина кучли икки жамоа эди: Франция Европа чемпиони, жаҳон чемпиони бўлди, саралашдан осонликча ўтди. Аргентина Жанубий Американинг энг кучли жамоаси эди. Бразилия саралашдан жуда ёмон ўтди, Германия эса деярли чиқиб кетди, аммо финалда биз Германияни Бразилияга қарши кўрдик. Шунинг учун фаворитларни танлаш қийин, чунки саралашда ким яхшироқ эканлиги ҳақида эмас. Бугунги кунда Бразилия энг яхши жамоа. Биз жаҳон чемпионатида осонликча ғалаба қозона оладиган иккита жамоани майдонга туширишимиз мумкин, бизда ҳар бир позиция учун Европанинг энг яхши жамоасига айланадиган икки ёки учта ўйинчи бор. Европа жамоаларидан Англия ва Италиянинг финалга чиқиш имконияти яхши деб ўйлайман. Аммо жаҳон чемпионати жуда оғир. Бразилия биринчи марта ЖЧда мағлуб бўлган (1950), улар турнирнинг энг яхши жамоаси эди, улар ўз уйларида бўлишди ва финалга чиқдилар, лекин Уругвайга мағлуб бўлишди. Шунинг учун мен фаворитларни танламоқчи эмасман.
FourFourTwo журналининг 2005 йил август сонидан.
АЙТГАНЧА... ҲАММАСИ ВАСИЯТ БЎЙИЧА...
Афсонавий футболчини 2 январь кунги сўнгги манзилга кузатиш маросими «Сантос» стадионида ўтказилди. Маросимда ФИФА президенти Жанни Инфантино, Бразилия футбол конфедерацияси раҳбари Эдналдо Родригес ва КОНМЕБОЛ президенти Алехандро Домингес Уилсон-Смит ҳам иштирок этишди. Футбол қироли ўзи васият қилганидек халқ билан ўз уйи саналмиш «Вила Белмиро» стадионида хайрлашди. Маросим 24 соат давом этиб, шундан кейин Пеленинг тобути Сантос кўчалари бўйлаб «қирол»нинг 100 ёшли онаси яшайдиган уйига олиб борилди. Дафн маросимида фақатгина унинг оила аъзолари қатнашишди.
БУТУН ДУНЁДА «ПЕЛЕ» СТАДИОНИ...
ФИФА раҳбари Жанни Инфантино тез орада ташкилотга аъзо барча мамлакат федерацияларига мурожаат билан чиқишини билдирди: «Ҳар бир мамлакатдан стадионларидан бирини Пеле шарафига номлашни сўраб, мурожаат йўлламоқчимиз».
ЎЗИ БУНИ ИСТАМАГАН...
«Сантос» клуби жамоада 19 йил ҳаракат қилган собиқ ҳужумчиси Пеле хотирасига 10-рақамни абадийлаштирмайди. Бу ҳақда Бразилия клуби президенти Андрес Руэда маълум қилди. Якуний қарорни қабул қилишда марҳум футболчининг интервьюси ҳал қилувчи роль ўйнади. «10-рақамни қолдирганингиз маъқул, чунки шу ҳолда одамлар мени ҳеч қачон унутишмайди», — деган Пеле.
Манба: Fourfourtwo.com,
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Португалиялик Рубен Аморим 11 ноябрь куни «МЮ»ни илк марта бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди
«Эль-Гладиадор» лақаби билан танилган Саломон Рондон Венесуэла миллий жамоаси билан ЖЧ-2026 саралашидан муваффақиятни ўтиб, мамлакат футболи тарихига киришдан умидвор
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789