Саломон Рондон: "ЖЧ чиптаси - катта натижа, шубҳасиз"

Саломон Рондон: "ЖЧ чиптаси - катта натижа, шубҳасиз"

«Эль-Гладиадор» лақаби билан танилган Саломон Рондон Венесуэла миллий жамоаси билан ЖЧ-2026 саралашидан муваффақиятни ўтиб, мамлакат футболи тарихига киришдан умидвор

35 ёшли толмас ҳужумчи айни пайт 43та голи билан La Vinotinto(Венесуэла термаси лақаби) ҳаётидаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди. У жумладан, ЖЧ учун квалификацион ўйинларда рақиблар дарвозасини 13 марта нишонга олган (буниси ҳам Венесуэла футболида энг юқори натижа). Венесуэлаликлар 15 октябрь куни Бразилия миллий жамоа­сини қабул қилишди. Мамлакат футболининг афсонавий ҳужумчиси шу мураккаб ва муҳим ўйин олдидан ФИФА расмий сайтининг интервью бўйича сўровини рад этгани йўқ. Рондон суҳбат давомида бу сафар жамоа­си билан жаҳон футбол форумига йўл олишга жиддий бел боғлаганини дангал тилга олди. Бинобарин, Жанубий Америкадаги саралаш гуруҳида 10та иштирокчи орасида 7-ўринни банд этган жамоада ҳам ҳар тўрт йилликнинг асосий мусобақасига йўлланма олиш имконияти сақланиб қолади. 

- Венесуэла миллий термаси ўз тарихида илк марта ЖЧга чиқиш учун чинакамига курашаётган паллада жамоа етакчиси сифатида қандай ҳис-туйғуларга эгасиз?

- Албатта, жаҳон чемпионатига йўл очиш барчамиз учун азалий орзу саналади. Жумладан, ўтмишда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган фахрийлар ҳам биздан мундиал чиптасини кутишмоқда. Ўйлайманки, жаҳон аренасига чиқишимиз келажак авлодга ҳам яхшигина туртки беради. Шунинг учун терма жамоамиз ЖЧда илк марта қатнашишини таъминлаш йўлида боримизни беришимиз шарт. Ҳа, олдин ҳам жамоамиз саралаш босқичида яхши натижаларга эришган, баъзан мундиалга жуда яқин келган, аммо ҳалигача маррага етолмаганмиз. Менимча, дунёдаги энг мураккаб квалификацион гуруҳ КОНМЕБОЛ ҳудудида. Босим жуда баланд, шунга қарамай, ниҳоят, муваффақият қозонишимизга ишоняпман. Йигитларимиз азалий орзудан оғишмаса, бас. Ҳозир чиндан ҳам, кучли ҳаяжондамиз, зеро, ЖЧ-2026 чиптасини қўлга киритиш учун реал имкониятга эгамиз.

- Ёшларга намуна ва чин етакчи сифатида зиммангизга катта масъулият олгансиз. Бу ғалабалардан завқланишни чеклаб қўймаяптими?

- Маълум вақтдан буён терма жамоа сафида энг кўп ўйнаган фахрий футболчилардан бириман. Ҳа, масъулият катта, лекин яхши лаҳзалардан борича роҳатланишга ўрганганман. Бундай ёшда футболда сиз учун вақт жуда оз қолганини табиий равишда тушунасиз ва ҳар бир ёқимли лаҳзани бошқача қадрлайсиз ўз-ўзидан. Вақт ҳеч кимни кутиб турмаслигини эса тўғри қабул қилиш муҳим. Акс ҳолда, руҳий танг­лик сизни қийин аҳволга солиб қўйиши ҳеч гап эмас. Тўғри, ўйинларда катта масъулият юки яққол сезилиб туради. Дейлик, ёшлар олдида тўпни йўқотиш ёки қандайдир хато қилишга умуман ҳаққингиз йўқ. Айниқса, Жанубий Америка ҳудудидаги саралаш кампанияси жуда шафқатсиз. Кичик бир хато ҳам қимматга тушади. Хайриятки, ўйинлар орасида бироз чалғиш имкони бор, аммо машғулотлар ҳар доим қизғин. Бу жараёнга шунчаки, мослашишингиз керак, акс ҳолда, издан чиқиб кетасиз. Муҳими, шундай мураккабликлар аро тажриба тўплаш баробарида ғалабалардан завқланишни ўрганасиз. Лекин ҳамиша тезда эътиборни кейинги ўйинларга қаратиш талаб этилади, чунки гуруҳ тақвими жуда тиғиз.

- Хуан Аранго, Хорхе Альберто Рохас ва Луис Валленилья - булар ҳеч қачон жаҳон чемпионатини кўрмаган мамлакат қаҳрамонлари. Шундай экан, сизларда мундиал чиптасини ютиб, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш имкони ҳам бор.

- Қайтараман, нафақат ўзимиз, балки биздан олдин ўйнаганлар ва келажак авлод учун ҳам Венесуэла термасини жаҳон чемпионатига олиб чиқишимиз даркорлигини яхши англаб турибмиз. Ҳа, Венесуэла тарихида катта обрў орттирган чин афсонавий футболчилар бор. Бир томондан, мамлакатимиз юлдузларининг саъй-ҳаракатлари шу вақтга қадар ҳамма кутган натижа келтирмаганидан афсусланиш мумкин. Лекин ҳозир буларни ўйлаб, сиқилиб ўтиришдан заррача наф йўқ. Яхшиси, маррадан кўз узмасдан олға боришга интилиш керак. Хуллас, ЖЧ йўлланмаси - биз учун энг катта амбициялардан бири. Агар менга мундиалда ўйнаш насиб этса, бу фаолиятим учун торт устига қўйилган олча каби бўларди. Умуман, жаҳон чемпионатига чиқиш ва  финал раундида дунёнинг энг кучли миллий жамоаларига қарши майдонга тушиш мамлакатимиз футболи учун мисли кўрилмаган ютуқ саналади. Бунга биринчи бўлиб эришган футболчилар эса хотираларда узоқ яшашади, шубҳасиз.

- Саралаш босқичи якунига қадар 8та тур қолган паллада Венесуэла термаси ЖЧ-2026га тўғридан-тўғри йўлланма берувчи 6-ўриндаги жамоадан 2 очко ортда қолмоқда. Воқеалар ривожини қандай тасаввур қиляпсиз?

- Ҳа, ихтиёримизда ҳали яна 8та ўйин бор. Ҳозирги ҳолат бўйича қитъалараро «плей-офф» ҳудудига чиқишимизга атиги 1 очко етишмаяпти. Муҳими, ҳаммаси олдинда. Ке­йинги икки турда аввалига Бразилия термаси билан ўз уйимизда учрашамиз, кейин Чилига борамиз. Аввало, шу икки учрашувда имкон қадар ижобий натижа қайд этишга эътибор қаратиш зарур. Умуман, ҳар бир ўйинда ғалабани кўзлаш муҳим, чунки жаҳон чемпионатига боришнинг ягона йўли шу. Ҳа, бунга қадар Бразилиядан бебаҳо очко билан қайтдик, аммо агар қолган 8та учрашувнинг 4-5тасида ғалаба қозонмасак, олдинги ўйинлар ва тўпланган очколар миқдори ҳеч нарсани англатмайди. Оддий айтганда, ҳар бир ўйинда максимал очко йўлида жанг қилишимиз ва жадвалда иложи борича юқорига кўтарилишимиз даркор.

- Бразилия термасига қар-ши ўйинни қўшиб ҳисобласак, ўз майдонингларда яна 4та баҳс бор. Жорий саралашга қарасак, «Монументаль де Матурин» стадио­нида ҳали мағлубиятга учрамадинглар. Демак, аренадаги муҳит ҳам сизларга ўзгача қувват бағишламоқда...

- «Монументал»даги атмосферани таърифлашга тил ожиз. Мухлисларимиз бутун саралаш кампанияси давомида бизни чинакамига қўллаб-қувватлаб келдилар - бу чиндан ҳам, жуда муҳим ва таъсирчан. Энди мухлислар ишончини янада мустаҳкамлашимиз шарт. Тўғри, ўз майдонимизда ҳали ютқазмадик ва ягона голни ҳам сўнг­ги учрашувда қўйиб юбордик. Аммо статистикага ёпишиб олиш ярамайди. Қолаверса, уй учрашувлари натижаларининг ўзи билан иш битмайди. Демоқчиманки, сафар баҳсларида ҳам рақобатлашиш даражасини ошириш ва ғалаба қозонишимиз зарур. Ҳозир КОНМЕБОЛ зонасида турли қийинчиликларга юз тутган жамоалар бор ва бундан жо­йида фойдаланиб қолишимиз талаб этилади. Ҳа, ўз майдонимизда қайси рақиблар билан ўйнашдан қатъий назар, 100 фоизлик натижа кўрсатишимиз муҳим, лекин сафар баҳсларини ҳам унутмаслик керак. Боя айтганимдек, жаҳон чемпионатига чиқишнинг ягона йўли бор - ўйинларда имкон қадар кўпроқ ғалаба қозониш. Венесуэлага келадиган ҳар бир жамоани худди Чили термасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратганимиз каби мураккаб ҳолатга солиб қўйиш қўлимиздан келишини биламиз. Шундай муваффақиятлар жамоага руҳий рағбат бериши тайин.

- Умуман, айтинчи, ЖЧда иштирок этиш шахсан ўзингиз учун нимани англатади?

- Шахсий даражада гапирсак, ЖЧда ўйнаш ҳар қандай футболчи учун энг юқори марра ҳисобланади. Венесуэла термасининг тарихда бу турнир юзини ҳали кўрмаганини ҳисобга олсак, чипта мен учун бебаҳо эканлиги тайин.

- Охирги савол: жаҳон чемпионатига дахлдор энг ёқимли хотираларингиз қандай?

- Бразилия термаси ғолиб чиққан ЖЧ-2002 лаҳзалари миямга абадий муҳрланган. Ўшанда айниқса, Роналдо кучли таассурот уйғотганди. «Сўйлоқ»нинг финалда урган 2та голини ҳали ҳам кечагидек эслайман...

------------------------------------------

Изоҳ: Венесуэла - Бразилия ўйини 1:1 ҳисобида якунланди. Саломон Рондон учрашувда 81-дақиқага қадар тўп сурди. Венесуэлаликлар дуранг эвазига очколар сони бўйича 7-ўриндаги Боливия термасига билан тенглашиб олишди. 

Манба: fifa.com, 

МУҲАММАДХОН тайёрлади