Қайноқликнинг энг юқори нуқтаси

Қайноқликнинг энг юқори нуқтаси

Охирги йиллар мухлисларимизда Туркия Суперлигасига нисбатан қизиқиш анча ортгани тайин.

Бинобарин, якунига етган мавсум турк футбол элитасида миллий жамоамизнинг 3 нафар вакили тўп сурди - Отабек Шукуров, Ҳусниддин Алиқулов ва Азиз Турғунбоев. Чемпионат хроникасига қисқача тўхталсак, «Фенербахче» орада «Галатасарой» майдонида ғалаба қозониб, уни муддатидан олдин олтин медаль ютиш имкониятидан маҳрум этди. Гарчи ўша вақт «Фенер» етакчиликни қўлга олишдан деярли умид узган бўлсада, Туркия Суперлигасидаги кескинлик сўнгги тургача сақланиб қолди. Ҳа, якунда мўъжиза юз бермади: «Фенербахче»нинг шўрлик «Истанбул­спор» дарвозасига урган 6та жавобсиз голи ҳам вазиятни ўзгартиргани йўқ. Чунки «Галатасарой» сўнгги турда «Коньяспор» майдонидан ишончли ғалаба (3:1) билан қайтди ва рекорд даражада очко (102та) тўплаб, чемпионликни расмийлаштирди.

ОЗГИНА ТАТИМАГАН БАЙРАМ

«Галатасарой»нинг ҳисоб бўйича 24-чемпионлиги аввалгиларидек ёрқин бўлмади, барибир. Хусусан, Истанбул грандига қандайдир йўл билан яқинлашиб олган «лаънатланган» «Фенербахче» «Турк Телеком Арена»да ғалабага эришиб, кайфиятни анча бузди. Лекин ғолибликка машҳур Окан Бурук жамоа­си Осиё соҳилидаги асосий рақибларидан бирига нисбатан ҳақлироқ эди. Ҳар ҳолда, Истанбул дружинаси 38та ўйиндан 33тасида ғалаба қозонди. Чемпион жумладан, 10та ўйинни ўз ичига олган ғолибона серия қайд этди, қолаверса, атиги 26та гол қўйиб юборди. 37 ёшли толмас дарвозабон Фернандо Муслера клубдаги 13 йиллик фаолиятида энг яхши мавсумларидан бири (агар энг яхшиси бўлмаса)ни ўтказди. Диққат қилинг, Уругвай миллий жамоа­сининг афсонавий собиқ кипери ички чемпионат доирасидаги салкам 50 фоиз ўйин (38тадан 17та!)ни «қуруқ« якунлади. Ҳимоячи Абдулкарим Бардакчи эса мустаҳкам қўрғон мақомига кўтарилди, у орқа фронт­ни бетонлаб ташлашдан таш­қари, 4та гол уришга ҳам улгурди. Лекин бош қаҳрамон рутбасига ҳужум вакили муносиб кўрилди, барибир. Гап аргентиналик Мауро Икарди ҳақида кетмоқда. Унинг 25та гол билан Суперлига тўпурарлар пойгасида ғолиб бўлгани ҳам ўз йўлига, ҳар ҳолда, бунга қадар бошқа лигаларда ҳам голеадорлик сифатларини намоён этганди баралла. Лекин аргентиналик снайпер «Интер»­-да ҳам, «ПСЖ»да ҳам рафиқаси Ванда Нара билан орани очиқ қилишга кўп вақт сарфлаганди. Истанбулда эса бор эътиборини футболга қаратди ва туркиялик жўшқин мухлислар ёқимтойига айланди. 

Мауро Икарди юқори маҳсулдорликка эришгани учун биринчи навбатда, Дрис Мертенсдан миннатдор бўлиши керак. Чунончи, уни асосан айнан бельгиялик ижрочи тўп билан таъминлади. Умуман, Мертенс мавсум давомида 16та ассист йиғиш баробарида ўзи ҳам гол уришни унутмади. Карим Октуркоглу (12та гол), Бариш Йилмаз (7та гол) ва Вильфред Заа (9та) ҳам рисоладагидек эффект беришди ҳужумларнинг якуний фазасида. «Челси»дан ижара келишуви асосида олинган Ҳаким Зиеш эса мунтазам майдонга тушмаган бўлсада (18та ўйин), рақиб жамоаларни 6 марта ранжитди.

КЕЧИКАЁТГАН 

ЧЕМПИОНЛИК... 

«Фенербахче» 10 йилдан буён шоҳсупага кўтарилиш йўлини тополмаяпти. Шу давр ичида «Бешиктош», «Трабзонспор», «Истанбул Башакшеҳир» ва «Галатасарой» клублари Суперлига тожини кийиб кўрди. Мамлакатнинг 19 карра чемпиони саналган «Фенер» эса ўз коллекциясини юбилей соврин билан бо­йитишни кечиктириб юбормоқда. Ваҳоланки, клуб раҳбарияти аввалги мавсумда таркибни кучайтириш учун нақ 60 млн. евро ажратганди. Бу эса Туркия футболи учун рекорд кўрсаткичдир. Йўқ, шунча маблағ ҳавога совурилганини таъкидлаш ноўрин. Ҳарқалай, худди «Галатасарой каби Истанбул шарафини ҳимоя қилувчи жамоа азалий ва асосий рақиби сингари орада қаторасига 10та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди, барча иштирокчилардан кўпроқ гол урди ва атиги 1 марта мағлубиятга учради. Айниқса, Эдин Жеко ва Миши Батшуайи сермаҳсул тўп суришди, Душан Тадич етакчилигида марказ ҳам ўз вазифасини рисоладагидек бажарди. Фақат бир нечта аламли дуранг совринни Босфорнинг қарама-қарши соҳили томон оқизиб юборди. Ҳозир Туркияда бир қатор кескин қарорлари билан ажралиб турган клуб президенти Али Кочни кескин танқид остига олишмоқда. Дейлик, у суперкубок ўйини арафасида турк футболи раҳбариятига эътироз ўлароқ, майдонга ўринбосарлар жамоасини туширди. Мавсум якунида эса Коч яна бир антиқа қарорни қабул қилди - Жозе Моуриньони олиб келиш мақсадида туппа-тузук ишлаб турган бош мураббий Исмоил Картални лавозимидан четлатди. Ҳозирда португалия­лик мутахассисга янги футболчилар хариди учун 80 млн. евро ваъда қилишмоқда. Бироқ машҳур мураббийнинг ташрифи мукаммал даражада шаклланган жамоага путур етказмайдими? Шу савол кўпчиликни ўйга толдираётгани - айни ҳақиқат.

«ҚОРА БУРГУТЛАР»  ПАРВОЗИ СУСТ

Турк футболининг яна бир гранди - «Бешиктош» бу сафар маррага атиги 6-ўринда етди. Бу жамоа нафақат одатий рақобатчилари, балки ўртамиёна ҳамшаҳри «Қосимпошо»ни ҳам олдинга ўтказиб юборди. Якунда Туркия кубогидаги ғалаба ортидан ЕЛ йўлланмаси нақд қилинганигина «қора бургутлар»га бироз тасалли бўлди. «Истанбул Башакшеҳир» мавсумни ўта муваффақиятсиз бошлаб (6та ўйинда 5та мағлубият), турнир жадвалида ҳамшаҳри «Истанбулспор»га қўшни бўлиб қолгач, 44 ёшли Эмре Белезоглу истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини эса «Қайсариспор»да ишлаган тенгдоши Эмре Чагдаш эгаллади. Якунда мутасаддилар бу ўзгариш билан нишонни аниқ олишгани ойдинлашди - «Башакшеҳир» ўта суст стартга қарамай, финишда 4-ўринга кўтарилди. Эмре Белезоглу эса «Анқарагюжю»га ўтиб, бу жамоа билан қуйи дивизионга «қулади». Энди янги мавсумда Суперлигада пойтахтнинг соф жамоаси бўлмайди. Истанбул шаҳри вакиллари ҳам камайди. Чунончи, «Фотиҳ Қорагюмрюк», «Пендикспор» ва «Истанбулспор» элита билан хайрлашди, «Эюпспор» эса юқорига кўтарилди. Бу жамоа манзил бўйича «Галатасарой», «Фенербахче», «Истанбул Башакшеҳир», «Қосимпошо» ва «Бешиктош»га яқин. Дарвоқе, «Қосимпошо» ва «Бешиктош» бир хил очко жам­ғарди ва ўзаро ўйинлардаги устунлик эвазига биринчиси 5-ўринга жойлашди. Бироқ «Бешиктош» мамлакат кубогини қўлга киритгани ортидан ЕЛ йўлланмасини «Қосимпошо»дан тортиб олди. Хуллас, янги мавсумда Ражаб Тоййиб Эрдагон шарафига аталган стадион еврокубок мусобақаларидан четда қоладиган бўлди.

Содиқ СОБИР тайёрлади