Рейтинг: Ёзги футбол бозорининг энг «қайноқ» нуқтаси

Рейтинг: Ёзги футбол бозорининг энг «қайноқ» нуқтаси

Европада ёзги трансферлар бозори ёпилгач, ўз-ўзидан турли ҳисоб-китоблар бошланиб кетди...

Қайси лига клублари кўп сарфлади, трансферлардан ким каттароқ фойда кўрди...? Биз эса ҳозирча transfermarkt маълумоти асосида ёзги бозорнинг энг қимматбаҳо 5та харидига тўхталамиз.

Хулиан АЛЬВАРЕС - 75 миллион евро. Аргентиналик ҳужумчи «Атлетико» тарихидаги иккинчи энг қимматбаҳо футболчига айланди. Жабрдийда Жоау Фелишнинг узундан-узун сериали ортда қолди, Хулиан Альварес эса Эрлинг Холанд соясидан ёруғликка чиққандек. Ҳар ҳолда, аргентиналик «Манчестер Сити»да захира варианти ҳисобланарди, барибир. 

Доминик СОЛАНКЕ - 64,3 миллион евро. «Челси» академияси чиғириғидан ўтган ва «Ливерпул»да муваффақиятсизликка учраган Соланке энди «Борнмут»да ўз иқтидорини тўлиқ очиб беришга уринади. 216та ўйинда 77та гол урган ҳужумчи «Тоттенхэм» учун қимматбаҳо ижрочи, албатта. Хуллас, «шпорлар» Соланке трансферига меъёридан кўпроқ сарф­лашга мажбур бўлишди, аммо АПЛ ичида қачон бошқача бўлган?

Лени ЙОРО - 62 миллион евро. «МЮ» 18 ёшли вундеркинд учун курашда «Реал»дан ҳам устун келди унинг ўзига яхши молиявий шартлар таклиф этиш ҳисобига. Йоро чиндан ҳам, ўз ёшига нисбатан яхшироқ кўринаётганди, бироқ йигитча «Юнайтед» сафидаги мавсумолди ўйинларидан бирида жароҳатга йўлиқди ва катта эҳтимолки, ноябрь ойигача майдонга тушолмайди.

Педро НЕТУ - 60 миллион евро. «Янги футболчиларни сотиб олиш» ва «Челси» ибораларини турли жумлаларда ишлатиш имконсиз бўлиб қолди, гўё. Лондонликлар бу сафар ўтган мавсум 20та ўйинда «Гол+пас» тизими бўйича атиги 11 балл тўплаган португалиялик учун «Вулверхэмп­тон»га айнан 60 «лимон» санаб беришди.

Мусса ДИАБИ - 60 миллион евро. «Астон Вилла» атиги 1 йил олдин франциялик вингер трансфери йўлида 55 миллион евро сарфлаганди. Қаранг­ки, Диаби орадан бир мавсум ўтиб, Саудия Арабистонида пул жамғаришни маъқул кўрди, чоғи. Ваҳоланки, у АПЛ-2023/2024 доирасидаги 38та ўйинда ҳам қатнашган ва «Гол+пас» тизими бўйича «9+8» кўрсаткичига эришиб, Унаи Эмери тизимида муҳим ижрочига айланган эди.

ФИФА баёнотига кўра, бу йил ёзги трансферлар бозорида рекорд даражада кўп келишув амалга оширилди. Рақамларда айтсак, жами 11 минг трансфер қайд этилди. Эркаклар футболида амалга ошган барча трансферларнинг умумий қиймати 6,4 млрд. доллардан ошди. Буниси тарихдаги иккинчи юқори натижадир. Рекорд 2023 йилнинг ёзида қайд этилганди - 7,43 млрд. доллар. Аёллар футболида эса 1125та трансфер расмийлаштирилди (ўтган йилги кўрсаткичдан 30 фоиз кўп). Аёллар футболидаги трансферларнинг умумий баҳоси 6,8 млн. еврога тенг бўлди - бу ҳам рекорд натижа.\