Ромарио: «Ўксик халқни қувонтириш нақадар бахт...»

Ромарио: «Ўксик халқни қувонтириш нақадар бахт...»

Бразилиялик машҳур собиқ ҳужумчи Ромарио ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида асосан ЖЧ-94 воқеликларини эсга олди.

 Машҳур «миттивой» жумладан, АҚШга Бразилия миллий жамоасининг ғалаба қозонишига қатъий ишонган ҳолда борганини таъкидлади, пенальтилар сериясида илк марта ихтиёрий равишда иштирок этгани, Бебето билан қандай тандем ҳосил қилгани, умуман, мундиал-94 эйфорияси ҳақида гапирди.

- Айтингчи, ЖЧ-94нинг айнан қайси палласида Бразилия термаси жаҳон чемпиони бўлишига ишонч ҳосил қилгансиз?

- Турнир бошланишидан олдин! Чунончи, ўзим жуда яхши ҳолатда эдим ва Бебето билан ҳамкорлигимиз мукаммал даражага етганди. Қисқаси, Бразилия термаси АҚШдан чемпион мақомида қайтишига сира шубҳаланган эмасдим. Дейлик, жамоамиз ярим ҳимоясида техник жиҳатдан унча фарқланмайдиган ва ўз ишларини жуда яхши бажарадиган ақлли футболчилар тўпланишганди. Шунингдек, рақибга осонгина гол уриш имконини бермайдиган ҳимоя чизиғи шакл­ланганди. Дарвозада эса шахсий фикримча, барча даврларнинг энг яхши киперларидан бири - Клаудио Таффарель турарди. Бунга қўшимча тарзда захирамиз ҳам асосий таркибдан асло қолишмасди. Оддий айтганда, жаҳон кубогини ютишга тўлиқ ишонганим бежиз эмасди.

- Бебето Нидерландия термаси дарвозасини нишонга олганидан кейинги унутилмас голни нишонлаш саҳнаси қандай юзага келганди?

- Бебето учун ноёб лаҳза! Унинг рафиқаси эндигина фарзанд кўрганди, шуни инобатга олсак, жуда қизиқарли ва маъноли саҳна кўриниши бўлди. Аслида Бебето «чақалоқ тебратиш»ни ўша сеҳрли лаҳза таъсирида ўйлаб топганди. Яъни голдан кейин бирдан қўллари билан «чақалоқни тебрата» бошлади, аввалига ёнида турган Мазиньо унга қўшилди, кейин мен... Энг қизиғи, учаламиз барчасини синхрон тарзда амалга оширдик ва бу ҳаракат якунда ўша мундиалнинг энг чиройли лаҳзаларидан бирига айланди.

- Ярим финал масаласини ҳал қилган ягона голни бош билан ургандингиз. Ўша лаҳза ёдингиздами?

- О, унутилмас гол! Ахир бўйи атиги 168 сантиметрга тенг футболчининг бир гуруҳ новча шведлар орасига суқулиб, бош билан гол уриши... Бунақаси футбол учун жуда ғайриоддий ҳолат, айниқса, жаҳон чемпионатидек турнирнинг ярим финал баҳсида. Жоржиньо мен томон мукаммал узатмани амалга оширди ва Яратганнинг ёрдами-иноя­ти билан тўпни бошим билан тўғри йўналтира олдим. Яна бир томони, дарвозабон зарбамга вақтида реакция билдиролмади. Бор гап шу.

- Бебето ва Ромарио тандеми ўйини қойилмақом чиққанди...

- Ҳаммаси оддий: иккимиз 1988 йилги Сеул Олимпиадасидаёқ бирга ўйнай бошлаган ва бир-биримизни сўзсиз тушунадиган даражага етиб улгургандик. Бразилия термаси машғулотларида барча йигитлар тактика устида ишлаётган пайт мураббий мен ва Бебетога бежиз рухсат бермасди. Яъни иккимиз алоҳида шуғулланардик, шу аснода ўзаро боғламни янада такомиллаштирганмиз. Ўзи Бебето ўйинга ҳамиша ақл билан ёндашиб, барчани ҳайратга соларди. Сира унутмайман, у ҳужумда мен учун мислсиз даражада қулайликлар яратарди, шунинг эвазига майдонда ўзгача завқ билан енгил тўп сурганман.

- Бош мураббий Паррейранинг айтишича, у финал ўйинидан кейинги пенальтилар серияси учун футболчиларни танлаганида, ихтиёрий равишда ўз номзодингизни илгари сургансиз.

- Шундай. Ваҳоланки, ўша пайтга қадар бутун фаолиятимда 1 ёки 2 мартагина пенальти тепган эдим. Қолаверса, таркибда 11 метрли зарба устида доимий равишда қўшимча шуғулланган ва назарий жиҳатдан «нуқта»га яқинлашиш имконияти катта 5 нафар ижрочи бор эди. Ўша лаҳзада эса мундиалда ўзим ва жамоа учун катта кўламда иш бажарганим туртки бердими, пенальти тепишга жазм этдим. Бошқача айтганда, бу мен учун бурч эканлигини ҳис қилдим. Финал ўйини пенальтилар серияси - футболчилар зиммасига бутун турнир давомида энг катта масъулият юклаган жараён. Қисқаси, бундан қочиш менга тўғри келмасди. Қолаверса, ҳар қандай мураккабликка тайёр етук футболчига айланганимни исботлаш вақти келганди. Шу тариқа серияга кўнгилли сифатида қўшилдим. Якунда тақдир мени муносиб мукофотлади - Паррейра жамоасининг бутун Бразилияга катта шодлик улашган ғалабани расмийлаштиришига ёрдам берган голлардан бирини урдим. Ўша пенальти ўзим учун чемпионлик қийматини бир неча маротаба оширгани ҳам айни ҳақиқат.

- Футболчи марказий доирадан пенальти тепиладиган нуқтага боришга қадар нималарни ўйлайди?

- Менимча, ҳаммаси муайян ҳолатларга боғлиқ - ўйин ва рақобат даражаси, ўртага тикилган соврин... Ўша лаҳзада бор диққатимни бир жойга жамлаганманки, бутун ҳаётим давомида ҳеч қачон бу қадар эътиборли бўлган эмасман. «Нуқта»гача тахминан 50 қадам босдим, шу қисқа вақт ичида миямда барчаси чарх урди: болалигим, ота-онам, дўстларим, жаҳон кубогининг Бразилия халқи учун аҳамияти... Тўпни қўлга олиб, жойига ўрнатганимда ҳам, шундай фикрлар миямни қуршаб олганди. Оддий тўпнинг бир қисмига зарба бериш билан миллатни бахтиёр қилиш ёки қайғу ичига солиш - мислсиз жавобгарлик, беқиёс масъулият.

- Роберто Баджо «нуқта»дан тўпни кўкка тепганидан кейинги илк ҳис-туйғуларингиз...

- Тавсифлаб беролмайман. Ахир ўз ишимни бажарганим, бундан ташқари, Бразилия термасининг чемпион бўлиши хусусида берган ваъдам амалга ошгани ойдинлашганди. Ўша мундиалда фаолиятимдаги энг яхши натижани кўрсатдим ва барчасига жамоа кучи билан эришдим. Шубҳасиз, жамоадошларим 100 фоиз ёрдам беришди. Демакки, улардан ҳамон қарздорман.

- Дунга жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарганида, унинг ёнида туриш қандай бўлганди?

- Ўша лаҳзани нима биландир таққослаш имконсиз. Бутун ҳаёт учун сеҳрли ва абадий эсда қоладиган ҳолат. Дунга ёки Бранконинг гапи ҳамон эсимда: «Шу ерда туринглар, кубокни бирга кўтарамиз». Барчаси сўз билан ифода этиб бўлмайдиган вазият. 

- Кубок кийиниш хонасига олиб кирилганида, жамоа нима қилганди?

- Дейлик, мен кубок билан 3000 мартача суратга тушдим, уни деярли шунча марта ўпдим, қучоқладим. Чемпионлик кўп калака ва танқидларга юз тутган бизнинг авлод учун тенгсиз ютуқ эди. 

- Бразилияга қайтгач, жамоани кўчаларда қандай қарши олишгани ҳам ёдингиздадир...

- Бразилия кўчалари ғайратли одамлар билан тўлганди. Ғалабамиз мазлум халқ учун худди очликдан тинкаси қуриган одам қўлига тутқазилган бир коса овқатдек бўлганди. Ўша вақт одамлар юзида чинакам бахтиёрликни кўрдим ва бу хотира бутун умрим давомида миямда қолади.

МУҲАММАДХОН тайёрлади