Рубен Санчес тўлиқ ҳақ эди...

Рубен Санчес тўлиқ ҳақ эди...

Marca нашри Олимпиада-2024 «С»» гуруҳи 1-туридан ўрин олган Ўзбекистон - Испания ўйинидан олдин футболимиз билан яхши таниш Рубен Санчесдан махсус интервью олганди...

ОКМК ҳужумчиси суҳбат жараёнида Ўзбекистон олимпия жамоа­сидан хавф кутаётганини яширмади ва юртдошларини эҳтиёткорликка чақиришни ҳам унутмади. Амалда легионер футболчи тўлиқ ҳақ бўлиб чиқди - гарчи испанлар ўйинда ғалаба қозонган бўлсаларда, вакилларимизнинг қаттиқ қаршиликларига дуч келишди. 

*** 

Рубен Санчес ҳозирда Ўзбекистон Суперлигасида ўйнаётган испаниялик ягона футболчи бўлиб турибди. Испания олимпия термаси эса Париж-2024даги илк ўйинни шу мамлакат жамоа­сига қарши ўтказади. Айтганча, Ўзбекистон термаси турнир дебютанти ҳисобланади. «Испания термаси сафида сифатли ижрочилар кўпроқ эканлигига шубҳа йўқ. Лекин Ўзбекистон термаси ҳам мусобақага энг кучли таркиби билан ташриф буюрган. Бинобарин, Олимпиада ўйинларида қатнашиш Ўзбекистон футболи учун тарихий воқеа саналади. Шунинг учун ҳам, мамлакатда Париж ўйинлари учун энг яхши футболчиларни танлаш масаласига жиддий ёндашдилар. Менимча, Испания термаси ўйиннинг катта қисмида тўпни назорат қилса керак, лекин рақиб ҳужумига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон термаси ҳужумда катта хавф туғдириши мумкин, зеро, таркибида бинойидек ижрочилар етарли, - дея огоҳлантирди Рубен Санчес. - Мисол учун, Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев, Остон Ўрунов ва Абдуқодир Ҳусановни ажратиб кўрсатишим мумкин.

***

«Толедо», «Спортинг» (Хихон), «Гранада» ва «Махадахон» клубларида ўйнаган Рубен Ўзбекистонга 2022 йили йўл олган. «Ҳаммаси жуда тез ривожланди. Аслида Биринчи лига клуби билан шартнома тузмоқчи эдим, лекин сўнгги паллада «Сурхон»дан қўнғироқ бўлди. Асосийси, рад этиш қийин таклиф ва лойиҳани илгари суришди. Шунда Испаниядан ташқарида ҳам салоҳиятимни синаб кўришга қарор қилдим. Қисқаси, ҳам инсон, ҳам футболчи сифатида ўзимни бегона муҳитда синаб кўриш вақти келганини англадим. Жамоада кўплаб испаниялик мураббийлар тўпланишгани мамлакат, маҳаллий маданият ва клубга мослашишимда жуда қўл келди, - дейди Рубен Ўзбекистонга бориб қолгани ҳақида. - Клубда менга ҳамма «ака», дея мурожаат қилади. Фақат жиддий ҳолатлардагина исмим билан чақиришлари мумкин. Лига қайдномаларида эса фамилиям ҳамиша сал бошқача ёзилади: Санчес ёки Перес. Ўзбекистонликлар «з» ҳарфини ёқтиришмаса керак...».

***

Биринчи мавсумнинг 13та ўйинида 8та гол урган Рубен шундан сўнг Ўзбекистон чемпионати элит дивизиони етакчиларидан бири ОКМК сафига қўшилди ва бу клубда ҳам аввалига ўз юртдошлари ёрдамида таянди. «Бу фаолиятимдаги катта ўзгариш эди. Биринчи йили жамоада кўплаб испанлар борлиги катта ёрдам берди. Шунингдек, турмуш ўртоғимнинг доимий ҳамроҳлиги муҳим роль ўйнади. Агар у ёнимда бўлмаганида, айрим вақтлар нима қилардим, очиғи билмайман... Менталитет бизникидан бутунлай фарқланади, муҳими, ўзбек маданиятини ўрганиш жуда қизиқ. Одамлар ҳамиша ёрдам беришга тайёр туришади. Испаниялик эканлигимизни айтганимизда, алоҳида эътибор қаратишади. Баъзан бирга суратга тушишни сўрашлари мумкин. Клубда асосан рус тилида сўзлашади, кўплаб ҳамроҳларим инглиз тилини ҳам билишади. Хуллас, йигитлар билан асосан шу тилда мулоқотга киришаман, - дейди ўнг оёғи тўпиқ суяги сингани ва қайта жароҳатлангани туфайли бир неча ой четда қолганидан ке-йин яқинда яна майдонга ту-ша бошланган ҳужумчи. - Ҳо-зир ўзимни яхши ҳис қиляпман, иштиёқ кучли ва жамоага чемпионатда ёрдам бериш умиди билан қайтдим. Мақсад - яна Осиё ареналарига чиқиш».

*** 

ОКМК айни ҳолатда чемпионат етакчисидан 3 очко ортда қолмоқда. «Лигада умумий даража анча юқори. Испания Сегундаси ва элит лига ўрта бўғинига таққослаш мумкин. Дейлик, Ўзбекистон олдинги ОЧЛ гуруҳ босқичида энг кўп клуб билан иштирок этган мамлакат бўлди. 2та маҳаллий клуб катта бюджетга эга Қатар жамоаларини турнирдан чиқариб юборди. Жумладан, бизнинг ОКМК, - дея ўзбек футболига баҳо берди Рубен Санчес. - Бирор соврин ютсак, зўр бўларди. Ўтган йили кубок финалида мағлубиятга учрадик. Жорий йил эса ОКМК лигада ғалаба қозониш мақсади билан олға интилмоқда. Чунончи жамоа ҳеч қачон чемпионликка эришмаган. Қисқаси, мақсад жиддий ва биз охиригача курашамиз».

***

Рубен Ўзбекистонда футбол қандай ривожланаётганини шахсан кузатмоқда, ҳозирда мамлакат миллий жамоаси ФИФА рейтингининг 61-қаторида. «Ривожланиш асосан академияларда янги маш­ғулотлар методологиялари татбиқ этилгани ва барчаси талабга жавоб бериши билан боғлиқ, менимча. Билишимча, олдинроқ бу ерда футбол таълимига унча эътибор қаратилмаган. Шунинг­дек, охирги йиллар турли мамлакатлардан мураббийлар ва жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассислар жалб этилгани ҳам ўз самараси берди. Маш­ғулотлар ва кундалик тартиб Испаниядагига ўхшаш. Шунинг учун футбол жуда глобаллашган. Дейлик, лига ўйинларида VAR тизими ишлайди, - дейди футболчи. - U-20 термаси бугун Осиё чемпиони, миллий жамоа эса Осиё кубогида қатарликларга фақат пенальтилар серияси бўйича ютқазди. Ўзимга келсак, Ўзбекистонда яна кўп йиллар ўйнасам керак. Ҳозир Тошкентда яшаяпман ва декабр­да таътил учун Испанияга қайтаман. Клуб билан 2025 йил охиригача тузилган шартномам бор, тўғри, ундан кейин нима бўлишини ҳали билмайман...».

ОЛИМПИАДА-2024: ЭНГ ҚИММАТБАҲО  10 НАФАР ФУТБОЛЧИ 

1. Хулиан Альварес (Аргентина) - 90 млн. евро

2. Ашраф Ҳакими (Марокаш) - 60 млн. евро

3. Майкл Олисе (Франция) - 55 млн. евро

4. Кастелло Лукеба (Франция) - 40 млн. евро

   Алекс Баэна (Испания) - 40 млн. евро

6. Саму Омородион (Испания) - 35 млн. евро

7. Пау Кубарси (Испания) - 30 млн. евро

   Дезире Доуэ (Франция) - 30 млн. евро

   Кристиан Москера (Испания) - 30 млн. евро

   Фермин Лопес (Испания) - 30 млн. евро

* Маълумот учун, Ўзбекистон олимпия термаси таркибидаги энг қимматбаҳо футболчи - бу Аббос Файзуллаев (6 миллион евро).

*** 

Олимпиада-2024да иштирок этадиган энг ёш футболчи - бу «Барселона» ҳимоячиси - Пау Кубарси. Испания термаси аъзоси 2007 йилнинг 22 январь куни туғилган. Ўзбекистон олимпия жамоасидаги энг ёш футболчи эса Абдуқодир Ҳусанов - «Ланс» ҳимоячиси 2004 йилнинг 29 февраль куни туғилган.

*** 

ESPN Ўзбекистон термаси ҳақида: «Асосий футболчи - Элдор Шомуродов. Бу ҳужумчи ўзбек футболи тарихидаги энг машҳур футболчилардан биридир. Охирги 4 мавсум «А» серия­да ўйнаган Шомуродовнинг қобилияти ўз-ўзидан маълум. 29 ёшли футболчи Парижда «оқ бўрилар»ни ғалаба сари етаклаш учун қўшимча мотивацияга эга, айниқса, Осиё кубогини ўтказиб юборганини ҳисобга олсак. Кузатишга арзийдиган футболчи - Абдуқодир Ҳусанов. Фаолиятининг дастлабки босқичидаёқ Европага йўл олган ўзбек истеъдодларидан бири. Ўтган йилнинг июль ойи «Ланс»да деб­ют қилган Ҳусанов Лига 1да ўйнаган ўзбекистонлик биринчи футболчидир. Хотиржам ва ишончли марказий ҳимоячи Олимпиадада ўзини янада кўрсатиш имкониятига эга, айниқса, айрим кучли ҳужумчиларга қарши ўйинларда. Тахмин -  дебютант саналсада, Ўзбекистон термаси ўз гуруҳида «қора тулпор» (dark horse) бўлиши мумкин. Испания термаси - фаворит, лекин жамоа энг кучли таркибини йиғмаган. Миср ва Доминикан Республикаси термаларига қарши ўйинлар эса, фақат қоғозда қизғин баҳсларга айланиши мумкин. Ўзбекистон термаси «плей-офф»­га чиқса, асло ҳайратланманг».