Самвел Бабаян: " Ушбу ўйинда зафар қучиш учун қандай ўйнаш лозимлигини яхши биламиз..."

Самвел Бабаян: " Ушбу ўйинда зафар қучиш учун қандай ўйнаш лозимлигини яхши биламиз..."

ОЧЛ саралаш баҳси доирасида “Навбаҳор” 22 август куни Қатарнинг “Ал-Вақра” клубига қарши майдонга тушади.

Сафардаги ўйин олдидан наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян ва жамоа сардори Азимжон Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди. 
Самвел Бабаян: 
- Осиё Чемпионлар Лигасига қайтиш ёқимли ҳамда клубимиз ва мамлакатимиз шарафини ушбу нуфузли мусобақада ҳимоя қилиш биз учун катта шараф ҳамда масъулият.
ОЧЛда биз юртимизнинг футболсеварлар вилояти ҳисобланувчи Наманган шарафини ҳимоя қиламиз. “Навбаҳор” кўплаб мухлисларга эга ва улар жамоани муносиб тарзда қўллаб-қувватлашади. “Навбаҳор” ОЧЛда илк марта қатнашмоқда. Умид қиламанки, сўнгги мавсумларда Ўзбекистоннинг етакчи клубларидан бири сифатида қайд этилаётган  “Навбаҳор” кейинчалик ушбу нуфузли турнирнинг мунтазам иштирокчисига айланади. Бўлажак ўйиндаги мақсадимиз албатта, ўзимизга керакли бўлган ижобий натижага эришиб, ишқибозларга қувонч улашиш.
Эртанги рақибимиз яхши шаклланган жамоа ва жорий мавсумда ўз таркибини маҳоратли футболчилар ҳисобига кучайтириб олди. Буни “Ал-Вақра” янги мавсумнинг илк туридаёқ, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганидан ҳам билса бўлади.
Ўз ўрнида бўлажак баҳс ўтказиладиган стадионни ҳам эътироф этмоқчиман. Мазкур ўйингоҳ ЖЧ-2022нинг безагига айланганди. “Ал-Жануб” ажойиб архитектура ва дизайн санъати уйғунлигини ўзида жамлаган стадион. Менимча, ҳар бир мураббий учун ушбу стадионга жамоасини бошлаб тушиш, футболчилар учун эса шундай ўйингоҳ майдонида тўп тепиш улкан шараф ҳисобланади.
Азимжон Аҳмедов: 
– Эртанги учрашув жуда қизиқарли тарзда кечади, деб ўйлайман. Биз бу ерга Наманган аҳлига, мухлисларимизга хурсандчилик улашиш мақсадида, ташриф буюрдик. Худо хоҳласа, бўлажак баҳсда зафар қучиб, мухлисларимизга қувонч улашамиз. 

– Эртанги рақибингиз – “Ал-Вақра” борасидаги фикрингиз қандай?
Самвел Бабаян: - Бу ҳақда ҳозиргина тўхталиб ўтдим. Бўлажак рақибимиз маҳоратли футболчиларга эга жамоа. “Ал-Вақра” ўтган мавсумда 4-ўринни эгаллади. Шунингдек, жамоа янги мавсум ва бўлажак баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўрган ҳолда, мавсумлар оралиғида ўз таркибига маҳоратли футболчиларни жалб этди.
Шунингдек, “Ал-Вақра”ни тажрибали мутахассис бошқараётганлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Бундан ташқари, жамоанинг заиф чизиғи йўқлиги, ҳар бир позициядан яхши футболчилар жой олганлиги, захирадан майдонга тушадиган ўйинчи ҳам ўйинни кучайтириш салоҳиятига эга эканлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Азимжон Аҳмедов: – “Ал-Вақра”ни кўп ўргандик, жамоа сафидан яхши футболчилар ўрин олишган.
– Эртанги рақиб - “Ал-Вақра”нинг ўйин услубини қанчалик ўргандинглар?

Самвел Бабаян: - Таъкидлаганимдек, “Ал-Вақра” таркибида кучли, шунингдек, ўз мамлакати терма жамоасига номзод бўлган кўплаб футболчилар бор. Албатта, рақибимизнинг кучли жиҳатлари кўп. Аммо “Ал-Вақра”нинг ўйин услубини пухта ўргандик ва эртанги ўйинда зафар қучиш учун қандай ўйнаш лозимлигини яхши биламиз. Лекин бу ҳозирча сир бўлиб қола қолсин.

– Сизнингча, “Ал-Вақра”нинг энг кучли чизиғи қайси?
Азимжон Аҳмедов: –­ Рақибнинг ўйин услубини яхшилаб ўргандик ва менимча, “Ал-Вақра” кучли ҳужум чизиғига эга, - дея Аҳмедовнинг сўзларини келтирган Наманган клуби матбуот хизмати.
***
Унда “Ал-Вакра” бош мураббийи Маркес Лопес ва ушбу жамоанинг тажрибали ярим ҳимоячиси Аҳмад Фадел бўлажак баҳс борасида ўз фикрларини билдиришди ҳамда журналистларнинг саволларига жавоб беришди.
Биз мезбонларнинг испаниялик устози ва футболчисининг матбуот анжуманидаги “Навбаҳор”га оид фикрларини эътиборингизга ҳавола этяпимиз.

Маркес Лопес: – Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) каби нуфузли мусобақадаги ўйинлар ўзига хос аҳамиятга эга ва чемпионат баҳсларидан анча фарқ қилади. Мақсадимиз — ижобий натижага эришиш ҳамда гуруҳ босқичида иштирок этиш.
“Ал-Вакра” охирги марта ОЧЛда 2002 йили иштирок этган ҳамда ўшандан буён жамоа бундай катта турнирда қатнашмаган. Шу боис, биз энг яхши ўйинимизни кўрсатгани майдонга тушамиз ва ўзимиз истаган натижани қайд этишга ҳаракат қиламиз. 
Йигитлардан бўлажак ўйинга катта эътибор билан муносабатда бўлишлари талаб этилади. Бўлажак баҳс Қатар футболи, хусусан, Ал-Вакра шаҳри аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга.
Бўлажак рақибимиз - “Навбаҳор” ҳақида айрим маълумотларга эгаман. Яхши жамоа ҳамда Ўзбекистон чемпионати турнир жадвали пешқадами. Бироқ  йўқотадиган нарсамиз йўқ, шу боис мақсадимизга эришиш учун бундай имкониятдан фойдаланишимиз керак.
Ўзбекистон чемпионати бир ҳафта олдин бошланган Қатар чемпионатидан фарқли ўлароқ, 17-турга етиб келди. Шунинг учун, албатта, “Навбаҳор” жамоаси бизга қараганда жисмоний жиҳатдан бўлажак беллашувга тайёрроқ бўлиши мумкин, аммо бу кўп нарсани англатмайди, чунки бу тайёргарлик бир ўйинда унчалик ҳам ёрдам бермайди. 

Аҳмад Фадел: – Бўлажак беллашув осон бўлмаслигини ҳис қилиб турибмиз. Қолаверса, “плей-офф”  фақатгина битта баҳсдан иборат бўлгани учун бу мағлубиятга учраган жамоанинг жорий мавсумда ОЧЛдаги охирги учрашуви бўлади. 
Бундай савиядаги ўйинлар энг юқори даражадаги концентрацияни талаб қилади. Биз бундай баҳсларда иштирок этиш учун зарур тажрибага эгамиз. “Ал-Вакра” раҳбарияти, ходимлари ва мухлисларини хурсанд этиб, ғалаба қозониш учун барча имкониятларни ишга соламиз.
Бўлажак учрашувнинг аҳамияти шундаки, биз 21 йилдан буён ОЧЛда қатнашмаяпмиз. Сўнгги икки йилда эса буни амалга ошириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширдик. 
Ўзбекистондан ташриф буюраётган рақибнинг баъзи ўйинларини томоша қилдим. Уларда алоҳида иқтидорга эга ярим ҳимоячилар мавжуд, аммо бизда ҳам бу позицияда ўзига хос футболчилар бор, шу боис, ўйин давомида кескин кураш содир бўлади. Ташқи босимга эътибор бермасдан, мураббий кўрсатмаларини бажарган ҳолда, майдонда максимал куч сарфлашга ҳаракат қиламиз.