Саудияликларнинг «бозор»и қачон тугайди?

Саудияликларнинг «бозор»и қачон тугайди?

2023 йил ёзги трансферлар бозори ҳақида гап кетганда фақат Саудия Арабистони эшитдик.

Энг катта трансферлар ушбу диёр клублари билан боғланмоқда. Лекин бунга уларни нима мажбур этди? Шунча харажатлардан фойда борми? Ва бу Хитойдагидек бўлмайдими?

Саудия Арабистони клублари трансферлар учун ҳозиргача жами 804,8 миллион евро сарфлашди (26 август ҳолатига).

Харажатлар бўйича етакчилар (рақамлар Transfermarkt порталидан олинган):

«Ал-Ҳилол» - 353,1 миллион евро;

«Ал-Наср» - 165,1;

«Ал-Аҳли» - 143,2;

«Ал-Иттиҳод» - 75,8.

Топ-10 трансферлар:

Неймар («ПСЖ»дан «Ал-Ҳилол»га) - 90 миллион евро;

Отавио («Порту»дан «Ал-Наср»га) - 60;

Малком («Зенит»дан «Ал-Ҳилол»га) - 60;

Рубен Невеш («Вулверхэмптон»дан «Ал-Ҳилол»га) - 55;

Александр Митрович («Фулхэм»дан «Ал-Ҳилол»га) - 52,6;

Фабиньо («Ливерпул»дан «Ал-Иттиҳод»га) - 46,7;

Сергей Милинкович-Савич («Лацио»дан «Ал-Ҳилол»га) - 40;

Риёд Маҳрез («Манчестер Сити»дан «Ал-Аҳли»га) - 35;

Садио Мане («Бавария»дан «Ал-Наср»га) - 30;

Рожер Ибаньес («Рома»дан «Ал-Аҳли»га) - 30...
saud-tr1.jpg

Буларнинг барчаси нафақат Саудия Арабистони клубларининг 2023 йил ёзидаги топ трансферлари, балки бутун лига тарихидаги энг қиммат харажатлардир. Энг яхши ўнталикнинг алоҳида эътибори бу ёзда Саудия Арабистонига кўчиб ўтадиган юлдузларнинг хилма-хиллигини кўрсатади. Аммо буни тўлиқ кўрсатиш учун бу рейтинг ҳам етарли бўлмади: Эмерик Ляпорт, Калиду Кулибали, Марсело Брозович, Жордан Хендерсон, Карим Бензема, Н~Голо Канте ва бошқа юлдузлар ҳам жорий трансфер ойнасида маҳаллий лигага ўтишди.

Шу билан бирга, 4та клубнинг харажатлари Саудия Арабистонидаги тўлиқ трансфер картинасини акс эттирмайди. 6та клуб ёзда трансферлар учун 2 миллион евродан кўп бўлмаган маблағ сарфлашди, яна 3та жамоа «кирувчи трансферлар учун сарфланган маблағлари 10 миллион еврога етмади.

Юлдузларга «ҳужум»нинг асл сабаби - умуммиллий тараққиёт дастури

Саудия Арабистони Хитой каби тезкор лойиҳами? Хитойликлар фақат кучли футбол лигасини йиғишга ҳаракат қилишди. Қолаверса, бу жуда маҳаллий ва қисқа муддатли эди: қайсидир вақтда Хитой футбол иттифоқи раҳбарияти қиммат хорижлик футболчилар оқими маҳаллий ёш футболчиларнинг ривожланишини тўхтатиб қўйганини англаб етди. Чет эллик футболчиларни харид қилиш устидан назорат кучайтирилди, маошлар тушди. Хитой лигаси ярим йўлда тўхтаб қолди ва аввалги даражасига қайтди.

Саудия Про-лигаси бош­қача йўл тутади. Бу кўп жиҳатдан мамлакатнинг глобал дастуридаги аҳамияти билан боғлиқ. Саудия Арабистони расмийлари яқинда халқаро обрўни мустаҳкамлаш билан шуғулланишни бошлади. Футбол эса катта режаларнинг бир қисмига айланди, чунки унинг бутун дунё бўйлаб миллиардлаб мухлислари бор. Шу боисдан катта сармоя киритилди. Давлат 2028 йилгача ҳар мавсумда трансферлар учун клубларга 2 миллиард евро ажратишни режалаштирмоқда. Яъни, ҳозирда лига клублари бир неча мавсумга юлдузлар билан кучайишди, лекин шу билан бирга, барчаси биргаликда 2023|24 йилги мавсум учун режалаштирилган маблағнинг ярмидан камини сарфлашди.

Чет эллик юлдузлар учун Про-лига раҳбарияти маош чегарасини заифлаштирди ва чегарани юмшатди. Ҳозирда ҳар бир жамоа 8тагача легионер билан ўйинни бошлаши мумкин.

Оқилона инвестицияларнинг яна бир белгиси бутун чемпионатни ташкил этишдир. Про-лигани дунёда оммалаштириш ва турли масалаларни ҳал қилиш учун мамлакат футбол иттифоқи дунёнинг турли бурчакларидан фикр юритади. Масалан, яқинда Nike компаниясининг собиқ директори Гарри Кук Про-лиганинг бош ижрочи директори бўлди.

Саудия футболи кучли бўлишининг яна бир сабаби соғ­лом турмуш тарзи оммалашиб бораётганидир. 2018 йилда Саудия Арабистони ҳукумати «Vision-2030» дастурини ишлаб чиқди, унинг асосий тезиси соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир. Бир неча йиллар давомида ўтказилган тадқиқотлар ва сўровлар шуни кўрсатдики, маҳаллий аҳоли жисмоний маданиятни ёқтирмайди ва кўпинча ортиқча вазн­дан азият чекади.

Дастур бошидагиларнинг режаси спорт учун қулай жойларни яратишдир. Амалда бўлганидек, Саудия Арабистони футбол чемпионатига чинакам зўр ўйинчилар оқиб келиши ҳамон давом этмоқда.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади