Шунга қарамай, янги клуб ПФЛ эътиборини тортди ва ўрганишлардан сўнг Биринчи лигага қўйилди. «Юниред»ни самарқандлик тадбиркор Лазиз Раҳматов ва унинг словакиялик турмуш ўртоғи Люсия Шчипова молиялаштиради. Яқинда ПФЛ расмий сайтида жамоа президенти лавозимида ишлаётган аёл функционер билан кичик суҳбат эълон қилинди.
- Кўп йиллар Бирлашган қиролликда ишлаганман. Турмуш ўртоғим билан ҳам ўша ерда танишганмиз. Оила қурганимизга 14 йил бўлди. Сабина ва Амир исмли икки фарзандимиз бор, — дея суҳбат бошида ўзини таништирди Люсия хоним. - Ўзбекистонга ёрқин келажакка эга мамлакат сифатида қараяпман ва фарзандлар шу гўзал маданият ўчоғида улғайишларини истайман. Ўзимга тўхталсам, жисмоний тарбия бўйича малакали ўқитувчи мақоми ва магистр даражасига эгаман. Ўзбекистонга 2017 йили кўчиб келдик ва кейингисида хусусий мактаблар очишни бошладик. Дарҳақиқат, оила Самарқандда инглиз тили ҳамда математикага ихтисослаштирилган 2та мактаб ва 1та боғчага эга. Футбол эса - соғлом турмуш тарзини шакллантириш воситаси. Инвестиция биринчи навбатда, таълимга йўналтирилаётгани асосий омилдир.
- Ўзбекистон кубоги саралаш ўйинлари жуда яхши ташкил этилди. Турнир жамоамизга катта мотивация берди. Яъни Биринчи лига жамоаларига қарши ўйинларда улардан нималар кутиш мумкинлигини кўриб олдик. Катта афзаллик шуки, барча ўйинларни онлайн томоша қилиш имконияти яратилди. Бу ҳам жамоаларга кейинги баҳсларга тайёргарлик кўришда катта ёрдам берди. Биринчи лига эса эндигина бошланди. Ҳозирча ташкилий ишлардан хурсандмиз, — дейди Люсия Шчипова Ўзбекистон кубоги ва Биринчи лига ҳақида. «Юниред» кубок саралашининг илк ўйинида чиройли «камбэк» кўрсатди - «Пахтакор-79»нинг биринчи бўлимда урган 2та голига танаффусдан кейин 4та аниқ зарба билан жавоб берди — 4:2. Кейинги баҳсда «Шаҳрихончи» таслим этилди — 3:2. Бироқ «Юниред» ҳал қилувчи ўйинда «Андижон II»га имкониятни бой берди — 0:1.
- Менимча, Биринчи лигадаги рақиблар анча кучли. Мавсум қизиқарли ва шиддатли ўйинларга бой бўлса керак. Биз дуч келган энг катта қийинчилик — январь ойида 8 нафар футболчи жамоадан кетди. Улардан 6 нафари Суперлига вакили «Динамо»га йўл олди. Бўшаган жойларни тўлдириш учун вақт жуда оз эди. Бошқа томондан, бош мураббий Алишер Латипов ва ёрдамчиси Сулаймон Абдуллаевнинг қисқа вақт ичида амалга оширган ишларидан мамнунман. Табиатан оптимистман ва мавсум якунида Про лига йўлланмасини қўлга киритишдан умидворман - Люсия хоним «Юниред» шу йилнинг ўзида юқори лигага чиқишини хоҳламоқда.
- Яқин 4 йил ичида Ўзбекистон футболи ва таълимига бир неча миллион доллар сармоя киритишни режалаштирганмиз. Шунга мувофиқ, Самарқандда Европа стандартлари бўйича стадион қуриш ва футбол академиямизни кенгайтириш ниятидамиз. Албатта, «Юниред»ни келажакда Суперлигада кўриш — бош мақсадимиз», — дея келажка режаларини баралла баён этди Люсия Шчипова.