Сречко Катанец: “Охиригача курашишга тайёрмиз”

Сречко Катанец: “Охиригача курашишга тайёрмиз”

ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги КХДР — Ўзбекистон учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувдан кейин матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда терма жамоамиз бош мураббий Сречко Катанец ҳамда дарвозабон Ўткир Юсупов иштирок этди.

 

Сречко Катанец: Биринчи бўлимни яхши ўтказдик, рақибда имконият бўлмади. Иккинчи бўлимда Бобир Абдихолиқов вазиятдан фойдаланганида ўйин енгил кечиши мумкин эди. Ҳимояланаётган вақтда жарима майдончаси ичида тўп қўлга тегиши бўлиб туради. Бахтимизга Ўткир Юсупов пенальтини қайтарди ва биз ўзимизга керакли натижани қайд эта олдик.

Ўткир Юсупов: Ўйиндан қониқдик. 3 очко қўлга киритганимиздан хурсандман. Бир кун олдин йигитлар билан гаплашган эдик. Тактикани йиғиштириб ҳамма юракдан ўйнаса ютишимизни айтгандик. 

- Терма жамоамиз ҳар бир ўйинда фақатгина бир тайм яхши ўйнамоқда. Бугун иккинчи бўлимда рақиб тўлиқ устунлик қилди, Қатарга қарши баҳсда эса жуда ёмон биринчи бўлим. Фақатгина бир тайм футбол ўйнайдиган жамоа бўлиб қолмадикми?

Сречко Катанец: 90 дақиқа бир хил ўйнайдиган жамоаларни топиш қийин бўлса керак, балки 1-2 та топ жамоаларни инобатга олмаса. Бугун қийин шароитда ўйнадик. Юқори намлик, вақтдаги фарқлар. Қатарга қарши ўйинда охирги сонияларда ўтказиб юборилган гол футболчиларни руҳиятига таъсир қилмасдан қолмасди. Шунга қарамай, йигитлар ўзига келишга муваффақ бўлди. Тан олиш керак бугун айрим етакчи футболчиларсиз келдик. Уларнинг ўрнига тушганлар жуда яхши ўйин кўрсата олишди. ОФКга мурожаат қилмоқчи эдим. Бундай майдонда ўйнаш футболчиларнинг соғлиғи учун хавфли. Машғулот майдонимиз бундан ҳам ёмон ҳолатда эди. Бу ердаги ташкилий қўмитага эътирозим йўқ, фақат майдонни гапирдим.

- КХДРга қарши кечган ўйинларда иккита 11 метрлик зарбани бартараф этдингиз. Бу эса терма жамоага 6 очко тақдим этганингизни англатади. Сизни кўпчилик пенальтилар устаси эмас дея қабул қилади. Пенальтиларни қайтариш қобилиятингизни қандай яхшилаб олдингиз? КХДР футболчиларини ўрганиб чиққандингизми?

Ўткир Юсупов: КХДР футболчиларини қаердан ўрганасиз? Уларнинг чемпионатини кўра олмайсиз ва бунинг имкони йўқ. Пенальтига келсак, дарвозабонларда ички ҳиссиёт бўлади. Қаерга тепишини сезиб туради. Муҳими 3 очко қўлга киритдик. Халқимиз хурсанд бўлса бўлди. Биз шунинг учун ўйнаймиз.

Сречко Катанец: Футболчиларга қўллаб-қувватлаш учун раҳмат айтаман. Қатар билан ўйиндан сўнг яхши вазиятда эмасдик. Олдинги мураббий алмашинувларига келсак, билмайман. Буни раҳбарият билади. Ҳозирги ҳолатимизга келсак, мавжуд 6 та ўйин ичидан 18 очконинг 13 тасини тўплашга муваффақ бўлдик. Бизни яна 4 та ўйин кутмоқда. Энди кейинги 12 очко учун ҳаракат қилишимиз керак. Футболчиларга доим кураш охиригача бўлишини айтаман. Эртароқ ҳал қиламиз деган руҳият бўлмаслиги керак. Албатта, мундиал йўлланмасини эрта қўлга киритсак яхши бўларди. Аммо биз охиригача курашишга тайёрмиз. 10 та ўйинни ютиш осон эмас, айниқса муҳим футболчилар иштирок эта олмаса.

 

 

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.