Трансфери 58 + 10 млн. евро (бонус)га баҳоланган футболчи жумладан, «Инстаграм»даги саҳифасини «Лидс»дан Каталония суперклубига ўтишига боғлиқ суратлар билан тўлдириб ташлади. Диққатни тортадиган томони, қўйилган суратлар орасида «Реал»ни «чув туширган Килиан Мбаппеники ҳам бор. Қизиқ, Рафинья бу билан нимага ишора қилишни хоҳлади?
Қанақа сурат? Килиан Мбаппенинг ёшлик чоғида тушган фотоси. Яъни франциялик иқтидор Криштиану Роналду ва «Реал»нинг ашаддий мухлиси саналган вақтда олинган сурат. Мана, Рафинья «ПСЖ»да қолишни афзал билан голеадордан фарқли ўлароқ, болаликдаги севимли жамоаси либосига бурканди. Ҳар ҳолда, бразилиялик футболчининг таништирув маросими айтган гапларига қарасак, у ҳамиша айнан «Барселона»га интилган: «Бу жамоа сафига қўшилиш - мен учун улкан бахт. «Барселона» либосини кийиш насиб этганидан бағоят хурсандман. Зеро, болаликдаги кўплаб кумирларим айнан «Барселона»да ўйнаб, клуб тарихида ёрқин из қолдиришган. Агар улар етган марранинг лоақал ярмини забт этсам, бу мен учун жиддий ютуқ саналади. Қисқаси, болалик орзум амалга ошди. Энди «Барса» яна ўзига тегишли тахтга қайтиши учун бор имкониятларимни ишга соламан».
Бу тушунарли, Рафинья орзусига эришибди. Бироқ бунинг Мбаппега нима дахли бор? Нима, у Килиан устудан куляптими? Ахир франциялик футболчи пулни биринчи ўринга қўйиб, сўнгги паллада болалик орзуси - «Реал»дан осонгина воз кечиб қўя қолди...