Аморим - 6-қимматбаҳо мураббий!
Португалиялик Рубен Аморим 11 ноябрь куни «МЮ»ни илк марта бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди
Жаҳон футболи трансферлар оғушида яшамоқда. Жумладан, Суперлига клублари ҳам таркибни кучайтириш иштиёқида ёнмоқда.
Қаерда бўлмасин, футбол ҳаёти янгиланишни истамоқда. Евроарена юлдузларининг Саудия Арабистони чемпионатига кўчиб ўтаётганлари келгусида Осиё футболида туб бурилиш кузатилишидан дарак бермоқда. Европада эса «Реал», «Барселона», «ПСЖ», «Бавария», «МЮ», «Челси» каби донгдор клублар бутунлай янгиланиш йўлини танлади. Хусусан, «ПСЖ» раҳбарияти аввалги янгиланишлар янглишиш бўлганини тан олди ва кўплаб юлдузлардан воз кечди. Демоқчимизки, янгиланишлар жараёнида янглишишлар бўлиши табиий. Фақат буни вақтида сезиш ва хатоларни таҳлил қилиб, тўғри йўлни танлаш тараққиёт гаровидир.
Президент Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларида келгуси ўқув йилидан педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларида талабалар фақат давлат гранти асосида таҳсил олишларини таъкидлади. Суперконтракт асосида ўқиб, мактабларга бораётган чаласавод битирувчилар миллатнинг янги авлодига зарур даражада таълим-тарбия беролмасликларини жамият аллақачон англаб етганди ва давлатимиз раҳбари бу жараёнга вақтида ижобий муносабат билдирди. Шу кунларда китоб дўконларига кирсангиз, пештахталар узра таржима асарлар уйилиб ётганига кўзингиз тушади. Қалам ҳақи озлиги ва буюртма йўқлиги сабабми, ўзбек адиблари орасида йирик эпик асарлар ёзишга қизиқиш сусайиб кетгани - ҳаёт ҳақиқати. Президент Шавкат Мирзиёев жамият ҳаётида кўзга ташланаётган мазкур маънавий муаммони ижобий ҳал этиш учун ҳар йили 100та бадиий асарга буюртма берилиши ва муаллифларга 100 миллион сўмдан қалам ҳақи берилишини айтганида, қанча-қанча ижодкорларнинг илҳоми жўшгани бежиз эмас. Факт шуки, ҳозирга қадар нодавлат босма нашр ҳисобланмиш «Репетитор» газетасининг электрон версияси йўқ эди. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни арафасида имзоланган Президент қарорида айнан нодавлат босма нашрларнинг электрон шаклини яратиш учун имтиёзлар берилди. Хуллас, жамият янгиланиш жараёнидаги янглишишларни бартараф этиш йўлидан дадил бормоқда.
Юқоридаги мисолларни келтиришдан муддао шуки, футболимиздаги янгиланишлар жараёнини кучайтириш ва бунда кескин чора-тадбирлар кўриш вақти келди. Футболимиз ҳамон айрим янглиш хулосалар исканжасида яшаётганидан яна бир бора шундай хулоса айтишни лозим топдик. Савол туғилиши табиий: хўш, қайси хулосалар янглиш? Маълумки, аксарият мухлислар ва мутасаддилар Суперлига йўлланмасини қўлга киритган Про лига клублари ўз таркибини сақлаб қолишига тарафдорлар. Александер Станиславлевич ва бир-икки футболчини ҳисобга олмаганда, «Бухоро»да шу қараш қўллаб-қувватланди. Умуман олганда, «Турон»да ҳам шундай сиёсат юритилди ва таркибга бир неча ўртамиёна футболчиларгина таклиф қилинди. Натижани эса барча кўриб-билиб турибди. Улуғбек Бақоев биринчи давра якунида Жасур Ҳасанов, Обид Жўрабоев, Рўзимбой Аҳмедов каби «Бухоро»нинг Про лигадан юқорига чиқиши учун жон куйдирган футболчиларга рухсат берди. Унинг бу қарори юзаки қараганда, номлари тилга олинган футболчиларга нисбатан адолатсизликдек туюлади. Бироқ ҳақиқат шуки, улар Суперлига талабларига бардош беришолмади ва «Бухоро» қимматли очколардан маҳрум бўлди. «Меҳнат қилганнинг қадрига етмоқ керак» - ушбу ўзбекона хулоса моҳиятини янглиш тушуниш «Бухоро» ва «Турон»ни қийин аҳволга солиб қўйди. Меҳнат қилганни қадрлаш - мутасаддилар зиммасидаги бурч, вазифа! Аммо бу Суперлига талабига жавоб беролмайдиган футболчини жамоада сақлаб қолиш кераклигини англатмайди зинҳор. Том маънода меҳнат қилган футболчини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирмоқ, кейин Про лиганинг бошқа клубига кузатиб қўймоқ - Суперлига талаби ва футбол ҳақиқати. Ноўрин андиша ҳам футболчи, ҳам жамоа зарарига ишлайди.
Футболимиз жамоатчилиги орасида яна бир ғалати хулоса кенг тарқалган: «Ҳакамларнинг ёқасидан олиб, «дод-вой» кўтаравермасдан рақиб дарвозасига 4-5тадан гол урганча зўрлигингни исботла! Зўр бўлсанг, атайин хатога қўл ураётган ҳакам шармандасини чиқар!» Бундан хулоса чиқадики, ҳакамнинг хатоси эвазига 1та гол уриб, ғалаба қозонган жамоанинг ошиғи олчи. Ёхуд ҳакам туфайли дарвозасидан тўп ўтказиб юборган, мағлубиятга учраган ва «камбэк» учун камида 2та гол уролмаган жамоа жабрланишга муносиб! Бу қандай хулоса бўлди? Шуми футбол ҳақиқати? Сезиб турибмиз, саволларимизга жавобан кимдир баралла айтиши мумкин: «Йўқ, жазоланишга муносиб эмас, лекин футболда шундай хатолар учраб туради!» Бундай қараш - янглиш хулоса ўрнига яна янги янглиш жавоб! «Футболда ўйин натижаси ва охир-оқибат, чемпионликка таъсир кўрсатадиган хатолар бўлиб туради!» қабилидаги хулосани тан олиш, бунга кўниш ва жамоатчиликни ҳам шундай ноъмақбул тўхтамга кўниктириш - майдонда янги хиёнатларга йўл очиш билан баробар. «Йўқ, ҳакамнинг биргина хатоси ҳам қимматга тушади, тараққиётга тушов солади!» - десаккина ва бутун футбол жамоатчилиги шундай қатъият билан яшасагина Суперлига учрашувларига томошабинлар ташрифи кўпаяди, адолат қарор топади. Такрор айтамиз, бошқа соҳалардаги янглишишларга барҳам берилиб, халқнинг кўнглидаги ҳақиқатлар сари юз бурилмоқда. Футболимизда ҳам ҳақиқат байроғини баланд кўтарадиган ва ҳилпиратадиган, ҳакамлар қўлида фақат адолат ҳуштаги чуриллайдиган, мураббийлар шахсий истакларидан устун туриб, истеъдодларга йўл очадиган пайт аллақачон етиб келган. Афсуски, футболимиздаги янгиланиш жараёни янглишиш измидан чиқолмаяпти. Мутасаддилар қайсидир ҳакам ёки мураббийнинг маҳоратига маҳлиё бўлиб, унинг хатоларини кечиришдан ўзларини тийишолмаяпти. Фақат қўпол хатолар кузатилсагина ҳакам бир неча ўйинни бошқаришдан четлатилмоқда. Очиғи, ҳозирда маълум муддатли дисквалификацияга учраган ҳакамлар бу жараённи ўзларига оғир олишмайди. Чунки билишадики, озгина сабр қилишса, ҳаммаси яна ўз измига тушади. Мухлислар эътирози, истеҳзо ва кесатиқлар уларни асло қизиқтирмайди. Бошқача айтганда, футболимиз муҳитида «Мухлислардаги норозилик - ўткинчи ҳолат! Вақт - ҳаммасига даво!» қабилида мутасаддилар табиатига хос беандиша хулоса мавжуд. Унутмаслик керак, вақт ҳар бир нарсага даво бўлавермайди. Аксинча, вақт барча хатоларни ўз бағрига жойлаб, якунда ўз нишонини муносиб жазолайди.
Муҳтарам мухлис! Янги Ўзбекистон том маънода янги даврга қадам босмоқда. Юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришларга ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз. Кечагина хаёлийдек туюлган орзу-умидлар бугун ҳақиқатга айланмоқда. Шу маънода юқорида билдирилган ва хаёлийдек туюладиган мулоҳазаларимиз эрта-индин, албатта, ҳақиқатга айланишига ишончимиз комил! Кўриниб турибдики, футболимиз тараққиёти регламент ва низомларга сиғмаяпти. Ҳозирги регламент ва низомлар ҳакамлар, мураббийлар ва футболчиларни адолат йўлида ҳаракатлантиришга қийналмоқда. Демак, ўртага регламент ва низомларга сиғмайдиган, қолипларни синдирадиган, истеъдодларнинг кўникилган жиҳатларга бўйсунмайдиган табиатини қўллаб-қувватлайдиган виждон-эътиқод масаласи тушмоғи даркор!
Муҳаммад ВАЛИ
Португалиялик Рубен Аморим 11 ноябрь куни «МЮ»ни илк марта бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди
«Эль-Гладиадор» лақаби билан танилган Саломон Рондон Венесуэла миллий жамоаси билан ЖЧ-2026 саралашидан муваффақиятни ўтиб, мамлакат футболи тарихига киришдан умидвор
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789