Захирада турган сўзлар...

Захирада турган сўзлар...

Чортоқ шаҳрининг марказий кўчасида ёмғирдан кейинги намхуш ҳаводан нафас олиб кетаётиб, меҳнат фахрийси Жамолиддин Саримсоқов ва у кишининг дўстларига дуч келдик.

Тасанноки, ҳар бир оқсоқол «ИнтерФутбол»ни сонма-сон ўқиб борар экан. Сизлардан миннатдормиз, азиз ва муҳтарам мухлислар! Сизлар учун ёзиш, ёзганда ҳам кўнглингиздагини топиш - катта шараф ва масъулият. Захирамизда қанча ардоқли сўзлар бўлса, барчаси сизлар учун!

Ривалдо санчган «тикон»

«Бунёдкор» ФИФА қарорига мувофиқ, Ривалдо ва Денилсонга 9,2 миллион евро тўлашини эшитган мухлис борки, кафтини тиззасига урди: «Эҳ Ривалдо, маҳоратингга такрор қойил! Бечора «Бунёдкор» яна «чув» тушибди-да! Айб сендами ёки ўзимизникиларда?!» Биз эса хабар билан танишган лаҳзанинг ўзида таниқли журналист Муаззам Иброҳимованинг «Илтимос, болалар яшасин!» номли оғриқли мақоласини эсладик. Буни ўқиса, қалби тош каби қотган одам ҳам дод уриб юборади унда кўтарилган изтиробли мавзудан. Бироқ бели оғримай пул топганлар ўқишмайди-да... «Бунёдкор» истаса-истамаса, ФИФА қарорини бажаради, барибир. Бир вақтлар минг истиҳола билан ҳазрат Алишер Навоийнинг «Топмадим» ғазалига мухаммас боғлагандик. У улуғ шоир таваллудининг 583 йиллиги арафасида «Маърифат» газетасида чоп этилди. Шу ўринда ўша мухаммасдан бир банд келтиришни мақсадга мувофиқ ҳисобладик:

Элининг дардини билмас манқурт, худбин қул - тикон,

Қароқларда қалов топмай сўнган олов - кул - тикон,

Балойи нафс дасти бирла хўб сочилган пул - тикон,

Кўнглум ичра сарв ўқдур, ғунча - пайкон, гул - тикон,

Даҳр боғи ичра мундоқ гулистоне топмадим.

Ҳа, қуллик психологияси, олов каби ёниш ўрнига кул бўлишга кўнмоқлик, балойи нафс йўлида пулга мубталолик - буларнинг барчаси миллатимиз вужудига қадалган тиконлар! Ривалдо санчган тикон заҳридан футболимиз жисм-у жони оғриқ кучидан иҳраб юборгандир. Бошқа соҳалардаги каби футболимиз бу каби иллатдан қачон қутулади? Ўтган мавсум қанча легионер Суперлигада шунчаки, сайр қилиб, мўмай даромад билан юртига қайтди? Янги мавсум ҳам ўшандай хорижликларни кўрмаймиз, деб ўйлайсизми? Келгусида улар билан Ривалдо қўзғаган муаммо такрорланмайдими? Футболимиз жамоатчилигининг қалб кўзи қачон очилади? Мутасаддилар,  мураббийлар ва футболчилар қачон футболга сарфланаётган маблағ ердан супуриб олинмаётганини тушуниб етишади? Охиригача ўйланмаган қарорлар туфайли Эктор Купер жомадонини тўлдириш каммиди? Энди навбат Ривалдо ва Денилсонни бойитишга... Бунақаси кетмайди, жаноблар! Ножўя ишга қўл ураётганлар, қадамингизни ўйлаб босинг, оқибати яхши бўлмайди нопокликнинг.

Мағлублик  мардонаворликми?

Газетамизнинг аввалги сешанба сонида чортоқлик мухлис Собиржон Мусабоевнинг изтиробга тўла мулоҳазалари ҳақида ёзгандик. 24 январь куни у кишининг саъй-ҳаракати билан Чортоқда мароқли футбол гурунги ташкилланди. Анонс сифатида айтишимиз мумкинки, «ИФ» таҳририяти «Футбол гурунги» номли янги лойиҳага қўл урмоқда. Унинг дастлабки сони яқин тарихдаги донгдор ҳужумчи Зафар Мусабоев иштирокида тасвирга олинди. Гурунгни тўлиқ ҳолатда яқин орада ижтимоий тармоқлар орқали томоша қилишингиз мумкин. Бу ўринда икки жиҳатни эслаб ўтмоқчимиз. Биринчиси - маҳаллий шароитда ёш истеъдодларни тарбия­лаш масаласи. Бу борада Зафар Мусабоев ва унинг жамоаси амалга ошираётган ишлар таҳсинга сазовор. Эътибор беринг, футзал бў­йича Чортоқ биринчилиги Олий лигасида 14та, Про лигасида эса 28та жамоа икки гуруҳга бўлиниб, иштирок этар экан. Бундан ташқари, чемпионатнинг мактаблараро мусобақаси бўлиб, унда ўқувчилар 3та ёш тоифасида ўзаро беллашишади. Қойилмисиз?! Гурунг давомида Пешқўрғон қишлоғида, 22-мактаб базасида футбол жонкуяри Темур Ражаббоев ҳам шундай ишларни амалга ошираётгани тилга олинди. У тарбия­лаган ва катта футболга йўллаган Беҳруз Абдусатторов - ҳозир «Локомотив» U-21 жамоаси аъзоси. Мамлакатимиздаги ҳар бир қишлоқ ва шаҳарда футболга эътибор шундай даражага кўтарилса, келажакда мундиал ва Олимпиада йўлланмаси ҳақида ташвишланмасак бўлаверади. 

Футболимизнинг айни чоғдаги вазияти эса ташвишланарли эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Гурунг чоғи шу мавзу, хусусан, «Насаф» ва «Навбаҳор»нинг ОЧЛ 1|8 финал бос­қичидан ўтолмагани сабабларига алоҳида тўхталдик. Ҳар икки жамоа мураббийлари кичик ҳисобли мағлубиятдан сўнг футболчилар мардонавор тўп суришганини таъкидлашди. Кўплаб мухлислар ҳам футболчилар майдонда қаттиқ ишлашгани, тер тўкишгани ҳақида сўзлашди. Интервьюлар ва изоҳлар билан танишар эканмиз, «Мағлубиятдан ҳам мардонаворлик топса бўларкан-да!» - деб ўйлаб қолдик. Йўқ, нуфузли турнирлар ярим финали ва финалидаги мағлубиятларни тўғри тушунамиз. Бундай ўйинларда рақиблар том маънода ғалаба учун курашишади ва қайсидир тараф мардонавор енгилади. Лекин нимчорак финалдаги мағлубиятни ҳам мардонаворлик сифатида таърифлаш сал ғалати эмасми? Бугун Бундеслигада Хаби Алонсо олға бошлаётган «Байер»ни шу сифат билан олқишласак арзийди. Ла Лига грандлари билан тенгма-тенг рақобатлашаётган «Жирона», Лига-1да шов-шув кўтараётган «Брест» ҳам шу таърифга муносиб! Аммо ОЧЛ нимчорак финал босқичида «Ал-Айн» ва «Ал-Иттиҳод» тўсиғидан ўтолмаган икки клубимизнинг майдондаги ҳаракатини  мардонаворлик ибораси билан буркаш бироз эриш тую­лади кишига. Ҳали-ҳамон қонимизда аслида профессионал футболчининг вазифаси ҳисобланган меҳнатни ортиқча мақташ ферментлари оқ-моқда, шекилли. Ҳар икки бош мураббий футболчиларнинг мардонавор тўп суришларини таъкидлашдан кўра, йўл қў­йилган хатолари ҳақида сўзлашса ва бу каби ёндашув футболимизда одатга айланса, шундагина клубларимиз, терма жамоаларимиз мухлислар орзу қилган натижаларга эришади.

30 февраль нафаси

Ҳар баҳор арафаси раҳматли Абдували Қутбиддиннинг ажиб мисралари ёдимизга тушаверади:

Мусаллас эрийди каклик сувдонида,

Лойқа ариқларда кўпчийди асал.

Ҳайрат эшигида бизни кутмоқда 

30 февраль.

30 феврални ким қандай тушунса, тушунаверсин. Ушбу мисралар  шундай ноодатийлиги билан гўзал. Мухлис учун янги футбол мавсумининг бошланиши ҳайрат эшигининг очилиши билан баробар! «Мусаллас эрийди каклик сувдонида», яниким, футбол мухлиси орзиқиб кутилган дамлардан завқланади, майдон магиясидан маст бўлади. Унинг томиридаги музликлар эрийди, жўшиб, тошиб оқади. «Лойқа ариқларда кўпчийди асал» мисрасидан деҳқон ўзича маъно топади. Футбол мухлиси учун эса бу мисра ўзгача маъно ташийди. Футболни соғинган қалб ғалаба ёки мағлубиятдан қатъий назар, стадионга ошиқади. Мағлубият ҳам уни йўлдан тўхтатолмайди. Мавсум аввалида унинг учун энг муҳими -  футбол томошаси, қиш бўйи совуққотган вужудини футбол тафти билан иситиш. Тўғри тушунинг, романтик хаёлларга берилмаяпмиз. Зеро, қишдан омон-эсон чиқиб, яна стадионда футбол томоша қилиш орзусида юрган, шу орзу билан баҳорни кутган ва кутаётган мухлислар қанча?! 

Иброҳимхалил Йўлдошев бир интервьюсида Суперлигамиз савия бўйича РПЛдан тўрт-беш баробар орқада эканлигини таъкидлади. Очиғи, бу хулоса мухлисларимиз учун янгилик ҳисобланмайди. Демоқчимизки, мавсум арафасида мухлислар учун савия-павиянинг қизиғи йўқ! Асосийси, мавсумнинг бошланиши ва футбол томошаси! Ҳар қанча танқид қилмайлик, Суперлига шу маънода барчамиз учун қадрли. Яхшиям борсан ва мавжудсан, Суперлига! Сен бўлмасанг, футбол томошалари, бу каби мулоҳазалар қайда?! Марҳабо, футболимизнинг янги куни, Суперлига-2024 мавсуми!

Хулоса

«Фулхэм» «Олд Траффорд»да «МЮ»ни мағлуб этганида, бир фикр хаёлимиздан ўтди ва уни хулоса ўрнида айтамиз: футболнинг ҳозиргача эътироф этиб келинган, ёзилмаган қонунлари энди аста-секин ўзгармоқда. Бу ҳам мундиал ва Олимпиада йўлланмаси учун курашда қийналадиган футболимиз учун ўзига хос қулайлик! Суперлиганинг янги мавсуми шу қулайлик учун замин ҳозирласин, илоҳим!

Муҳаммад ВАЛИ