ВОҚЕЛИК: «Қарз» дарҳол қайтарилди, яна фоизи билан!

ВОҚЕЛИК:  «Қарз» дарҳол қайтарилди, яна фоизи билан!

«Барселона» аёллар жамоаси Испания суперкубоги эгаси!

Футбол ҳодисотларга бой-да, барибир. «Реал» футболчилари кечагина Саудияда «Барселона»ни шармандали ҳолатга тушириб (4:1), Испания суперкубогини бошлари узра баланд кўтаришганди мағрурлик билан. Орадан ҳеч қанча ўтмай, аёллар футболида ҳаммаси мутлақо тескари айланди...

Қарангки, аёллар миқёсидаги мамлакат суперкубоги ярим финалида айнан «Барселона» ва «Реал» клублари ўзаро тўқнаш келди. Бу сафар 4:0 ҳисоби қайд этилди, лекин «Мадрид» эмас, балки аёллар секторида чин гегемония ўрнатган Каталония жамоаси фойдасига. 

«Эль-класико-W»нинг алоҳида нуқтаси шуки, «Реал» дарвозасига 4-голни урган Сальма Параллуэло бразилиялик Винисиус Жуниор ишорасини такрорлади. Ар-Риёдда «хет-трик»ка эришган футболчи бармоқлари ёрдамида 4 рақамини кўрсатганди (голлар сонига ишора). Сальма эса «дубль» қайд этди ва Винисиусга ўзига хос жавоб берди, гўё. Оддий айтганда, «Барселона» аёллар жамоаси эркаклар клуби учун тезкор қасос олди ёки «қарз» (1:4)ни дарҳол қайтарди, яна фоизи билан (4:0).

«Барселона» аёллар жамоаси 4-марта Испания суперкубогини қўлга киритиб, бу борада рекорд ўрнатди. «Блауграна» финалда «Леванте»ни 7:0 ҳисобида енгди. Ҳозирда «Атлетико», «Леванте», «Эйбар», «Малага» ва «Сан-Висенте» аёллар жамоалари ҳисобида 1тадан суперкубок бор.