ВОҚЕЛИК: Сенсациянинг бош сабабчиси

ВОҚЕЛИК: Сенсациянинг бош сабабчиси

Ўтган ҳафта Европа Чемпионлар Лигаси саралаши иккинчи босқичи ортда қолди.

Энг сенсацион натижалардан бирини «Олимпия» (Словения) - «Лудогорец» (Болгария) жуфтлиги тақдим этди. Қолаверса, ҳаммаси ўта кучли сценарий остида ҳал бўлди - Словения клуби дарвозабони Матевж Видовшек 90+12-дақиқа (!) да белгиланган пенальтини бартараф этиш асносида нафақат ўйин, балки бутун ҳафта қаҳрамонига айланди. Ахир у «дуэл»да устун келмаганида, эҳтимолки, «Олимпия» эмас, балки «Лудогорец» кейинги раундга чиқарди...

«Олимпия» Болгарияда бўлган дастлабки ўйиндаёқ кейинги раундга катта қадам ташлаганди. Ҳар ҳолда, «Лудогорец» майдонида қайд этилган 1:1 ҳисоби словенияликларни руҳлантириб юборгани тайин. Жавоб учрашувининг асосий вақти ҳам 1:1 ҳисобида якунланди. Қисқаси, ҳамма қўшимча бўлимларга руҳан шайланаётган паллада словениялик ҳужумчи Тими Элшник «дубл»ни расмийлаштириш асносида «Олимпия»ни кейинги раунд сари тортди. Лекин 90+1-дақиқада урилган гол ўйинда охиргиси бўлмасди агарда Матевж Видовшек 90+12-дақиқада белгиланган пенальтини бартараф этмаганида. 

Амалда «Лудогорец» вакили Кирил Десподов кипер билан «дуэл»да енгилди ва шу тариқа Любляна жамоаси сенсацион тарзда кейинги раундга чиқди. Видовшек ва унинг клубдошларини олдинда яна бир катта тўсиқ кутиб турибди - словенияликлар 8 август куни (бугун) ўз майдонларида Туркия чемпиони - «Галатасарой»ни қабул қиладилар.