Вундеркинднинг иккинчи қиёфаси

Вундеркинднинг иккинчи қиёфаси

Юсуф Мукоко - Дорт­мунд «Боруссия»сининг биринчи рақамли тарбияланувчиси, клуб академияси бош жавоҳири.

 Бироқ унинг ота-онаси билан муносабати яхши эмас. Йигитча шу туфайли клуб билан шартнома муддатини узайтиришга унча ошиқмади. Аниқроқ айтсак, Юсуф ноябрни орзиқиб кутди. Мана, у аввалги ой 18 ёшини қарши олди, энди янги шартномасига отаси аралашиши шарт эмас, ҳужжатга ўзи мустақил равишда имзо чекиши мумкин.

*** 

«Боруссия» айни пайт Юсуф Мукокога 3 йиллик шартнома асосида 10 млн. евро миқдорида маош таклиф қилмоқда. Лекин унинг олдида молиявий томондан анча яхши чорловлар етарли. Ёш футболчининг ота-онаси билан муносабати бузилгани ҳақида биринчи бўлиб, Германиянинг Bild нашри хабар тарқатганди. Унда таъкидланишича, Юсуф нафақат ота-онаси, балки оиласининг бош­қа аъзолари билан ҳам сира келишолмаётган экан. Катта Мукоко эса орага совуқчилик тушганида ўғлининг шахсий агентини айбламоқда. Орадан кўп ўтмай, оилавий можаро сабаблари ҳам ойдинлашди. Маълум бўлишича, Мукоколар фақат Юсуфнинг маблағи эвазига кун кўраётган эканлар, улар яна шоҳона ҳаётга мойиллар. Дейлик, 10 ноябрга қадар Гамбургдаги уй (ҳудуди - 1300 кв.|метр) ижара ҳақи учун 1 млн. евродан кўпроқ тўлашлари лозимлиги, акс ҳолда, кўчага чиқиб кетишларига тўғри келиши хусусида маълумотлар тарқалганди. Умуман, Юсуф ота-онаси билан 2 йилдан буён гаплашмайди, шунинг учун муаммо анча чигал. Оддий айтганда, футболчи яқинлари, хусусан, ота-онасини очкўзликда айблаб, уларга моддий ёрдам беришдан бош тортмоқда. 

*** 

Юсуф Мукоко айнан оилавий жанжал туфайли «Боруссия» Д. билан шартномаси муддатини узайтиришга шошилмаётганди. Ваҳоланки, ҳозирги келишув 2023 йилнинг ёзида ўз кучини йўқотади. Чунончи, Юсуф клуб таклифини олдинроқ қабул қилганида, шартномага унинг номидан расмий вакил сифатида отаси имзо чекарди. Футболчи эса буни шунчаки, хоҳламади ва 18 ёшга тўлишини кутди. Энди эса Юсуф барчасини ўзи мустақил равишда ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Kicker маълумотига қараганда, томонлар амалдаги ҳамкорлик муддатини узайтириш масаласида келишиб қўйишган. Юқорида таъкидланганидек, агар Юсуф таклиф этилаётган 3 йиллик шартнома остига имзо чекса, жами 10 млн. евро олади. «Болакай ҳозир атиги 17 ёшда, яна 2 ойдан кейин балоғатга етади, шунда мустақил равишда шартнома тузиши мумкин», - деганди «Боруссия» Д. бош мураббийи Эдин Терзич сентябрь ойида.

*** 

Дортмунд клуби Мукокони қўйиб юбормасликка уриниши табиий ҳол. Зеро, гап Бундеслиганинг энг сермаҳсул футболчиларидан бири ҳақида кетмоқда. Чемпионатдаги дебютини 2020 йилнинг ноябрида нишонлаган Юсуф ҳозирга қадар майдонда жами 1093 дақиқа тўп суриб, 9та гол урди, қўшимчасига 5та самарали узатма муаллифига айланди. Бундеслига тарихида атиги икки футболчи ундан самаралироқ старт қайд этган - Эрлинг Холанд ва Роберт Левандовски. Биласиз, норвегиялик ҳам, польшалик ҳам ҳозир Германия чемпионатида эмас. Демакки, айни пайт Бундеслигада Юсуф Мукоко энг истиқболли ҳужумчилардан бири бўлиб турибди. Йигитча бежиз Германия миллий жамоаси таркибида Қатар-2022 мундиалига йўл олгани йўқ. Унинг, умуман, бундестимнинг ЖЧдаги натижаси эса мутлақо бошқа масала. 

*** 

Аслида ёшлар футболида ёрқин ва сермаҳсул ўйин намойиш этиш асносида кўзга ташланган Мукоко «Дортмунд» билан ЕЧЛда ғалаба қозониш ва «Олтин тўп»га қўл узатиш орзусида. Йигитчанинг тарихига назар солсак, у Камерунда туғилган, 10 ёшига қадар бобоси ва бувиси қарамоғида яшагач. Юсуф кейинроқ ўтган асрнинг 90-йиллари Германия фуқаролигини қабул қилган отаси - Жозеф ортидан Гамбургга йўл олган. Дарвоқе, ёш ҳужумчи болалик пайти тенгқурларига нисбатан яққол каттароқ кўрингани турли шубҳалар уйғотган ва отаси бунга алоҳида изоҳ беришгача борганди: «Ўғлим дунёга келиши билан уни Камерун пойтахти - Яундедаги Германия элчихонасида рўйхатдан ўтказганман. Бизда Юсуфнинг туғилган санасини тасдиқлайдиган расмий гувоҳнома бор. Ўғлимнинг ёшига шубҳа билан қараётганларга уни кўрсатишим мумкин».

*** 

Футболчилик фаолиятини «Санкт-Паули» академиясида бошлаган Юсуф аввалига U-15 жамоасида ўзини кўрсатди - 12та ўйинда 21та гол! Ана шу маҳсулдорлик ёш иқтидорга Дортмунд «Боруссия»си эшикларини очди. Муҳими, Мукоко янги жамоада янада юксакроқ натижага эришди - 15та ўйинда 33та гол! 2017 йили 12 ёшли болакайни бирданига U-17 тои­фасидаги ўсмирлар жамоасига ўтказишди ва у дебютдаги «дубль» билан илк марта хориж ОАВ эътиборини ҳам торт­ди. Ёш ва бақувват ҳужумчи «дубл»дан сўнг тез орада 2та «хет-трик» ва «покер» расмийлаштиргач, «Боруссия» Д. янги феномен топганига тўлиқ ишонч ҳосил қилди. Умуман, Мукоко U-17 биринчилигидаги дастлабки мавсумдаёқ 28та ўйинда иштирок этиб, рақиблари дарвозасини нақ 50 марта нишонга олди.

*** 

14 ёшли снайпер 2019|2020 йиллар мавсуми арафасида U-19 жамоаси сафидан жой олди ва стартни 6та гол (!!!) билан безади. Юсуф кейинчалик бирин-кетин рекордлар ўрнатишга тушди:

** 2019 йилнинг сентябрида ўсмирлар ўртасидаги ЧЛ турнирида «Барселона»га қарши майдонга тушиб, мусобақада қатнашган энг ёш футболчига айланди

** 14 ёшли болакай октябрь ойида «Интер» дарвозасини ишғол этиш орқали ўсмирлар ўртасидаги ЧЛда гол урган энг ёш футболчи бўлди. 

** 2020 йилнинг апрелига келиб, пандемия туфайли 6та ўйин кечиктирилишига қадар «Боруссия» U-19 таркибида 20 марта майдонга тушиб, 34та гол урди - навбатдаги рекорд!

** Юсуф Бундеслигадаги дебют голини 16 ёшу 28 кунлигида нишонлаб, чемпионат рекордини янгилади. У бу борада «Байер» вакили Флориан Вирц (17 ёшк 34 кунлик пайти «Бавария» дарвозасини забт этганди) натижасини яхшилади.

*** 

Айтиш ўринли, 2020 йилга қадар Бундеслигада 17 ёшга етмаган футболчининг майдонга тушишига йўл қўйилмасди. «Боруссия» раҳбария­ти айнан Мукоко учун чекловни бироз юмшатишни талаб қилди ва футболчилар 16 ёшдан Бундеслигада тўп суриш ҳуқуқига эга бўлдилар. Жумладан, Юсуф 16 ёшга тўлган кунининг эртасига Бундеслигадаги дебютини нишонлади. Ёш ҳужумчи Nike билан қиймати 10 млн. еврога тенг узоқ йиллик шартномага эга ва ҳали юксак чўққиларни забт этиш ниятида: «Мақсадим - Дортмундда профессио­нал футболчи мақомига эга бўлиш, ЧЛ ғолибига айланиш ва «Олтин тўп» ютиш». Нима дердик, ёш ҳужумчига омад, фақат ота-онаси ва яқинлари билан муносабатини изга солиб олса яхши бўларди…