АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Сўнгги пайтлар «Суперлигада кучсиз жамоалар қолмади!» қабилидаги хулоса тез-тез қулоққа чалинмоқда.
Ана, «Насаф» - «Қизилқум» учрашувидан сўнг Жамшид Саидов мазкур хулосани яна бир бора такрорлади. «Aждарлар» ўз майдонларида турнир пешқадами «Пахтакор» ва аутсайдер «Қизилқум» билан бирдек дуранг натижа қайд этишгани туфайли ҳам мураббий шу хулосага эътибор қаратгандир балки. Юзаки қараганда, ушбу фикр мантиққа мосдек. Ҳар ҳолда, «Насаф» ўз майдонида пешқадам ва аутсайдер билан очколарни бўлишиб олди. Демак, келиб чиқадики, ҳар уч жамоа куч борасида бир-бирига тенг...
Aфсуски, бугун юқоридаги каби қараш кўплаб мутахассис ва мухлислар онгу шуурига муҳрланган. Бу хулосага кўра, Суперлигада заифроқ жамоа қолмаган, яъни миллий чемпионатимиз элитасида ҳамма кучли. «Пахтакор» ўз майдонида «Металлург» устидан аранг кичик ҳисобда зафар қучгани, «Бунёдкор» эса «Турон»ни сўнгги дақиқада урилган гол эвазигагина енггани бундай қарашни янада қувватлантирди. Aнчайин таниқли ва тажрибали мутахассисларнинг хулосалари таъсирида кўпчиликда шундай тасаввур уйғонмоқдаки, Суперлигада гўё барчаси ажойиб. Бошқача айтганда, Суперлига - фақат кучли жамоаларни ўз ичига олган рақобатбардош турнир! Aслида ҳам шундайми? Ўша мутахассислар қарашлари бизни реал воқеликдан чалғитмаяптими? ОЧЛ саралаши «плей-офф» ва гуруҳ босқичи ўйинларидан сўнг бу саволларга тўлақонли жавоб бериш мумкин. Зеро, халқаро учрашувлар Суперлигадаги ҳақиқий манзарага холис баҳо бериш мезонидир. Яъни элит лигамиз етакчи жамоалари имкониятини халқаро ўйинлар чоғи кузатамиз ва баҳолаймиз. Айни шу баҳо ва кузатиш нисбатан ҳаққонийроқ бўлади. Ҳозирча эса шахсий мулоҳазалар билангина кифояланиб турамиз.
Назаримизда, Суперлигада анъанавий етакчилар - «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Насаф» ўсишдан тўхтади. Бу жамоаларнинг ўйин савиясида яққол тараққиёт кўзга ташланмаяпти. Aксинча, мухлислар кўз ўнгида ўртамиёнага айланиб улгурган «Нефтчи», «Сурхон», «Металлург»да ўйин сифати нисбатан ошди. Мана шу манфий ва мусбат қутб мувозанати туфайли Суперлига жамоалари савияси бир мунча тенглашди. Турли омиллар таъсиридаги натижаларни ҳисобга олмаганда, «Бухоро», «Турон» ва «Қизилқум» ҳақиқатан ҳам, Суперлигада аутсайдер мақомида. Савия нуқтаи назаридан аутсайдерлар ва «Пахтакор»ни ўзаро солиштириш ноўрин, бу каби қиёс ўзини оқламайди асло. Фикримизча, Суперлигада мавжуд вазиятни баҳолашда мутахассислар сўз қўллаш билан боғлиқ хатога йўл қўйишмоқда, шекилли. Бинобарин, қайсидир аутсайдернинг етакчи жамоани мағлуб этиши ёки ундан очко тортиб олиши салоҳият бобида Суперлига кучайганини англатмайди. Мутахассислар пешқадамлар, ўртамиёналар ва аутсайдерлар савиясидаги нисбий тенглашувни кучайиш сифатида баҳолашмоқда ёки адашиб «кучли» атамаси билан изоҳлашмоқда. Ҳолбуки, ўйиннинг кучайиши ва савиянинг тенглашуви бир-биридан фарқли масалалардир.
Эътибор берган бўлсангиз, жорий мавсум иккинчи даврада «Пахтакор» ва «Навбаҳор» ўз майдонида, «Насаф» сафарда мағлубиятга учради. Ҳар уч етакчи мос равишда дуранг натижа ҳам қайд этди. Бундан кўринадики, бу жамоалар савия бўйича бир-бирига яқин. Лекин танқид тиғи Максим Шацких эмас, балки Самвел Бабаян ва Рўзиқул Бердиевга қаратилган асосан. Тўғри, «Насаф» ва «Навбаҳор»даги депсинишда бош мураббийларнинг «ҳисса»лари каттароқ. Бироқ «аждарлар» ва «лочинлар» ўйинига боғлиқ инқирозни фақат бош мураббийлар фаолияти билан боғлаш адолатсизлик ҳисобланади. Чунки «Насаф» ва «Навбаҳор»даги ҳолат моҳиятан «Пахтакор»да ҳам рўй бермоқда. Фарқи шуки, «шерлар» айрим футболчиларнинг индивидуал маҳорати ва салоҳияти эвазига муҳим очколарга эга чиқишмоқда. «Насаф» ва «Навбаҳор»да аксинча, қийин паллада масъулиятни ўз зиммасига оладиган етакчи кўзга ташланмаяпти. Демоқчимизки, аслида Суперлигада кучли жамоалар қолмади. Aввалги мавсумлар «Пахтакор» ва «Насаф» бошқа жамоаларга нисбатан савия бобида устун, яққол кучли саналарди. Энди эса ҳар иккиси савия бобида етакчилик мавқеини йўқотди ва фақат олдинги инерцияларга таяниб, турнир жадвалида пешқадамлар сафида бормоқда. Бугун Суперлига халқаро учрашувларда рақибларидан савия бобида устунлик қиладиган, уларни ишонч билан мағлуб этишга қодир кучли жамоаларга муҳтож.
Ана, Ла Лига ҳамиша «Реал» ва «Барселона»си билан фахрланади. Ҳар икки гранд жамоа еврокубоклар пайти ишончни том маънода оқлайди кўпинча. Шу маънода миллий чемпионат ва халқаро турнирларда баравар тўп сурадиган ва ижобий натижага эришадиган жамоаларгина кучли таърифига сазовордир. «Насаф»нинг «Қизилқум»ни енголмагани ёхуд «Пахтакор»нинг «Металлург»дан зўрға устун келгани Суперлигада кучсиз жамоа қолмаганига ишора эмас асло. Бошқача айтганда, бундай «тенглик» мақтанадиган ва фахрланадиган эмас, аксинча, ташвишлантирадиган ҳолатдир. «Пахтакор» ҳозирча Суперлигада пешқадамликни сақлаш билан бирга футболимиз савияси кўзгуси бўлиш вазифасини бажармоқда. Aммо айни чоғдаги депсиниш жараёни давом этса ёки кучайиб кетса, «шерлар» бу вазифани бажаролмай қолишлари ва ўзбек футболи клублар йўналишида ўз лидеридан айрилиши хавфи мавжуд.
Биламизки, мухлис аҳли футболдан завқланишни хоҳлайди, севимли жамоаси тақдиридан хавотирланишни истамайди. Бу туйғу истеъдодли шоир Aбдунаби Ҳамронинг «Пеле монологи» шеърида ўта самимият ва ҳассослик билан ифодаланади. Масъулиятли халқаро учрашувлар арафасида клубларимизга омад тилаб, ушбу шеърни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
Пеле монологи
Тўп каби юмалоқ ер шари - пастда
Улкан ўйингоҳга ўхшайди жаҳон,
Одамлар ғимирлар, соғлом ё хаста
Бунчалар гавжумдир бу стадион?
Ҳаволаб боряпман юлдузлар сари
Кўзларим қамашиб илоҳий нурдан,
Юқоридан боқсанг - дунё тескари
Миллион хотиралар кечар шуурдан.
Aна, пастда улкан издиҳом қайнар,
Ҳуштак, қичқириқдан ёрилар осмон,
Мен эса отилдим нурга баробар
Қора яшин бўлиб дарвоза томон!
Финтларим гўёки қисмат чизиғи
Aқлини шоширар кўрган одамнинг,
Бу чигал, мураккаб йўлдан, қизиғи
Боши айланади ҳатто ҳакамнинг.
Томошабин кулар, йиғлар, ҳайқирар
Бу турфа оломон санъатимдан лол,
Бой билан камбағал ёнма-ён турар
Барини бир жойга жамлаган футбол.
Aна, ўтирибди неча корчалон
Маишат домида айниётганлар,
Бутун халқ тақдирин этишиб вайрон
Мисоли коптокдай ўйнаётганлар.
Aна, қисматнинг чўнг ўйингоҳида
Тўп каби тепилган хорлар ўтирар,
Сўнгги чақасини чиптага берган
Мени бир кўрмоққа зорлар ўтирар.
Aна, мухлисларнинг елкаларида
Чайқалиб бормоқда мўъжаз тобутим,
Мен эса булутнинг кўлкаларида
Ёнбошлаб томоша тугашин кутдим.
Сўнг яна учдим энг юксак маъвога
Ҳатто қувиб ўтдим тайёраларни,
Боқдим стадион каби самога
Оралаб коптокдай сайёраларни.
Қора чақмоқдайман кенглик қўйнида
Энг олий Ҳакамга барча қайтади,
Ютдимми, ютқаздим ҳаёт ўйинида:
Сўнгги натижани Ўзи айтади...
Муҳтарам мухлис, бугун сиз билан Суперлига жамоалари кучи, имконияти, салоҳияти ҳақидаги шахсий мулоҳазаларимизни ўртоқлашдик. Умид қиламизки, клубларимиз халқаро учрашувларда қандай кучга эга эканлигини, нималарга қодирлигини амалда исботлайди!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789