Хавфсизлик чорасининг олий даражаси

Хавфсизлик чорасининг олий даражаси

«ПСЖ» билан ҳеч муроса қилолмаётган франциялик ҳужумчиси Килиан Мбаппе аввалги ҳафта илк марта аждодлари ватани - Камерунга ташриф буюрди.

Гарчи жаҳон футболи юлдузининг ушбу сафари охирги паллагача сир тутилган бўлсада, мухлислар қаердандир хабар топиб, унга пешвоз чиқишди. Хуллас, Килиан Яунде аэропортидаёқ мислсиз оломон ичида қолди.

Маҳаллий полициянинг футболчи хавфсизлигини таъминлаш учун кўп тер тўкишига тўғри келди. Дейлик, Мбаппега тўлиқ қуролланган полициячилар ва зирҳланган машиналар бириктирилди. Эътиборлиси, Килиан Камерун бўйлаб саёҳатини Яунде шаҳридаги эшитиш қобилияти паст болалар мактабига ташриф билан бошлади ва шахсий хайрия жамғармаси ҳисобидан муассасани қайта тиклаб беришини маълум қилди. Футболчи шунингдек, Камерун бош вазири Жозеф Нгют ҳамроҳлигида болалар боғчасидаги қурилиш ишлари билан танишди, бу каби лойиҳаларга ҳам молиявий ёрдам кўрсатишга ваъда берди.

Франция миллий жамоаси етакчиси 1983 йили дунёнинг собиқ учинчи ракеткаси Янник Ноа томонидан асос солинган қишлоқда ҳам бўлди. Килиан у ерда иккинчи дивизион жамоаси ўртоқлик ўйинида иштирок этиши керак эди, аммо полиция хавфсизлик нуқтаи назаридан учрашувни бекор қилди. Тўғри, голеадор маҳаллий болалар билан баскетбол ўйнади. Мбаппе якунда тансоқчиларнинг катта гуруҳи ҳамроҳлигида қайиққа ўтириб, отаси Вильфрид туғилган Жебале қишлоғига ҳам борди. Умуман, ҳужумчини ҳар қадамда тансоқчилар максимал даражада қўриқлашди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди. Ахир жаҳон футболи дурдонаси «бошидан бир тола соч тўкилганида» ҳам бутун Камерунга доғ тушарди...