Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
У туфайли россиялик мураббий Леонид Слуцкий Хитой чемпиони мақомидан қуруқ қолди.
Гап Хитойга қайтган ва мавсум бўйи 44та голда иштирок этган машҳур Ву Лэй ҳақида кетмоқда. «Эспаньол»нинг собиқ ҳужумкор ярим ҳимоячиси ҳатто бразилиялик Оскарни ҳам ўз соясида қолдирди. 30та турда 34та гол - қойилмақом статистика!
***
Леонид Слуцкий бошқарувидаги «Шанхай Шенхуа» маҳаллий лиганинг якуний турида «Шанхай Порт» қоқилишидан умидвор эди, бироқ амалдаги чемпион 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, унвонни муносиб ҳимоя қилди. Охирги баҳсдаги 5та голдан 4тасида вингер Ву Лэй бевосита иштирок этди - «2+2» кўрсаткичи. Хитой термаси вакили ҳисса қўшмаган ягона гол эса Оскар номига ёзилди (пенальти самараси). Хуллас, «Порт»га чемпионлик учун сўнгги қадамни ташлаш учун ғалаба керак эди ва жамоа мураккаб кечиши кутилган ўйинда тахминларни шунчаки, осонгина парчалаб ташлади. Умуман, Испанияда ўйнаб қайтган Ву Лэй маҳаллий лигани гўёки, ағдар-тўнтар қилиб ташлади: 30та турда «Гол+пас» тизими бўйича 44 балл (34та гол ва 10та ассист). Супертўпурар. Чемпион «Шанхай Порт» эса жами 96та гол билан лиганинг энг сермаҳсул клуби бўлди. Таққослаш учун, «Шанхай Шенхуа» рақиблар дарвозасига 73 марта йўл топди.
«Порт»нинг мегамаҳсулдорлигида асосан 4 нафар футболчининг хизмати катта: Оскар 14та гол уришдан ташқари, 20тасига ҳаммуаллифлик қилди (лигада энг яхши ассистент). Бразилиялик яна бир футболчи Густаво «20+5» натижасини кўрсатган бўлса, аргентиналик Матиас Варгас 12та гол ёнига 11та ассист қўшиб қўйди. Хуллас, энг ёрқини - хитойлик Ву Лэй, барибир. Оддий айтганда, у жамоанинг барча голларининг 3дан бир қисмини ўз номига расмийлаштирди. Самара келтирган ҳужумларнинг эса деярли ярмида иштирок этди! Лига даражасидаги рақобатда ҳам Ву Лэйнинг позицияси жуда мустаҳкам: тўпурарлар пойгасида энг яқин таъқибчисини нақ 13та гол даражасида ортда қолдирди. «Гол+пас» рейтингида эса иккинчи бўлган Оскарни 10 очко ортда қолдирди. «Шенхуа»да ўйнаган бразилияликлар - Леонардо, Густаво ва Андре Луис эса бу борада анча ортда қолишди. Шунинг баробарида эътиборга олиш керак, Ву Лэй умуман пенальти тепмади. Мисол учун, Оскар голларидан деярли ярмини, аниқроғи, 6тасини 11 метрлик жарима нуқтасидан урди.
***
«Порт Шанхай» афсонаси Ла Лигада ҳам ўйнаган, лекин 32 ёшида фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказди. Уни «Хитойлик Марадона», дея улуғлашлари бежиз эмас. Ҳа, Ву Лэй - Хитой футболи тарихидаги энг ёрқин ижрочилардан бири. Буни тасдиқлайдиган фактлар ҳам етарли:
*** Хитой чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурар. Transfermarkt ҳисоб-китобига кўра, унда 163та гол бор.
*** «Шанхай Порт» тарихидаги энг яхши тўпурар: жами 301та ўйинда 187та гол. Шунингдек, 92та ассист.
*** Хитой Суперлигаси-2018 «Олтин бутса»си эгаси (27та гол). Шу билан бирга мавсумнинг энг яхши футболчиси. 2024 йили ҳам ҳар икки соврин соҳиби. 2013-2018 ва 2023-2024 йилларда лиганинг хитойлик энг яхши тўпурари (алоҳида мукофот). Ўртадаги танаффус Ву Лэнинг Ла Лигага кетиши (2019-2022) билан боғлиқ бўлганини ҳам айтиш жоиз.
*** «Хитойлик Марадона» (Чин юртида футболчини шундай улуғлашади) 2019 йили «Эспаньол»га ўтди. У ўша вақт Европанинг кучли 5та лигасида ўйнайдиган хитойлик ягона футболчи эди. Энди ақлни шошириб қўядиган фактларга эътибор қаратинг: Каталония клуби атиги 1,5 миллион евро эвазига ўта йирик медиаактивга эга бўлди. Дейлик, Ву Лэй шарафига ташкиллаштирилган тақдимот маросимини 350 миллион хитойлик томоша қилди, дебют ўйини эса медиа оламида 40 миллион марта кўрилди. Ву Лэйнинг «Эспаньол» либосидаги биринчи голи интернетда 11 миллион марта қидирилганига нима дейсиз? «Ҳозир Хитойда «Эспаньол» ўйинлари «Реал» ва «Барселона»никидан ҳам кучлироқ қизиқиш уйғотмоқда. Ўртада жуда катта фарқ бор», - деганди Ла Лига президенти Хавьер Тебас ўшанда. Умуман, у Испания учун Осиё футбол бозори энг муҳимларидан бири эканлигини бир неча марта таъкидлаганди. Айтганча, «Эспаньол» клуби Хитойнинг Rastar (клуб президенти - Чен Яншен) компаниясига тегишли.
*** Ву Лэй еврокубоклардаги илк голини ЦСКА дарвозасига урди - Игорь Акинфеевни ожиз қолдирди. Бу гол моҳиятан хитойлик футболчилар учун Европа клублар турнирларидаги биринчиси бўлди. Ўшанда «Эспаньол» «Москва» меҳмонхонасига қайтиши билан хитойлик журналистлар ва мухлисларнинг катта гуруҳи қуршовида қолганди. Шунингдек, трибуналар Хитой байроқлари билан қизил тусга кирганди.
*** Тўғри, Хитой футболи юлдузи Испанияда глобал кўрсаткич қайд этолмади - 126та ўйинда 16та гол ва 6та ассист. Хусусан, қаҳрамонимиз Ла Лига-2021|2022да атиги 459 дақиқа ҳаракатланди ва 1та гол билан чекланиб қолди. Шундан сўнг айнан 1,5 миллион евро эвазига Шанхайга қайтди.
*** «Порт» ташкил этилганидан буён Ву Лэй клуб билан бирга, ҳисоб. 2005 йили собиқ футболчи Сюй Генбао шахсий академиясини очди. Ву Лэй эса ушбу даргоҳнинг энг яхши тарбияланувчиларидан бири сифатида кўзга ташланди. Кейинчалик Генбао ташаббуси билан академия аста-секин клубга айлантирилди. 2021 йили «Шанхай Порт» номини олган клуб аслида «Шанхай СИПГ» сифатида танилган (унинг ҳаётида бразилиялик Халк каби юлдузлар қатори ҳамюртимиз Одил Аҳмедов ҳам чуқур из қолдирган). Ву Лэй эса шу жамоанинг Учинчи дивизиондан чиқиб келиб, Хитой футболида асосий кучга айланиш жараёнида бевосита иштирок этди. Мана, «Порт» энди Лэй ёрдами билан 3-чемпионликни нишонлади. Мухлислар футболчини юксак садоқати учун алоҳида қадрлашади. Ахир у деярли бутун фаолиятини шу клубга бағишлади, Европадан етарлича таклифлар олган бўлса-да, ҳаммасини рад этди. Фақат хитойликларга тегишли «Эспаньол» бундан истисно.
*** Ву Лэй профессионал футболда 14 ёшу 287 кунлигида дебют қилди. У бу борада Хитой футболи рекордчиси ҳисобланади. Илк голини эса 16 ёшида нишонлади - Хитой футболидаги иккинчи юқори натижа. Ву Лэй одатда ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнайди, лекин чап томонда ёки марказий ҳужумчи ролида ҳам бемалол тўп суриши мумкин. Қаранг, шундай бой фаолиятнинг энг юқори чўққиси 32 ёшига тўғри келди. Дейлик, ярим ҳимоячи август ойида «Мэйчжоу Хакка» билан ўйин- (7:2)да «покер»га эришди.
Асосийси, Ву Лэй бразилиялик Халк ва Оскар олдида ҳам йўқолиб қолгани йўқ. Энди Халк ортидан Оскар ҳам Хитойдан кетмоқда: у 7 йиллик фаолиятдан сўнг «Шанхай Порт» билан хайрлашишини маълум қилди. Аммо «Хитойлик Марадона»нинг ҳали якунланмаган миссияси бор. У айни пайт 36та гол (99та ўйинда) билан Хитой миллий жамоасининг иккинчи рақамли тўпурари бўлиб турибди. Яна 4та гол эса Лэйни мутлақ рекордчига айлантиради. Хитойлик мухлислар Ву Лэйдан энг юқори натижани янгилашни кутишмоқда.
Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789