ЯКУН: Эътиборга лойиқ лига

ЯКУН: Эътиборга лойиқ лига

«Фенербахче» сафарда «Галатасарой»ни мағлуб этиб, муддатидан аввал чемпионга айланиш имкониятидан маҳрум этганди.

Натижада «Фенер»нинг етакчига айланиш имконияти йўқ ҳисобида бўлсада, Туркия Суперлигасидаги кескинлик сўнгги тургача сақланиб қолди. Ҳа, мўъжиза юз бермади. «Фенербахче»нинг шўрлик «Истанбулспор» дарвозасига урган 6та жавобсиз голи вазиятни ўзгартира олмади. Чунки «Галатасарой» ҳам «Коньяспор» майдонидан ишончли (3:1) ғалаба билан қайтди ва 102 очко билан ғолибликни расмийлаштирди.

Бир оз татимаган  байрам

«Галатасарой»нинг 24-чемпионлиги барибир, аввалгиларидек ёрқин бўлмади. Қандайдир йўл билан яқинлашиб олган лаънати «Фенербахче» «Турк Телеком Арена»да ғалабага эришиб, кайфиятни бузди. Бироқ Окан Бурук жамоаси Осиё соҳилидаги таъқибчисига нисбатан ғолибликка ҳақлироқ эди. Яъни, 38та ўйиндан 33тасида ғалаба қозонди, 10та учрашувли ғалабалар сериясини қайд этди, ўз дарвозасидан атиги 26та тўп ўтказиб юборди. 37 ёшли дарвозабон Фернандо Муслера клубдаги 13 мавсумидан қарийб энг яхшисини ўтказди. Ички чемпионатнинг сал кам 50 фоизини Фернандо (38тадан 17тасини) «қуруқ» ўтказди. Ҳимоячи Абдулкарим Бардакчи мустаҳкам қўрғон мақомига кўтарилди, ҳимояни бетонлашдан ташқари, 4та гол уришга ҳам улгурди.

Лекин бош қаҳрамон унвони Мауро Икардига насиб этди. Гап унинг 25та гол билан энг яхши тўпурар бўлганида эмас, аргентиналик снайпер «Интер»да ҳам, «ПСЖ»да ҳам асосий вақтини рафиқаси Ванда Нара билан орани очиқ қилишга сарф­лаганди. Истанбулда эса у бор эътиборини футболга қаратди ва туркиялик мухлислар ёқимтойига айланди.

Ўзининг сермаҳсул ўйинлари учун Мауро биринчи нав­батда уни тўп билан таъминлаётган Дрис Мертенсдан миннатдор бўлиши керак. Бельгиялик футболчи 16та ассистни амалга оширди ва ўзи гол уришни ҳам унутмади. Карим Актуркоглу (12), Бариш Йилмаз (7) ва Вильфред Заха (9) ҳам рисоладагидек сермаҳсулликни намойиш этишмоқда. «Челси»дан ижарага олинган Ҳаким Зиеш мунтазам майдонга тушмаганига қарамасдан (18та ўйин), 6 марта рақибларини ранжитишга улгурди.

Чемпионлик кечикмоқда

«Фенербахче» 10 йилдан бери шоҳсупага кўтарила олмаяпти. Шу давр ичида «Бешиктош», «Трабзонспор», «Башакшаҳир» ва «Галатасарой» чемпион бўлишди. 19 совринни қўлга киритган «Фенер» эса ўз коллекциясини юбилей соврин билан бойитишни кечиктириб юбормоқда. Ваҳоланки, аввалги мавсумда таркибни кучайтириш учун турк футболидаги рекорд мабағ - 60 млн. еврони сарфлаганди.

Пуллар ҳавога совурилди, дея олмаймиз. Жамоа худди асосий рақобатчиси каби қаторасига 10та учрашувда ғалаба қозонди, ҳаммадан кўпроқ гол урди ва атиги бир марта мағлуб бўлди. Эдин Жеко ва Миши Батшуайи сермаҳсул тўп суришди, Душан Тадич етакчилигида марказ ҳам рисоладагидек ўйин кўрсатди. Лекин бир нечта аламли дуранглар совринни Босфорнинг қарама,қарши соҳилига оқизиб юборди.

Ҳозир Туркияда бир қатор ноўрин ўзгаришларни амалга оширган клуб президенти Али Кочни кескин танқид қилишмоқда. Ахир унинг Суперкубок учрашувига ўринбосарлар жамоасини майдонга туширишини қандай тушуниш мумкин? Мавсум якунида Коч навбатдаги антиқа қарорни қабул қилди - Жозе Моуриньони олиб келиш мақсадида бош мураббий Исмоил Картални лавозимидан четлатди. Португалиялик мутахассисга янги футболчилар хариди учун 80 млн. евро ваъда қилишмоқда. Бироқ машҳур мураббийнинг ташрифи мукаммал даражада шаклланган жамоага путур етказмайдими?

«Қора бургутлар»нинг суст парвози

Турк футболининг 3-гранди бўлган «Бешиктош» маррага 6-ўринда етиб келди. У нафақат одатий рақобатчилар, балки ўртамиёна ҳамшаҳри бўлган «Қосимпошо»ни ҳам ўтказиб юборди. Якунда ЕЛ йўлланмасини нақд қилган Туркия Кубоги «Қора бургутлар»га бир оз тасалли бўлди.

«Башакшеҳир» клуби мавсумни ўта муваффақиятсиз (6та ўйинда 5та мағлубият) бошлаб, жарвалда ҳамшаҳри «Истанбулспор»га қўшни бўлиб олгач, 44 ёшли Эмре Белезоглу истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини «Кайсериспор»да ишлаган тенгдоши Эмре Чагдаш эгаллади. Бу ўзгаришда мутасаддилар нишонга аниқ уришганди - «Башакшеҳир» мавсумни 4-ўринда якунлади. Эмре Белезоглу эса «Анкарагюжю»га ўтиб, жамоани қуйи дивизионга равона қилди. Янги мавсумда Суперлигада пойтахт жамоаси бўлмайди.

Истанбул шаҳрининг вакиллари ҳам камайди. «Фотиҳ Қорагмюрюк», «Пендикспор» ва «Истанбулспор» элитани тарк этишди, «Эйюпспор» эса элитага кўтарилди. Унинг ёнида «Галатасарой», «Фенербахче», «Башакшеҳир», «Қосимпошо» ва «Бешиктош» клублари тўп суришади. Дарвоқе, «Қосимпошо» ва «Бешиктош» бир хил очко жам­ғаришди. Лекин ўзаро ўйинлардаги устунлик эвазига «Қосимпошо» 5-ўринни банд этди. «Бешиктош» эса мамлакат кубогини қўлга киритгани сабабли, ЕЛ йўлланмасини «Қосимпошшо»дан тортиб олди. Хуллас, янги мавсумда «Ражаб Тоййиб Эрдўғон» стадиони еврокубок мусобақаларидан четда қоладиган бўлди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади