Юксак натижаларга хотиржам ёндашув

Юксак натижаларга хотиржам ёндашув

Криштиану Роналдунинг футболга чин профессионал сифатида тўғри ёндашиши ҳақида кўп гапирилган ва бу унинг муваффақиятлари гарови сифатида эътироф этилади.

Португалиялик юлдуз жумладан, юксак шахсий натижаларига ҳам мутлақо хотиржам қарайди. «Йўқ, рекордлар ортидан қувмайман, аксинча, улар менинг ортимдан югуради» - Кришнинг ушбу ибораси аллақачон тилларда достон бўлган. Ўзи рекорд ва Роналду - булар синоним даражасига кўтарилган термин ҳамда фамилия. Мана, «Ал-Наср» ҳужумчиси июнь ойида Португалия миллий жамоасида ўйин­лари сонини 200тага, голлари миқдорини эса 123тага етказиб қўйди. У ҳар икки йўналишда жаҳон рекордчиси ва натижалари яқин орада янгиланмаса керак. Ҳа, португалияликнинг ўзи рекордлари билан ғурурланади, албатта. Лекин одатда барчасини табиий жараён сифатида таърифлайди. Мисоллар керак бўлса, марҳамат...

2014 йил март: Роналду Португалия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўп­урарга айланди. Португалия миллий жамоаси Камерун термасини 5:1 ҳисобида доғда қолдирган баҳсда Криш «дубль» расмийлаштирди. У шу тариқа ўз мамлакати бош жамоаси либосида 48-49-голларини нишонлаб, бунга қадар бош тўпурар саналган Педру Паулетадан ўзиб кетди. 

Муносабат:«Йўқ, рекордларни янгилашга алоҳида тиришмайман. Ҳаммаси табиий равишда келмоқда. Эртами-кеч шундай бўлишини билардим».

2016 йил июнь: Роналду 4та Европа чемпионатида гол урган тарихдаги дастлабки футболчига айланди. У Евро-2016 турнирида Венгрия термасига қарши кечган баҳсда ўзини кўрсатди. Криш бунга қадар Евро-2004да 2та, Евро-2008да 1та ва Евро-2012да 3та гол муаллифи бўлганди. Қолаверса, венгрлар билан баҳс Роналду учун қитъа чемпионати финал босқичи ҳисобидан 17-ўйин эди ва у бу борада ҳам  мутлақ рекордчига айланди.

Муносабат: «4та Европа чемпионатида гол урганим - яна бир рекорд. Лекин доим айтганимдек, ҳаммаси табиий ҳолатда амалга ошмоқда». 

 

2018 йил апрель: Роналду Европа Чемпионлар Лигаси тарихида қаторасига 10та ўйинда гол завқини туйган биринчи футболчи бўлди. Ҳа, клуб футболида ҳам CR тамғасидаги рекордлар етарли. Ўша ўйин португалиялик учун уч карра ажойиб ўтганди - «Реал» муҳим бос­қич («плей-офф»)да «Ювентус»ни 3:0 ҳисобида «кўмди», Кришнинг ўзи чалқанча зарба воситасида афсонавий голини нишонлади ва рекорд! Роналду кейинчалик турнирдаги голли сериясини 11та ўйинга чўзганини ҳам эслатиш жоиз.

Муносабат:«Тўғриси, бу рекорд ҳақида билмасдим, ҳозир эшитиб турибман. Шунчаки, ЧЛда ўйнашни яхши кўраман, жуда бахтиёрман».                               

 

2019 йил ноябрь: Роналдунинг миллий жамоадаги голлари сони бўйича жаҳон рекордини такрорлашига 10та аниқ зарба қолди. Люксембург термаси дарвозасини нишонга олган футболчи миллий жамоадаги голлари сонини 99тага етказиб қўйди. Ўша вақт рекорд 109та голи бор Али Даи (Эрон)га тегишли эди. 

Муносабат: «Футболдаги барча рекордлар қачондир янгиланиши керак. Бу натижани эса шахсан мен янгилайман!»

 

2022 йил июнь: Роналду - голлар сони бўйича жаҳон миллий жамоалари рекорд­чиси! Криш ўшанда профессионал фаолиятидаги голлар сони бўйича афсонавий ҳужумчи Йозеф Бицанга тегишли рекордни қулатди, шунинг баробарида Али Даи натижасини ҳам рейтингда иккинчи қаторга суриб қўйди. Вазифа бажарилди! 

Муносабат: «Рекордлар менга ўз-ўзидан келади. Энг юқори кўрсаткичлар ортидан чопмайман, аксинча, улар мен томон юради. Демак, ҳаммаси зўр»

 

2022 йил ноябрь: Роналду «МЮ»даги футболкалари сотуви бўйича рекордчига айланди. Португалиялик юлдуз бунга ҳам ўз ўрнида муносабат билдирди. Яъни Пирс Морганга берган ўша шов-шувли интервьюсида рекордлар мавзусини яна тилга олди.

Муносабат: «Биласизки, мен рекордлар ортидан қувмайман. Аксинча, улар мени қувмоқда. Мана, либослар сотуви бўйича кўрсаткич ушбу сўзларимнинг яққол исботи».

2023 йил январь: Роналду еврофутболни йиғиштириб, «Ал-Наср» сафига қўшилди. Мотивация зўр ва Криш Саудия­даги ярим мавсумда 14та гол тўплади. Тўғри, якунда янги клуби билан бирор соврин ютгани йўқ.

Муносабат: «У ерда мавжуд барча рекордларни янгилаб чиқдим, шундай экан, энди бу ерда ҳам нималарнидир ўзгартиришни истайман».

 

2023 йил март: Роналду миллий жамоа либосидаги ўйинлар сони бўйича жаҳон рекордини янгилашга чоғланди. Унинг ҳисобида худди қувайтлик Бадр ал Мутваники каби 196та халқаро ўйин бор эди. Лихтенштейн термасига қарши баҳсда Криш яна бир юқори натижани ўз номига расмийлаштирди ва қўшиб қўйди: «Терма жамоадаги ўйин­лар сони бўйича жаҳон рекордчисига айланганимдан алоҳида ғурурланаман».

Муносабат: «Рекордлар ҳамиша яхши. Бу мен учун мотивация, рекордларни уриш жуда ёқимли. Улар менда етарли, эртага қайд этиладигани эса алоҳида ўрин тутиши аниқ. Ўз натижаларим билан ғурурланаман». 

ronald1.jpg

2023 йил июнь: Роналду рекордларни яна бир марта эсга олди. Аниқроғи, миллий жамоа либосидаги юбилей - 200-ўйини (Исландия термасига қарши) арафасида бу мавзуга алоҳида тўхталди. Ўйин­дан кейин эса португалиялик юлдузга Гиннесс рекордлар китоби сертификати топширилди. У - жаҳон миллий жамоалари сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи!

Муносабат: «Биламан, терма жамоалар сафидаги ўйинлар бўйича ҳам, голлар бўйича ҳам жаҳон рекорди менга тегишли. Умуман, энг кўп рекорд ўзимда эканлигини ҳам биламан. Лекин такрорлайман, рекордларни қувмайман, улар мени қувади...».