Жели – «Жирона»нинг сенсацион соҳиби (2-қисм)

Жели – «Жирона»нинг сенсацион соҳиби (2-қисм)

Навбатдаги қаҳрамонимиз - вақтида «Атлетико» билан «олтин дубл»га эришган...

Давоми. Бошланиши газетамизнинг 102 (2109)-сони (2023 йил 28 декабрь)да

«Алавес» сафида УЕФА кубоги финалида майдонга тушган, «Альбасете» ин­қилобида иштирок этган, ҳозир эса «Жирона»нинг ҳайрат­омуз юришини завқ-шавқ аро кузатаётган мутахассис Дельфи Жели.

«Атлетико»даги саргузашлар якуни

«Талавера»га қарши кўрик ўйинида Пантич жарима зарбасидан гол уриб, мувозанатни тиклагач, клуб раҳбарияти уни харид қилади, лекин арзимас маош белгилайди - жамоада энг камини. Аксига олиб, «Атлетико» чемпионатни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиш билан бошлайди - «Реал Сосьедад»га қарши баҳсда меҳмонлар вакили Валерий Карпин ҳисобни очади. Чамаси 10 дақиқадан ке­йин эса айнан Пантич жавоб голини уради, якунда «Атлетико» 4:1 ҳисобида зафар қучади. Тез орада жамоа турнир жадвалида пешқадамликни ҳам қўлга олади. «Радомир Антич ихтиёридаги Молина, Санти, Жели ва Пенев каби футболчилар ўйиндаги камчиликларни тузатиб туришарди. Масалан, мен кўп югуролмасдим. Мураббий таянч ярим ҳимоячиси Вискайнонинг кўмаги билан бу мауммони ҳал қиларди», - дея хотирлаганди Пантич. Собиқ ҳужумчи Кико Нарваэснинг хотираларидан: «Биз марказий зонада ромб шаклида тўп сурардик. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Пантични нафақат Вискайно, балки Диего Симеоне ва Каминеро ҳам қўллаб-қувватлаб туришарди. Жели ва Тонидек устакор латераллар эса қанотларда худди янги асрнинг иккинчи 10 йиллигидаги Хуан­фран ва Филипе Луис каби ҳукмронлик ўрнатишганди». Желининг «Атлетико»си 1994|1995 йиллар мавсумида 14-ўрин билан чекланади, кейингисида эса Испания кубоги финалида «Барселона»ни ягона гол ва чемпионатнинг сўнгги турида «Аьбасете»ни 2:0 ҳисобида маҳв этиб, «олтин дубл»ни расмийлаштиради. Чемпионлик тақдирини ҳал қилган баҳс арафасида якуний оташин нутқ бош мураббий Антич эмас, балки Симеонега берилганди: «Бугун ғалаба қозонамиз ёки зафар йўлида жонимизни фидо қиламиз!» 13-дақиқада айнан Диего ҳисобни очади, 2-голда эса Кико Нарваэснинг зарбасини «Альбасете»нинг россиялик кипери Евгений Плотников бартараф этолмайди. Эътиборли томони, Кико голига «Атлетико» дарвозабони Хосе Молина ассистентлик қилганди. Шу муваффақиятдан кейин «матрасчилар»дан 4 нафар футболчи Евро-96га йўл олади - Молина, Кико, Каминеро ва Лопес. Афсуски, Дельфи Жели нуфузли турнирдан четда қолади - терма жамоа мураббийи Клементе «Сарагоса» вакили Альберто Бельсуэ ва Хорхе Отеро («Валенсия») номзодини афзал кўрганди. 

Жели чемпионликдан ке­йинги мавсумни «Эркулес» дарвозасини ишғол этиш билан бошлаган бўлсада, «Атлетико» 4-ўриндан юқорига кўтарилолмайди. ЕИга аъзо мамлакат вакилларига белгиланган чеклов бекор қилингач эса, «Реал» ва «Барса»нинг таркиби кескин кучайиб кетади. Оқибатда «матрасчилар» «Реал»га 2 марта (1:4, 1:3) имкониятни бой беришади, «Барса»дан эса атиги 1 очко (3:3, 2:5) олишади. Ўша вақт ЧЛда фақат чемпион жамоалар қатнашарди ва гуруҳ раундида Испания грандига қаршилик кўрсатадиган рақиб топилмайди. Аниқроғи, «Атлетико» дастлабки раундда «Видзев», «Стяуа» ва бўлажак чемпион - «Боруссия» Д. клубларини маҳв этади, «Аякс»­-га қарши кечган ярим финал баҳсида эса ҳисобни айнан Жели очади. Жамоа кейинги мавсум яна ярим финалгача боради. Фақат бу сафар ЧЛ эмас, балки УЕФА кубогида. Хиль ушбу натижадан қониқмай, Антични истеъфога чиқаради ва унинг ўрнини Арриго Сакки эгаллайди. Таажжубки, италиялик Фабио Капелло мавсум-1996|1997да Желини Испаниядаги энг яхши ҳимоячи сифатида эътироф этган бўлса, Сакки уни ҳатто захира ўриндиғига ҳам муносиб кўрмайди. Охир-оқибат, қаҳрамонимиз 1999 йилнинг августида «Бетис»га ўтиб кетади. Лекин жароҳатлангач, келишувни бекор қилади ва мавсумнинг иккинчи ярмини «Альбасете»да бошлайди. Қизиқ томони, «Атлетико» 2000 йилнинг 21 май куни Примерони тарк этган оқшом Дельфи «Эстремадура»га қарши ўйинда «дубл»га эришади. Финишдаги муваффақият унга «Алавес» эшикларини очади.

 

«Алавес» 40 йил Ла Лигага чиқолмай, баскетбол клуби соясида юрганди...

Ўтган асрнинг 90-йиллари басклар ўлкаси спорт оламига «Таугрес» баскетбол клуби билан танилганди. Бу жамоа қаторасига 2та финалдаги мағлубиятдан кейин 1996 йили Кубок эгалари кубоги турнирида ғолиб чиқади. Ўша давр «Алавес» нақ 40 йил давомида Ла Лига юзини кўрмаганди. Зулматдаги фаолиятга президентлик лавозимига қайтган металлургия концерни раҳбари Хуан Арреги барҳам беради. У Сегунданинг 13-поғонасида турган жамоа бош мураббийи лавозимига 47 ёшли Манени таклиф этади. Янги коуч Учинчи дивизион иштирокчиси «Лерида»ни Примерога олиб чиққани, «Барса» ва «Реал»ни таслим этгани ва Бенито Флоро истеъфосига сабабчи бўлгани билан назарга тушганди. «Алавес» 2000|2001 йиллар мавсуми стартида  «Лас-Пальмас»ни 3:0 ҳисобида енгади, Жели эса дастлабки гол муаллифига айланади. Қолаверса, клуб юқорига кўтарилиши билан УЕФА кубогига йўлланма олади ва дастлабки 4та раундни ўта ҳайратланарли сценарийда ўтказади - уйда дуранг, сафарда ғалаба. Аниқроғи, «Газиантеп» билан 0:0 ва 4:3, «Лиллестрём» билан 2:2 ва 3:1, «Русенборг» билан 1:1 ва 3:1, «Интер» билан 3:3 ва 2:0. Витория клуби шунинг баробарида Ла Лигани ҳам унутмайди. Жумладан, «Овьедо» дарвозасига 4та жавобсиз гол ургач, 2-ўринга чиқиб олади. Ўшанда ҳам голлардан бирини чап қанот ҳимоячиси Жели урганди. «Ливерпул»га қарши кечган УЕФА кубоги финали эса алоҳида тарих (5:4 ҳисобида «қизиллар» фойдасига ҳал бўлган ўша баҳсда Жели ҳам иштирок этган).

 

«Жирона» ва Жели  иттифоқи: Ла Лигада чинакам шовқин...

Жели «Алавес»даги 3 йиллик фаолиятдан сўнг «Жирона»га қайтди ва аввалига болаларга устозлик қила бошлади. Шунингдек, бизнес билан шуғулланиб, 2015 йилнинг ёзида «Жирона» президенти лавозимини эгаллади. «Очиғи, таклиф кутилмаганда келди. Пере билан мулоқотдан ке­йин чорловни қабул қилдим. Ахир «Жирона» - бутун ҳаётим мазмуни. Клубда барча жабҳалар бўйича барқарорлик ҳукмрон. Спорт директори Кике Карсель - ажойиб инсон. Тараққиётда мураббийлар улуши салмоқли. Яқингача жамоа эътибордан четда эди. Ҳозир мухлислар «Жирона» қайси кун ва қайси вақтда ўйнашини ёдлаб олишган, учрашувларни орзиқиб кутишади. Қисқаси, бутун Жирона футбол билан ҳамнафас. Бу эса жуда ажойиб!» - дейди Жели. Ҳа, камтарин жамоа ҳамон барчани ҳайратга солишда бардавом. Бунинг замирида эса Желининг оқилона бошқаруви бор. Дейлик, эндиликда болалар мактабга «Жирона» формасида боришмоқда, шаҳар эса Жели жамоаси билан бирга нафас олмоқда...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади