«Сюрприз»-2025: парвоз ва қулаш ҳамоҳанг
«Сюрприз»-2025: парвоз ва қулаш ҳамоҳанг
2025 йил клуб футболида етарлича «сюрприз»лар кузатилди. Бир томонда – «Ливерпул»нинг парвози ва қулаши, бошқа тарафда «Фиорентина»нинг даҳшатли депсиниши, яна Россияда камтарин «Балтика»нинг юксалиши… Швеция ва Норвегия клублари эса еврокубоклар ярим финалига чиқди. Демак, sports.ru сайти маълумотлари асосида ҳозирча 2025 йил давомида экспертлар тахминини пучга чиқарган Европанинг кучли 5та лигаси клубларига бирров назар соламиз.
АПЛ: «Ливерпул»да ғалати давр, «Кристал Пэлас»да икки соврин, «Вулверхэмптон»да вайронакор муваффақиятсизлик. Арне Слот бошқарувидаги «Ливерпуль» АПЛда 11 фоизлик ғалаба қозониш эҳтимоли билан чемпионликни тантана қилди, янги мавсумни эса бош фаворит сифатида бошлаб, муваффақиятни такрорлаш имкониятини 4 фоизга тушириб юборди. «Кристал Пэлас» эса аввалига Англия кубогида кучли сенсацияни келтириб чиқарди: соврин учун даъвогарлар рўйхатида 11-ўринда қайд этилган Лондон клуби финалгача дадил қадам босди, ҳал қилувчи баҳсда «Манчестер Сити»ни енгди, кейин «Ливерпул»дан суперкубокни ҳам тортиб олди. Қолаверса, «Пэлас» АПЛ жадвалида ЧЛ ҳудудидан унча ортда қолмади, гарчи чемпионатда атиги 5та жамоанинг имконияти Лондон дружинасиникидан паст баҳоланган бўлсада. «Сандерленд» эса жорий мавсумга энг кучсиз иштирокчи сифатида киришиб (жамоанинг қуйи лигага тушиб кетиш эҳтимоли 75 фоиз даражасида баҳоланган эди), тескари йўналиш бўйича ҳаракатланди: янги йилгача жуда кам гол қўйиб юборди, тез-тез ғалаба қозонди, фаворитларни қийнади ва ҳатто кучли тўртликка кўз тикди. Ажойиб дебютант. «Вулверхэмптон» аксинча, ҳаммада раҳм-шафқат, ачиниш ҳиссини уйғотди. «Бўрилар»нинг статистикаси тасаввурга сиғмайди – дастлабки 19та ўйинда атиги 3 очко. Бу даҳшатли туш. «Вулвз» шунингдек, 17та ўйинда атиги 2 очко олиб, Англия профессионал футболи тарихидаги антирекордни такрорлади. Англияда бунақаси фақат икки марта рўй берганди: «Нюпорт» (мавсум-1970|1971) ва «Шеффилд Юнайтед» (мавсум-2020|2021) худди шу куйга тушган.
—————————————————————-
Ла Лига: «Вильярреал» Испанияда кучли, ЧЛда заиф, яна «Эспаньол» парвози. «Вильярреал» 2025 йилни феноменал тарзда якунлади: чемпионатда 3-ўрин. Жамоа шунинг баробарида ЧЛ доирасидаги 6та ўйинда атиги 1 очко ишлади (фақат «Қайрат»нинг натижаси бундан ёмонроқ). Ваҳоланки, «Вильярреал»га яқин-яқингача «плей-офф» учун курашувчи жамоа сифатида қаралади, энди эса… «Эс-паньол» эса фақат ижобий томонлари билан ҳайратга солди кўпчиликни. «Тўтиқушлар»нинг имкониятлари минимал даражада баҳоланган эди (қуйидаги 4та жамоадан бири), амалда улар йилни кучли бешликда якунлашди, ЧЛ йўлланмасига даъво қила бошлашди. Факт: «Эспаньол» 2025 йил ҳисобидан Ла Лига доирасидаги кетма-кет 5та ўйинда ғалаба қозонди.
—————————————————————-
«А» серия: «Фиорентина»нинг даҳшатли қулаши, «Кремонезе»нинг баланд парвози. «Фиорентина» жуда қийин аҳволда: дастлабки 17та ўйиндан атиги 9 очко. Ваҳоланки, мавсум стартидан олдин атиги 7та жамоа назария бўйича «Фио»дан юқорида қайд этилганди. Стефано Пиолининг Паоло Ваноли билан алмаштирилиши ҳам ёрдам бермади. Вазият ғоят ёмонлашганига қарамай, букмекерлар Флоренция клубининг қуйи лигага тушиб кетишига ишонишмаяпти ҳамон. «Удинезе» устидан 5:1 ҳисобида қозонилган ғалаба «бинафшаранглар»да кайфиятни кўтарди, албатта. Бироқ факт шуки, флоренцияликлар биринчи ғалабани 21 декабргача кутишди. «Кремонезе» – тескари эффект. Стартдан олдин бу жамоага «Лечче» билан бирга энг кучсиз иштирокчи сифатида қаралди. Қарангки, «Кремонезе» йилни хавфли ҳудуддан деярли 10 очко узоқликда якунлади. Эътиборлиси, камтарин жамоа «Милан»ни енгиш асносида чемпионатга сурбетларча киришганди. Жейми Варди эса яқинда 39 ёшга тўлишига парво қилмай, 4та гол урди ва ноябрь ойининг энг яхши футболчиси бўлди.
—————————————————————-
Бундеслига: еврокубоклар йўлланмаси учун курашиши кутилган «Майнц» «қуламоқда». Германия чемпионати йўлга чиқишидан олдин «Майнц»га лиганинг 8-кучли жамоаси сифатида қаралганди. Амалда бу клуб 15-турдан сўнг охирги ўринда қолди. Бор-йўғи 1та ғалаба, фақат 1та баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш… Атиги 8 очко ва пастга тушиб кетиш таҳдиди, бундай ҳолатда «Бавария» билан 2:2 ҳисоби ўз аҳамиятини йўқотади, барибир. Лекин еврокубокларда «Майнц»нинг ишлари яхши кетмоқда: Конференциялар лигасида 6та ўйиндан 4та ғалаба ва 1|8 финалга тўғридан-тўғри йўл. Қисқаси, «Вильярреал»нинг акси. Энди «Майнц» қандайдир тарзда Бундеслигада ҳам ўз қаддини тиклаши керак.
—————————————————————-
Лига 1: «Ницца» буткул муваффақиятсизлик гирдобида, «Монако» ҳатто ЧЛ ҳудудидан ҳам узоқ. «Ницца» ноябрь ойидан янги йилга қадар барча мусобақалар ҳисобидан қаторасига 9та ўйинни бой берди. Жамоа жумладан, Лига 1нинг охирги 6та ўйинида очко ололмай, 13-ўринга тушиб қолди. Айтиш керак, «Ницца» мавсум бошида Франциянинг энг кучли 6та жамоаси қаторида эди, Европа Лигасида эса 35-ўрин эмас, 12-қаторда кўрсатилганди. Декабрь ойидаги омадсизликлар оқибатида рўй берган мухлислар жанжали аллақачон клуб атрофидаги ҳолатни кескинлаштирди. Тўғри, жамоа якунда кубок ўйинида «Сент-Этьен»ни енгиб, вазиятни салгина юмшатди. Лига 1да «ПСЖ»нинг асосий рақиби бўлиши айтилган «Монако»га ҳам кечмади. Князлик клуби янги йилга кучли тўртликдан 9 очко ортда қолган ҳолда, 9-ўринда етди. Сўнгги 6та ўйиндаги 5та мағлубият ўз таъсирини кўрсатиб, «Монако»нинг чемпионлик учун курашдаги имконияти 15 баравар пасайди. Энди бу кўрсаткич атиги 0,33 фоизни ташкил этмоқда. Тўғри, «Монако» ЧЛда шу пайтгача бир мартагина енгилди, холос.
Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади




