Марказий Осиёда янги футбол қадрияти
Мана, Европа ЧЛнинг қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган финали ҳам ортда қолди. Турнирнинг амалдаги энг зўр клуби саналган «ПСЖ» яна бир бора кубок соҳибига айланди. Будапештда мухлисларни хушнуд этувчи ҳужумкор футбол ғалаба қозонди. Рақиб ҳужумларини қайтариш ва қарши ҳамлаларга таянган жамоа мағлубиятга учради. Финал давомида тўп назорати бўйича «ПСЖ»нинг кўрсаткичи 78 фоизга кўтарилгани, «Арсенал»ники 22 фоизга тушгани қайд этилган дақиқалар ҳам бўлди. Статистика бўйича «ПСЖ» фаворит гўё, «Арсенал» эса аутсайдер. Аслида вазият бутунлай ўзгачалиги мухлисларга яхши маълум. Финалда икки хил услубда тўп сурадиган жамоаларнинг энг кучлиси ўзаро учрашди. Шунчаки, зўрдан зўр чиқди, ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтида икки жамоа бир-бирини енголмади. Демак, ҳар икки услуб ибрат олишга муносиб, фақат ўрнига қўйиб ўйналса, бас.
Футбол дунёси мундиалларда Пеле, Ромарио ва Роналдонинг тўпурарлик салоҳиятлари ортидан зафар қучган Бразилия миллий жамоасини доим эътироф этади, Диего Марадона ва Лионель Мессининг фусункор ҳаракатлари эвазига чемпионликка эришган Аргентина термасини ҳам ҳайрат билан эслайди. Шунинг баробарида ҳимоявий, прагматик футболни маромига олиб чиққан Италия ва Германия миллий жамоалари жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарган дамлар ҳам унутилмайди, ҳар иккиси ҳурмат билан эътироф этилади. Мулоҳазамиз кириш қисмида ҳужумкор ва ҳимоявий услуб амалда бир-бирини енголмаганини бежиз таъкидламадик. Тасаввур қилинг, пенальтилар сериясида Габриэль охирги зарбани аниқ амалга оширганида, воқеалар ривожи қандай тус оларди?! Энди буни билолмаймиз. Лекин факт шуки, «Арсенал» дарвозабони Давид Райя «ПСЖ»даги амплуадоши Матвей Сафоновга нисбатан ишончлироқ кўринаётганди. Катта эҳтимолки, яқинлашиб келаётган мундиал ўйинларида яна қайсидир юлдузлар чекига Габриэль каби хатога йўл қўйиш тушади. Футболнинг шафқатсизлиги шундаки, ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтида кучлари тенг келган икки жамоадан бири шундай хато туфайли мағлубиятга учрайди, бошқаси эса ғолиб сифатида олқишланади. Ғолиблик ва мағлублик ўз йўлига. Биргина хато туфайли «Арсенал»ни «ПСЖ»дан кучсизга чиқариш ноўрин. Ҳатто тўп назорати бўйича ўртада катта фарқ қайд этилгани ҳам бу хулосага таъсир кўрсатмайди асло.
«Арсенал»нинг тўп назорати бўйича ўта паст кўрсаткичи кимларгадир антирекорддир балки. Бироқ бизга шу антирекорд қайд этилган ўйин, унинг услуби ва характери маъқул. Миллий жамоамиз имкониятини ҳисобга олиб, шундай хулоса чиқармоқдамиз, албатта. Майли, бўлажак баҳсларда Колумбия ва Португалия термаларининг тўп назорати бўйича кўрсаткичи 75 фоиз даражасига етаверсин. Майли, миллий жамоамиз ушбу шиддаткор рақибларга қарши ўйинларда «арсеналча» ўйнаб, тўп назоратига эътибор ҳам қаратмасин, фақат камида дурангга эришсин. Ҳозирги ҳолатда шундай сценарий тарафдоримиз. Абдуқодир Ҳусанов дейлик, Вильям Салиба каби барча ҳужумлар йўлини тўсиб қўйиши, Элдор Шомуродовнинг эса Колумбия ва Португалия термалари дарвозасига худди Кай Хаверцдек дастлабки дақиқалардаёқ гол уриши – барчамиз учун айни муддао. Демоқчимизки, «ПСЖ» финалда «Арсенал» дарвозаси томон қандай штурм уюштирган, Давид Райяни кетма-кет зарбалар билан синаган бўлса, Колумбия ва Португалия термалари ҳам Ўткир Юсуповга шундай босим ўтказиш мақсадида майдонга тушади. Бу борада қандайдир тахмин ортиқча. Ҳар икки учрашувда воқеалар шундай ривожланиши эҳтимоли жуда катта. Ишончимиз комил, футболчиларимиз бундай босимдан асло чўчишмайди ва руҳий жиҳатдан рақиб ҳамласига дош беришга тайёр бўлиб улгуришган. Улар «арсеналча» бардош режимини ёқиб олишса, бас!
Ҳа, 30 май оқшомидаги ЧЛ финали миллий жамоамиз учун ўзига хос кўзгу, намуна ва ибрат вазифасини бажарди қайсидир маънода. Ҳозирда колумбиялик ва португалиялик мухлислар Ўзбекистон миллий жамоаси кучли босимга бардош бера олишига ишонишмаяпти. Биз эса бунга ишонамиз. «Арсенал»нинг финалда қўллаган ўйин услуби бу ишончни мустаҳкамлади. Эсланг, камтарингина Греция терма жамоаси вақтида Отто Рихагель қўл остида шу услубга таяниб, Европа чемпионига айланган эди. Қурбон Бердиев томонидан шакллантирилган «Рубин» эса шу услубни мукаммал ўзлаштиргани ҳисобига ўша вақт ҳужум бобида бемисл саналган «Барселона»ни енгган. Фабио Каннаваро буларни, мундиалда «катта»ларга қарши ҳимоявий услуб қўллаш асносида очко олиш имконияти мавжудлигини жуда яхши билади. «Биз ҳеч нарса йўқотмаймиз, мундиалга мардонавор тўп суриш учун келганмиз!» – дея таъкидлаётган Фабио Каннаваро сўзлари замирида аслида шу ҳақиқат ётибди. У мустаҳкам ҳимоя девори воситасида ҳужумни яхши кўрадиган Колумбия ва Португалия термаларини ҳолдан тойдириб, руҳан чарчатиб, сенсацион натижа қайд этиш ҳақида ўйламоқда. Албатта, бу – тахмин.
Тўғри, ҳимоявий услуб ҳақидаги тахминимиз кимларгадир маъқул келмаслиги мумкин. Аммо ҳозир етарлича аргументлар асосида мулоҳаза юритмоқдамиз. Ҳожиакбар Алижонов, Рустам Ашурматов, Абдуқодир Ҳусанов, Жаҳонгир Ўрозов, Шерзод Насруллаев каби ҳимоячиларимиз жаҳоннинг исталган ҳужумчисига қарши қандай тўп суриш масаласида тажриба ва малака ўзлаштиришган аллақачон. Ҳар ҳолда, уларга бу борада моҳири мутлақ Фабио Каннаваро сабоқ бермоқда! Италиялик мутахассиснинг машғулотлар жараёнидаги энг асосий вазифаси ҳам шу – ҳимоячиларимизни маҳоратли ва донгдор ҳужумчилар ҳамласига муносиб қаршилик кўрсатишга ўргатиш ва кўниктириш! Зеро, миллий жамоамиз мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини Фабио Каннаваро таъсирисиз қўлга киритган ва энди италиялик мутахассис ўзини реклама қилиш учун ҳам бор имкониятини ишга солиб, ҳимоячиларимизни ҳар дақиқаси соатларга тенг мудофаа жараёнига тайёрлайди.
Футболчиларимизда ҳеч қандай босим бўлмаслигини таъминлайдиган, улар эмин-эркин тўп суришлари учун шароит яратадиган энг муҳим жиҳат – миллий жамоамизнинг мундиалда иштирок этиши! Ана, Хвича Кварацхелия Европа ЧЛнинг 2 карра ғолиби сифатида шоҳсупада кўкрак керди. Лекин Грузия терма жамоаси ЖЧ-2026 қатнашчилари рўйхатида йўқ. Кейинги мундиалларда ҳам Хвичанинг жонажон жамоасига бундай бахт кулиб боқиши даргумон. Ҳа, Кварацхелиянинг персонал мухлислари сифатида грузинлар мундиалга чиқишларини истаймиз. Бироқ табиатан ҳужумкор услубга мойил грузин футболи Европа грандлари билан баҳсларда тенгма-тенг курашиши қийин. Хвича Кварацхелия эса бугун «ПСЖ» билан шон-шарафга бурканмоқда. У Давид Кипиани, Рамаз Шенгелия, Виталий Дараселия каби беназир ҳужумчилар изларидан бориб, боши узра еврокубокларни кўтармоқда. Инкор этмаймиз, бу – ҳар бир футболчи орзу қиладиган улкан бахт! Насиб этса, бизнинг етакчи футболчиларимиз ҳам шундай улуғ саодатга эришишади. Хвича Кварацхелиядан фарқли ўлароқ, улар бу ёруғ манзилга мундиал йўли орқали боришади. ЖЧда иштирок этишнинг аҳамияти шунда. Бугун қўшни мамлакатларда ҳам мундиалда иштирок этишнинг аҳамиятини аввалгидан-да чуқурроқ ҳис қилишмоқда. Олдинлари қўшниларимиз бу масалага жиддий эътибор қаратишмаган. Ҳамма бир хил вазиятда бўлганида, бу хусусда узоқ бош қотирилмайди одатда. Энди эса вазият ўзгарди – Ўзбекистон футболи кўникилган қолипларни бузди. Эҳтимол, айни шу сабаб билан Қозоғистонда яна ОФКга қайтиш ҳақида ўйлаётган бўлсалар, не ажаб?! Хуллас, Ўзбекистон миллий жамоаси Марказий Осиёда мундиалда иштирок этиш қадриятини шакллантирмоқда ва футбол бу ҳудудда қайта уйғонмоқда.
Муҳаммад ВАЛИ





