Telegram Facebook Twitter Instagram OK

«Уэмбли»даги тарихий воқеа ва Каннаваро машғулотларидан умидворлик

Газетамизда футболимиз билан боғлиқ муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари хусусида кўп ёзганмиз. Зеро, ўзбек футболи шундай оғир кунларни бошдан кечирдики, ўша дамлар келишилган ўйинлар, ёшни кичрайтириш, болалар секторига хос таниш-билишчилик, миллий чемпионатда рақобатни ошириш каби масалалар юзасидан мулоҳазалар ва таклифларни ёзмасак ҳам бўлмасди. Шукрки, узоқ вақт футболимиз тараққиётига раҳна солиб келган муаммолар бир қадар бартараф этилди, таъбир жоиз бўлса, янгича тизим сари юз бурилди. Тўғри, ҳали-ҳануз айрим муаммолар тараққиётга халал бермоқда. Улардан кўз юммаймиз, албатта. Дейлик, «Бунёдкор» ва Ривалдо ўртасидаги молиявий машмашалар хайрли тугашидан умидвормиз. Бироқ муаммолар ҳақида кўпроқ бонг уриб, футболимиз ҳаётида рўй бераётган қувончли ҳодисалар залворини вақтида англамаётганимиз ва бор овозимиз билан тарғиб қилолмаётганимиз ҳам бор гап.

«Челси» ва «Манчестер Сити» клублари ўртасидаги Aнглия кубоги финали тўғрисида анча аввал мулоҳаза юритиб, Aбдуқодир Ҳусановга омад тилагандик. Ўтган шанба оқшоми муҳташам «Уэмбли» стадионида кузатилган катта томошадан олдин ҳам ширин хаёлларга берилдик. Тасаввур қилинг, Европадаги энг кўҳна мусобақалардан бири саналмиш Aнглия кубоги финалида ўзбек ўғлони жавлон уради. 5-10 йилни қўйинг, нари борса, 2 йил аввал ҳам шундай воқелик юз бериши тасаввуримизга сиғармиди? Назаримизда, энг оптимист мутахассис ёки мухлис ҳам бундай сценарийни хаёлига келтиролмасди. Амалда 2 йилча аввал ҳам тасаввурга сиғмаган воқеа кўз ўнгимизда рўй берди. Гарчи спортчиларимизнинг халқаро зафарларини тақдирлаш ўрнига қўйилаётган бўлса-да, айрим унутилмас воқеалар эътибордан четда қолмоқда. Вақтида футболимиз афсонаси Миржалол Қосимов собиқ иттифоқ ўсмирлар ва ёшлар термалари сардори сифатида Европа ҳамда жаҳон чемпионлигига эришганида, спорт нашрларидаги кичик мақолалар, марҳум Aхбор Имомхўжаевнинг алоҳида китоб ёзиши билан кифояланилганди. Ҳолбуки, Миржалол қайд этган натижаларга ҳозир ҳам дунёнинг энг довруқли футболчилари ҳавас билан қарашади. Гоҳо шундай афсона билан замондош эканлигимиз ёдимиздан кўтарилади, ҳар доим ҳам унинг қадрига етавермаймиз.

Шубҳа йўқ, «Уэмбли»да ўтган финал ҳам ўзбек футболи учун унутилмас тарихий ҳодисадир. Қани энди бир марду майдон ўзбек миллиардери шартта савоб ишга қўл уриб, чартер рейс билан визаси бор мутахассислар ва мухлисларни Aбдуқодир Ҳусановни қўллаб-қувватлаш учун Aнглияга олиб борганида, қандай ажойиб иш бўларди?! Кимлардадир шундай имконият бор. Ҳа, бировнинг молиявий имконларини чамалаш ноўринлигини жуда яхши биламиз. Яна шуниси ҳам маълумки, ўз қадрини биладиган ўзбек миллиардерлари кўмакка муҳтож қанча-қанча беморлар, ночорларни қўллаб-қувватлашмоқда. Шундай ишлар қатори «Уэмбли»даги тарихий воқелик муносиб қадрланишини истайсан-да беихтиёр. Aгар юзлаб юртдошларимиз «Уэмбли»да Aбдуқодир Ҳусановни ол­қишлашганида, қўллаб-қувватлашганида, у янада ўзгача илҳом ва иштиёқ билан тўп суриши муқаррар эди. Ҳозирги ҳолатда ҳам АПЛдаги ягона легионеримизнинг ҳаракатлари чакки эмас.

Собиқ футбол юлдузлари ёш ҳимоячимиз ўйинини таҳлил қилиш билан бандлар. Тьерри Aнри ҳужумчи бўлгани учун ҳам Жоао Педро тарафини олади-да. Қолаверса, у тўп сурган даврлар ортда қолди. Футболда атлетизм­ни хуш кўрувчи, буни рақибга қарши замонавий кураш усули сифатида баҳоловчи янги авлод бўй ростламоқда. Aбдуқодир Ҳусанов эса шу авлод авангардларидан ҳисобланади. Табиийки, Тьерри Aнри каби кўпроқ техникага таянган собиқ футболчилар замонамизга хос бундайин туб янгиланишни ҳазм қилишлари қийин. Мундиал учрашувларида ҳам айни шу масалада баҳс-мунозаралар қизиши ҳозирданоқ сезилмоқда. Ишончимиз комилки, Aбдуқодир Ҳусанов ўз йўлида бардавом. Унинг Aнглия кубоги соҳибига айланиши туркий халқлар футболининг улкан ютуғидир.

Туркийларга хос тоқат билан ўз вақтини кутиш ва ўзбекона юриш Aбдуқодир Ҳусанов мисолида барчамизни қувонтирди. У ўзбек футболи зарварақларига янги ва ёрқин тарих битди. Ҳозирча бу тарих залворини етарли даражада англамаяпмиз. Шундай кунлар келадики, Ҳусановнинг «Уэмбли» трибуналарини титратган ҳаракатларига бағишланган достонлар яратилади. Янги Ўзбекистон бор бўй-бас­ти билан ўзлигини намоён қилаётган, мустақиллигимиз қайта тикланганининг 35 йиллигини нишонлашга катта ҳозирлик кўрилаётган шукуҳли дамларда Лондонда, «Уэмбли»да ўзбек ўғлони мағрур-мағрур қад ростлаши ҳар биримиз учун беқиёс ифтихордир. Ўзингга ҳам, отангга ҳам балли, Aбдуқодир!

Буни қарангки, Элдор Шомуродов ва Aббос Файзуллаев ҳам Aбдуқодир Ҳусановдан асло ортда қолишни истамай, Туркия майдонларида довруқ таратишди, «Истанбул Башакшеҳир» мухлислари меҳрини қозонишди. Бир эътибор қаратинг, Виктор Осимхендек истеъдодли ва машҳур ҳужумчи тўпурарлар пойгасида бизнинг Элдорга ютқазди. 2-3 йил аввал Осимхен голеадорлик бобида Шомуродовдан ортда қолишига ким ишонарди? 2-3 йил аввал ишониб бўлмайдиган воқеалар бугун реалликка айланди. Ўзбекистон миллий жамоасининг мундиалда 1-2та гол уриши ҳам ўзига хос ютуқ саналиши ҳақида билиб-билмай сўзлаётган хорижий экспертлар Элдор Шомуродовнинг ички имкониятларига етарли баҳо беришолмаяпти. Ўйлаймизки, терма жамоамиз сардори мундиалда уражак голлари билан уларнинг овозларини ўчиради.

Ҳа, футболимиз янги тараққиёт босқичини бошдан кечирмоқда. Янги авлоднинг шашти бошқача. У футболни аввалгиларга нисбатан ўзгачароқ тушунмоқда. Ўзбекистон U-17 термасининг Осиё кубоги чорак финалидаги ўйинини кузатиш асносида ушбу хулосамиз янада мустаҳкамланди. Ислом Исмоилов шогирдлари ўтган йили Саудия майдонларида шов-шувлар билан чемпионликни тантана қилишганида, мутахассислар ушбу натижага сенсация сифатида қарашганди. Мана, ўсмирларимиз бу сафар Жанубий кореялик тенгдошларини мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олишди. Йигитларимиз «Осиё йўлбарслари»га қарши қўрқмай, ғалаба қозонишларига ишонган ҳолда тўп суришганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ж.Корея термаси сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирганида ҳам, футболчиларимизда талваса, ҳаяжон, шошқинлик сезилмади. Муҳаммад Ҳакимов совуққонлик ва хотиржамлик билан бошлаган пенальтилар сериясини вакилларимиз аъло даражада якунига етказишди. Яна такрорлаймиз, 2-3 йил аввал бундай вазиятларда не аҳволга тушардик?! Футболимиз руҳияти янгиланаётгани ва ўзгараётганини сезяпсизми?! Aҳрор Равшанбеков каби йигитлар тимсолида янги Миржалол Қосимов, янги Одил Aҳмедов, янги Элдор Шомуродовлар камол топишаётганини баралла айтсак ҳам бўлаверар…

Фабио Каннаваро бошқарувидаги миллий жамоамиз «Нефтчи»ни 3:0 ҳисобида енг­ганига ҳам оддий воқеа сифатида қарашдан йироқмиз. Чунончи, бош жамоамиз Ислом Исмоилов шогирдлари билан етакчиларсиз куч синашди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Бу ҳисоб нимадан далолат? Фикримизча, мамлакатимиз футболининг истеъдодли ва маҳоратли вакиллари хорижлик мутахассис гуруҳи қўл остида илк бор узоқ муддатли чинакам мастер-классдан баҳра олишди. Мундиалга ҳамма бормайди. Aммо мазкур мастер-сабоқ футболчилар фаолиятида изсиз кетмайди. Ҳозирги маш­ғулотлар мундиалдан кейин Суперлига ўйинларига жиддий ижобий таъсир кўрсатишига ишончимиз комил. Мундиалга бориш-бормаслигидан қатъий назар, йиғинда қатнашаётган ҳар бир футболчи Фабио Каннаваро ва унинг штаби руҳияти, фалсафаси, иш услубини ўзига юқтириши ва ўзгаларга ҳам юқтиришидан умидвормиз!

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *