Telegram Facebook Twitter Instagram OK

Руҳият устунми ёки молиявий муаммолар?

Замон шиддати, дунёда рўй бераётган воқеалар ривожи ва ранг-баранглиги, қайсидир муҳим тарихий воқеага бир вақтнинг ўзида икки хил муносабат мавжудлиги одам ақлини шоширадиган даражада. Мазкур ҳолат дунё футболи, жумладан, Ўзбекистон Суперлигасида ҳам ўз аксини топмоқда. Қаранг, яқиндагина «Барселона»ни Европа ЧЛдан чиқариб юборган «Aтлетико» Испания кубоги финалида «Реал Сосье-дад»га ютқазиб қўйди. Суперлигамизда эса жорий мавсум совринли ўринлар учун курашиши тахмин қилинган «Aндижон» ва «Динамо» айни чоғ турнир жадвалининг қуйи қисмида… Ғалати ҳолат, тўғрими?

Ўтган асрнинг сўнгги чорагида футбол анча қувноқ ва беғубор, адолат устувор ўйин саналарди. Жаҳон ареналарида Диего Марадона, Мишель Платини, Рууд Гуллит, Лотар Маттеус, Зико, Гарри Линикер каби юлдузлар чақнашганида, мухлислар бир қалқиб тушардилар. Ҳамма уларнинг номини ҳурмат билан тилга оларди. Рақобат кучли бўлса-да, футболга муносабат ва уни тушуниш борасида якдиллик мавжуд эди. Aсримизнинг дастлабки чорагида эса нафақат футбол моҳиятини тушуниш, балки истеъдодларга муносабат масаласида ҳам қарама-қарши қутблар шаклланди. Криштиану Роналду ва Леонель Месси мухлисларининг икки томонга бўлинишлари футбол моҳиятини тубдан ўзгартириб, уни бизнес – тижоратга яқинлаштирди. Бошқача айтганда, футбол қувноқлик, беғуборлик, адолат, ҳордиқ чиқариш ўйини мақомидан тобора узоқлашиб бормоқда. Пул масаласи ўртага тушган ва муҳим фактор сифатида қаралаётган бир даврда бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Клублар ва футболчиларнинг молиявий ҳолати ўртасида катта фарқ юзага келган замонда самимият хусусида сўзлаш ортиқча бўлиб қолмоқда.

Вақтида футболимизда Бахтиёр (Қамбаралиев, Aшурма-тов, Ҳамидуллаев), Шуҳрат (Мақсудов, Раҳмонқулов, Мирхолдиршоев), Илҳом (Шарипов, Суюнов, Мўминжонов), Зафар (Холмуродов, Мусабоев, Полвонов) каби замонавий исмли футболчилар тўп суришарди. Асосийси, футболимиз руҳияти ҳам шу исмлар мазмунига мос тушарди. Бугун эса футболимизда Жамшид, Aббос, Жаҳонгир, Самандар, Санжар, Беҳруз каби замонавий мақомдаги тарихий исм­лар кўп. Айни чоғда Муҳаммадали, Иброҳим, Умарали, Сайфиддин, Aбубакр каби мўътабар исмларни олиб юрган футболчилар ўрни ҳам сезиларли даражада катта. Қарангки, шу каби гуруҳланиш футболга ўзгача қараш маъносида ҳам алоҳида-алоҳида бўй ростламоқда. Бундай қарашлар рўй-рост бир-бирига қарама-қарши бўлмаса-да, алоҳидалик кўзга ташланади, барибир. Ўтган шанба оқшоми «Нефтчи» – «Насаф» учрашувида «аждарлар» сафида янги авлод вакиллари исми тилга олинди: Диёрбек (Aбдуназаров), Қувончбек (Хушвақтов), Яшнарбек (Бердираҳмонов). Бу йигитларнинг майдондаги ҳаракатларини кузатиш асносида футболимизга яна кўпчилик соғинган, соғинаётган самимият, беғуборлик, қувноқлик қайтаётгандек таассурот уйғонди. Зеро, янги авлод вакиллари «Нефтчи» таркибидаги тажрибали ва маҳоратли футболчилардан чўчишмади асло. Учрашувда гарчи Ислом Исмоилов шогирдлари ғалаба қозонган бўлсалар-да, Рўзиқул Бердиевнинг яна янги жамоа шакллантиришга тушгани кўпчиликни қувонтирди. Жамшид Искандеров ва Владимир Йовович ўзаро тандем ҳосил қилиб, «Насаф» дарвозасига босим ўтказган паллада «аждарлар» сафида тобланаётган ёш йигитлар маҳорат сирларини ўрганган бўлсалар, не ажаб?! Шу маънода «Нефтчи» ва «Насаф» ўртасидаги учрашувда наинки муҳим очколар учун қизғин кураш борди, балки келажак ўз тараққиёти йўлида тажриба тўплади.

Мулоҳазаларни шу руҳда давом эттирсак, ҳозирги кунда «Пахтакор», «Нефтчи», ОКМК, «Навбаҳор», «Aндижон», «Қизилқум» каби жамоалар таркибида тўп сураётган футболчиларнинг кўнгиллари тўқ маош масаласида. Ҳар ҳолда, уларни молиявий муаммо унча қийнамайди. «Бунёдкор»да эса вазият бутунлай бошқача. Жамоа мутасаддилари давлат томонидан ажратилган маблағнинг катта қисми Ривалдо олдидаги қарздорликни ёпишга кетишини ўйлаб, вазиятдан қандай чиқиш борасида бош қотиришмоқда. Aёнки, бу муаммо футболчиларни ҳам ўйга толдиради. Бироқ футболчилар муаммо қаршисида ўзларини турлича тутишар экан-да. Aна, «Машъал» ҳар қанча тиришмасин, 1 очко учун ҳарчанд курашмасин, турнир жадвали устунидаги «0»ни ўзгартиролмаяпти. Жамоа руҳидаги безовталик туфайли гоҳ пенальти, гоҳ қизил карточка, гоҳ автогол рўй бериб, шундоққина кўриниб турган дуранг ёки ғалаба қўлдан чиқарилмоқда, рақибга тутқазилмоқда. «Бунёдкор» футболчилари эса аксинча, мавжуд муаммога кулиб қарашмоқда ва уни мардонавор енгишмоқда. «Қалдирғочлар» Зоминда «Сўғдиёна»га қарши кечган муҳим ўйинда ҳам само узра баланд-баланд парвоз қилиш мақсадида эканликларини яна бир бора исботлашди. Билолхон Тошмирзаевга қаранг. Ҳатто катта маблағ эвазига олиб келинган ва истеъдоди баралла эътироф этиладиган Люпче Дориев ҳам унга бас келолмади  «дубль» билан кифояланиб. Кучлироқ жамоаларга қарши ўйинлар бошланганидан буён йирик ҳисоб масаласида оқсаётган «Нефтчи» мураббийлар штаби ҳозир Билолхон Тошмирзаевга ҳавас билан боқаётгандир… Балки «Нефтчи»га сиғмаган футболчи маош билан боғлиқ муаммоларни гол уриш орқали нари сураётгандир… Aгар Билолхон шундай ўйлаётган ва йўл тутаётган бўлса, уни фақат олқишлаймиз.

Тушкунлик гирдобида қолган футболчилар айнан Билолхон Тошмирзаевдан ўрнак олишсин! Хусусан, «Машъал» вакилларига нисбатан шундай хитоб қилиш ўринли, чоғи. Ахир «газчилар» «Хоразм»ни енгишлари мумкин эди. Бироқ уларга озгина қатъият ва концентрация етишмади. Aгар ҳар бир футболчи майдонга тушгач, фақат ўйин ва ғалаба ҳақида ўйлай бошласа, жамоа ижобий натижага эришиши аниқ. Тўғри, «Челси» ўйин бобида яққол устунликка эришган бўлса-да, «МЮ»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ғалаба «қизил иблислар»ники эмас, балки Майкл Кэррикники! У «МЮ»ни ўзгартирди ва турнир жадвалида 3-ўринга олиб чиқди. Майкл Кэррикнинг футболчилар кўнглига топ-мураббийларга нисбатан яхшироқ йўл топаётгани энди барчага аён ҳақиқат! Aлександр Хомяков, Илёс Зейтуллаев, Сергей Токов каби мураббийлар бугун шу руҳ, шу кайфиятда ишламоқдалар.

Кейинги турларда «Пахтакор», «Нефтчи», «Навбаҳор»­га осон бўлмайди. Суперлиганинг 9-10-турларидан сўнг турнир жадвалининг юқори ва қуйи қисмида ўзгаришлар юз берса ҳам, ажабмас. Aлбатта, ҳозир жиддий ўзгаришлар ҳақида гапириш ноўрин. Ҳаммаси «Бухоро» – «Пахтакор», «Пахтакор» – «Насаф» ва «Хоразм» – «Нефтчи», «Нефт-чи» – «Қўқон-1912» учрашувларидан сўнг ойдинлашади. Кўпчиликни Камолиддин Тожиевнинг Aлександр Хомяков йўлга қўйган ҳимоявий услубга қарши қандай чора топиши қизиқтирмоқда. «Шерлар» Фарғонада «Нефт-чи» билан бўлган ҳужумкор ўйинда ғалаба қозонишни уддалашди. «Бухоро»га қарши учрашув эса бутунлай бошқача руҳда кечади. Агар Камолиддин Тожиев бу баҳс­да ҳам зафар қучишни уддаласа, унда «Пахтакор»нинг янги даври ҳақида ижобий хулосалар мутлақ қатъийлашади. Ислом Исмоилов ҳам Урганчда шундай синовга рўбарў келади. «Хоразм»нинг айни пайт турнир жадвалининг 7-қаторида тургани кўп нарсадан далолатдир. Қизиқарли тус олиши кутилаётган бу учрашувда тажриба-маҳорат ғалаба қозонадими ёки илҳом-иштиёқ? Демак, барчасини ўйинда кузатамиз, азиз мухлис!

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *