Жанлуижи Буффон: “Дарвозабон аввало ишончли қўллар соҳиби бўлиши керак”
Футбол тарихида шундай буюк шахслар борки, улар нафақат майдондаги ўйини, балки бутун бир даврни белгилаб бериши билан ҳам ёдда қолади. Ана шундай афсоналардан бири Жанлуиджи Буффон эса дарвозабонлик санъатини янги босқичга олиб чиққан, барқарорлик ва садоқат тимсолига айланган сиймо ҳисобланади. Яқинда спортга ихтисослашган «51» нашри ижодкорлари билан кечган суҳбат чоғида Жижи германиялик амплуадоши Мануэль Нойерга бўлган юксак ҳурмати, дарвозабонлик фалсафаси, вақт ва матонат ҳақидаги чуқур мулоҳазаларга бой фикрлари билан ўртоқлашди.
– Жижи, сиз Мануэль Нойердан саккиз ёш каттасиз. Айтингчи у ҳақида биринчи марта қачон эшитгансиз?
– Дастлаб уни 2011 йил баҳорида «Шальке» таркибида «Сан-Сиро»га қарши майдонга тушганида кўргандим. Бунгача эса Нойер ҳақида ҳеч қаерда эшитмагандим. У жисмоний жиҳатдан кучли, бўйи баланд ва жуда жўшқин кўринарди. Тўғриси, Мануэльга қараб, ўзимнинг «Парма»даги фаолиятим эсимга тушиб кетганди. Чунки, мен ўша пайтларда ҳар доим дарвозадан жасорат билан чиқиб келардим, худди Нойер жарима майдончаси ташқарисида ўйнашни ёқтиргани каби. Шунингдек, унинг хулқ-атвори, дарвозабон учун керакли барча фазилатларга эга эканлигини дарҳол сезгандим. Қизиғи, ўша йили Германия ва Италия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида Нойернинг ўйинини жонли кўришга муваффақ бўлдим ва у менда жуда катта таассурот қолдирганди.
– Ўша пайтларда унинг келажакда жаҳон даражасидаги дарвозабон бўлиб етишиши мумкинлигини ҳис қилганмисиз?
– Ишончим комилки, келажакда нималар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввурлар майдон ташқарисидаги инсонларда пайдо бўлади. Ўйинчилар эса бевосита шу йўлни босиб ўтишади. Ҳа, одатда ёш истеъдодларга ҳамма катта умид билдиради ва пайти келиб, жаҳон даражасидаги футболчига айланишига ишонишади. Бундай муносабат эса иқтидорларга тасир қилмаслиги улар аксинча – келажакни ўзлари кўра билишлари зарур. Аммо ҳақиқат шундаки, тажриба ортган сари юқори савияни ушлаб қолиш тобора қийинлашади. Айниқса, 30-31 ёшларда жароҳатлар сони ортади ва катта эҳтимол билан танқидларни ҳам жимгина эшита бошлайсиз.
– Аммо на сиз ва на Нойер бундай салбий муносабатлар ҳаракатдан тўхтатиб қўйишига йўл қўймагансиз…
– Умуман олганда, дарвозабонлар майдондаги алоҳида шахс, ўзгача олам вакиллари бўлишлари керак. Акс ҳолда бу позицияда муваффақиятга эришиш амри маҳол. Айтайлик уларда техника, маҳорат ва психологик тайёргарлик талаб даражасида бўлиши лозим. Аслида фаолияти давомида юқори даражада 20-25 йил ўйнайдиганлар билан фақат 10 йил бор салоҳиятини намойиш этадиганлар ўртасидаги фарқ ҳам шунда.
– Доимий олдинга интилишдан қандай завқ оласиз?
– Футболчилик фаолиятим мобайнида бунинг учун доим иккита сабаб бўлган. Биринчиси – жамоадошларим. Аниқроғи, қарийиб 30 йил давомида уларнинг менга нисбатан ишонишини ҳис қилиб келганман. Айниқса, «Жижи бор экан биз хотиржаммиз» деган жумлалари мени олдинга ундарди. Иккинчиси – доимий равишда ўз устимда ишлаш иштиёқи. Ҳозир ишонч билан айта оламанки, 38 ёшдан 45 ёшгача бўлган давр ичида аввалгидан кўра яхшироқ салоҳиятга эга бўлганман. Чунки бу вақт ичида жуда кўп нарсаларни тўғри бажаришни ўргандим ва доимо янгиланишлар сари юзландим. Чунончи ўзимни рақобат ва қийин вазифалар билан қийнаш ёқарди.
– Айтингчи, бир жамоа сафида узоқ йиллар фаолият олиб бориш қанчалик қийин?
– Футболда икки хил ёндашув бор. Айтайлик, бир жойда узоқ вақт қолиб, ўзингни қулай ҳис қилиш ёки ҳар 3-4 йилда жамоани алмаштириб янги мотивацияга эга бўлиш. Аммо 20 йил давомида топ-клубда ўйнаб, доим энг яхшиси эканингни исботлаш жуда қийин. Одий айтганда буни сўз билан таърифлаш осон холос.
– Умуман олганда, Италия футболида бир клубга қарийб бутун футболчилик фаолиятини бағишлаган ўйинчилар жуда кўп. Масалан, Паоло Мальдини қарийб чорак аср «Милан» шарафини ҳимоя қилди, сиз деярли 20 йил Туринда тўп сурдингиз, Франческо Тотти эса 24 йил «Рома»га содиқ қолди. Айтингчи, бундай бемисл садоқатни қандай таърифлаш мумкин?
– Бу фақат футбол эмас, балки инсоннинг ички қадриятлари, ўзлигини англаши билан боғлиқ масала. Айтайлик мен шундай фазилат туфайли «Ювентус» қуйи лигага тушириб юборилган тақдирда ҳам клуб сафида қолдим. Ваҳоланки, бу орқали карьерамнинг энг ёрқин йилларидан воз кечишга тўғри келди. Аммо ўша вазиятда ўзим учун энг муҳими – клубга ва унинг мухлисларига бўлган садоқатни сақлаб қолиш эди. Чунки ҳақиқий садоқат шароитга қараб ўзгармайди. У асло муроса танламайди. Ўйлашимча, Мальдини ва Тотти ҳам шундай фикрда бўлишган.
– Энди яна дарвозабонлар мавзусига қайтсак: сиз бир вақтлар амплуадошларингиз босимдан қочмайдиган ва ўзини юқори баҳолайдиган бўлиши керак дегандингиз. Шу фикрингизни кенгроқ тушунтириб берсангиз…
– Дарвозабон бўлиш – бу шунчаки позиция эмас, балки характер масаласи. Айтиш жоиз бўлса, биз маълум маънода «мазохистлармиз». Яъни майдондаги энг оғир лаҳзаларга тайёр турамиз. Агар хато қилсак, бу дарҳол ҳисобда акс этади ва танқид биринчи навбатда бизга қаратилади. Шунга қарамай, мавжуд қийинчиликларни билиб туриб ҳам, ортга чекинмаймиз – аксинча, янада кучлироқ бўлишга интиламиз. Шу билан бирга, бизда ўз кучимизга нисбатан чексиз ишонч бўлиши лозим. Зотан дарвозада турган пайт «Бу зарбани фақат мен қайтара оламан», деган тушунча бўлмас экан мазкур позицияда узоқ вақт муваффақиятли фаолият олиб бориш жуда қийин. Чунки ҳар бир сейв – бу нафақат реакция, балки ички ишончнинг ҳам маҳсули демакдир. Қисқаси, дарвозабон бир вақтнинг ўзида ҳам босимга чидамли, ҳам ўз кучига қаттиқ ишонадиган инсон бўлиши шарт.
– Ҳозирги кунда ёш дарвозабонларга қўйилаётган талаблар жуда юқори. Бу уларда қўшимча босимни юзага келтирмайдими?
– Ҳа, замонавий футбол ўзгаргани сайин дарвозабонлар зиммасидаги мажбуриятлар ҳам ортиб кетди. Бугунги кунда улар нафақат қўллари билан, балки оёқлари билан ҳам талаб даражасида ўйнай олишлари керак. Кўряпмизки, айни дамда тўпни аниқ қабул қилиш, ҳужум бошлаш, ҳатто 70-80 метрга бехато узатмалар бериш ҳам дарвозабоннинг оддий вазифасига айланиб қолди. Масалан, Нойерни олайлик. Уни замонавий дарвозабонлар тимсоли сифатида эътироф этишади. Чунки Мануэль оёқ билан ҳам жуда ажойиб ўйнайди. Лекин барибир энг катта кучи ҳали ҳам ўша-ўша – ҳал қилувчи паллада сейв ижро этиш ва жамоасини қутқариш. Бундан келиб чиқадики, талаблар маълум даражада ортган бўлсада, лекин моҳият ўзгармаган: дарвозабон аввало ишончли қўллар соҳиби бўлиши керак.
– Айтганча, Мануель Нойер бу йил 40 ёшга тўлади…
– Мен эса бундай навқирон ёшда «ПСЖ»га ўтгандим! Демак, у яна беш йил юқори даражада ўйнаши мумкин (кулади). Йўқ, аслида қачон тўхтатиш кераклигини у ўзи ҳал қилиши керак. Мен Нойерга чин дилдан энг яхши тилакларимни билдираман ва ажойиб карьераси билан табриклайман. Маслаҳатим у муталқо шошилмасин ва ички туйғуларга қулоқ тутсин. Чунки одатда дарвозабонлар тез қарор қабул қилиши, лекин бу қарор амалда тўғри бўлиши лозим.
Манба: fcbayern.com, Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади





