Мураббийнинг ўйлаганидан ўйламагани яхшими?
Имконияти мутахассислар ва мухлислар томонидан юқори баҳоланган жамоа кетма-кет мағлубиятга учраяптими, демак, унинг мураббийи иш услубида қандайдир муаммо мавжуд. Ахир таркибда тажрибали ва маҳоратли футболчилар тўп суришса-ю, салбий натижалар бир-бирига уланса, аёнки, бош мураббий жамоавий руҳни шакллантиролмаган бўлади. Тажрибали мутахассис ҳам ўз-ўзидан истеъфога чиқарилмайди. У қандай тактик услубда тўп суриш ва асосий таркибни шакллантиришда хатога йўл қўйса, бу нафақат жамоа, балки мухлислар учун ҳам аламли мағлубият билан баравардир.
«Андижон» Суперлига 7-турида ОКМКни қабул қилиб, ўйиннинг биринчи бўлимидан сўнг 0:2 ҳисобида ортда борди. Танаффусдан олдин Маҳмуд Муҳаммаджонов ўрнига Иброҳим Йўлдошев, иккинчи бўлим аввалида эса Усмонали Исмоналиев ўрнига Дониёр Абдуманнопов майдонга тушди ва «Андижон»нинг ўйин картинаси буткул ўзгарди. Ўз-ўзидан савол туғилади: Самвел Бабаян нима сабабдан ғалаба учун тўп суришга тайёр футболчиларни асосий таркибга киритмади? Тахмин қилиш мумкинки, у биринчи бўлимда натижага алоқадор бирор кор-ҳол юз берса, Иброҳим Йўлдошев ва Дониёр Абдуманноповни жангга ташлаш орқали вазиятни ўнглаш, ўйинни қутқаришни ўйлаган. Ҳозир тахминий мулоҳаза юритмоқдамиз. Лекин бунда мантиқ устувор, назаримизда. Зеро, асосий таркибга муносиб футболчиларни захирада ушлаб туришдан яна қандай мақсад бўлиши мумкин?!
Кўриниб турибдики, бош мураббий ўйин бошланмасидан аслида яхши ният қилмаган. Охир-оқибат, моҳиятан бузуқ ниятига етди ўйин якунида. Нафақат жамоаси, балки ўз шаънига нисбатан ҳам зарар келтирувчи ноўрин эҳтиёткорлик – Самвел Бабаяннинг мураббийлик позициясини белгиловчи устувор омилдир. Қарангки, у охирги имконият берилган вақтда ҳам энг фойдали футболчиларни бошланғич таркибга қўшмади. Иккинчи бўлимда Драган Черан эмас, Имеда Ашортиа майдонга туширилганда, «Андижон» янада шиддатлироқ тўп сурармиди? Ҳар ҳолда, учрашувнинг охирги чорагида тажриба эмас, аксинча, энергия ва иштиёқ ўз сўзини айтди. Бундай вазиятда навқирон Ашортиа фахрий Черандан устунроқдир.
«Навбаҳор» – «Сурхон» учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Анвар Ғофуровга айни шу мазмунда савол берилди ва у Беҳруз Каримов ҳамда Стефен Чинедуни ўйинни кучайтириш мақсадида иккинчи бўлимда майдонга туширишни режалаштирганини айтди. Ёш мутахассис Вадим Абрамов ва Самвел Бабаян футбол фалсафасига яқин мулоҳазалар билдирди ва шу услубни ёқтиргани учун ҳам «Навбаҳор» томонидан жазоланди. Дейлик, «Динамо»нинг «Локомотив»га қарши ўйини биринчи бўлимидаёқ Беҳруз Облақуловнинг тайёр эмаслиги яққол билиниб қолди. Иккинчи бўлимда унинг ўрнини эгаллаган Азиз Амонов ҳисобни қисқартирди ва «дубль» қайд этишга ҳам яқин борди. Амонов ҳозирча савия ва тажриба бобида Облақуловдан анчайин устунлиги барчага маълум. Вадим Абрамовнинг ўзи ҳам тажрибали ва ёш футболчи орасидаги фарқни жуда яхши билади, аммо Азиз Амоновни захирада қолдиришни маъқул кўрди, барибир. Авваллари мухлислар ва мутахассислар томонидан олқишланган, анча-мунча фой-дали ҳисобланган Вадим Абрамов ва Самвел Бабаян мураббийлик услубига хос ўзбилармонлик энди фақат уларнинг зарарларига ишламоқда. Якшанба оқшомидаги «Динамо» – «Локомотив» ва «Андижон» – ОКМК ўйинлари иккинчи бўлимида мазкур хулоса ўз исботини топди.
Ҳа, бундай мулоҳазалар ёзилганида, кўпинча муаллифга эътироз билдирилади: «Қайси мураббий мағлубиятни истайди? У ҳам ғалабани кўзлайди. Футболчининг вазияти ва жамоа ички муҳити айнан мураббийга аён». «Динамо» ва «Андижон»нинг «Локомотив» ҳамда ОКМКга қарши учрашувлари иккинчи бўлими эса бунинг аксини сўзламоқда, яъни Вадим Абрамов ҳам, Самвел Бабаян ҳам бошланғич таркибни танлашда адашган. Яна рақибга қарши қайси услубда тўп суриш лозимлигини аниқ белгилай олмаган. Самарқандлик ва андижонлик мухлисларнинг ўз жамоаларини сўнгги дақиқага қадар иштиёқ билан олға ундашгани, «Динамо» ва «Андижон» шунга яраша иккинчи бўлимда уларнинг ҳурмати ўйинни қутқаришга зўр бергани олқишга сазовор, албатта. Бироқ ҳозир қанча олқишламайлик, вазиятни турнир жадвалидаги очколар белгилайди. «Динамо» ва «Андижон» эса бу борада мақтанолмайди. Молиявий ҳолати бир-биридан фарқ қилувчи икки жамоанинг турнир жадвали қуйи қисмида кетма-кет туриши вазият мураббийлар билан боғлиқ эканлигини тасдиқлаб турибди.
Албатта, жамоаларнинг турнир жадвалида қайси ўринни эгаллаб туришига ҳар доим ҳам мураббий жавобгар ҳисобланмайди. Шундай вазиятлар ҳам бўладики, қайсидир жамоанинг очкоси кўпайиши ёки бошқасиники камайишига ҳакам таъсир кўрсатади. Сўнгги кунларда мамлакатимиз футбол жамоатчилиги эътибори айни шу оғриқли муаммога қаратилди. Яъни «Қўқон-1912» – «Насаф» ўйинида белгиланган пенальти оммавий муҳокамаларга сабаб бўлди. Очиғи, Европа ЧЛ чорак финали доирасидаги «Реал» – «Бавария» ва «Барселона» – Атлетико» учрашувлари таъсирида бу муаммо эътибордан четда қолишини ўйлагандик. Воқеалар ривожи эса ўзбек футболи муаммоси жамоатчилик учун ажойиб евроспектакллардан муҳимроқлигини исботлади. Акс ҳолда, ижтимоий тармоқлар Рустам Лутфуллин хатосига алоқадор баҳс-мунозаралар, изоҳлар билан тўлиб-тошмасди. Минг-минглаб реакциялар шундан далолат бермоқдаки, мухлислар футболимиз вужудидаги ҳакамлик билан боғлиқ муаммо оқилона ҳал қилинишини кутишмоқда. Айни шу ўринда масалага жиддий эътибор қаратган ва унга адолатли ёндашган ПФЛ позицияси мухлислар томонидан оммавий тарзда қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаш жоиз. Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак, миллий ҳакамлик мактабимизда хатони тан олиш ва жамоатчиликдан узр сўраш маданияти ҳали-ҳануз шаклланмаган. Шундай ҳакамлар борки, ҳамкасблари хатоларини кўрсатиб, қонун-қоидаларга мувофиқ тушунтиришса-да, буни тан олишни исташмайди. Улар фақат ўзлариникини маъқуллашади. Қарорлари тўғри эканлиги, ҳатто виждон олдида тозаликларини қайта-қайта таъкидлашдан чарчашмайди. Дейлик, Рустам Лутфуллин шундай йўл тутиш ўрнига жамоатчиликдан узр сўраганида, обрў-эътибори ўзи тасаввур қилолмайдиган даражада ошарди. Афсуски, узр сўрашга кучи етмади ва мухлисларда ўзига нисбатан аввалроқ шаклланган қора тасаввурни янада қуюқлаштирди.
Муҳтарам мухлис, тушунамиз, бугун сизни кўпроқ «Бавария» – «Реал» ва «Атлетико» – «Барселона» учрашувлари натижаси қизиқтирмоқда. Бир эсланг, «Реал» дастлабки ўйиннинг 15-35-дақиқалари оралиғида «Бавария» дарвозасига камида 2та гол уриши мумкин эди, лекин Мануэль Нойернинг мўъжизавий маҳорати бунга тўсқинлик қилди. 40 ёшли кипер жавоб учрашувида ҳам Винисуис Жуниор ва Килиан Мбаппе зарбаларини шундай маҳорат билан тўсишга тайёрми? «Эспаньол»га қарши баҳсда майдонда футбол рақсини ижро этган, «Барселона» ғалабасига муносиб ҳисса қўшган Ламин Ямал нима сабабдан дастлабки раундда «Атлетико» дарвозасига йўл тополмади? У жавоб учрашувида бу ишни уддалашга қодирми ёки кўплаб мухлислар таъкидлашганидек, муҳим жангда ўзини яна кўрсатолмайди? Бу саволларга жавоб беришдан ўзимизни тиямиз ва якуний натижаларни биргаликда кутамиз, азиз мухлислар!
Муҳаммад ВАЛИ





