Search

Дани Карвахаль: «Мақсад – ҳар доим ғалаба қозониш»

Оғир жароҳат ортидан қарийб бутун бир мавсумни четда ўтказган «Реал» ҳимоячиси Дани Карвахаль ниҳоят, фаол машғулотларни бошлаб юборди. Совринлари сақланадиган махсус хонаси аллақачон турли-туман кубоклар билан тўлган «Мадрид» сардори ва етакчиларидан бири янги мавсум стартига қадар энг оптимал ҳолатини тиклашдан умидвор, албатта. Ҳа, «қаймоқранглилар» Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025да кўзланган мақсадга эришолмадилар. Шунга қарамай, Дани Карвахаль ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ҳали ҳаммаси олдинда эканлигини ишонч билан таъкидлади.

- Октябрь ойида орттирган жароҳат оқибатида узоқ вақт майдонга тушолмадингиз. Шу маънода клублар мундиали сиз учун мавсумни юқори нотада якунлаш имконияти эди... 

- Ҳа, ёқимсиз жароҳат туфайли узоқ вақт майдон ташқарисида қолдим, лекин ҳамон ғалабаларга чанқоқман. Шу иштиёқ ҳам мени тезроқ оёққа туришга ундади. Мавсумнинг катта қисмида даволаниш билан банд бўлганимга қарамай, Клублар ўртасидаги ЖЧда иштирок этишга кўзим етиб турганди. Жамоа машғулотларига келиб, йигитлар билан бирга бўлиш мени таърифланмас даражадаги турли хаёллардан чалғитиб турди. Яъни мудом имкон қадар тезроқ сафга қўшилиш, спорт формасига тушиб олишни ўйладим. Оддий айтганда, АҚШ мундиалида жамоам ғалабасига муносиб ҳисса қўшиш иштиёқи сира тинчлик бергани йўқ.

- Демак, Клублар ўртасидаги ЖЧ иштирокчилари қаторига кирганингиздан хурсандсиз... 

- Гап мутлақо янги мусобақа ҳақида кетяпти. Номидан ҳам маълум - супер жаҳон чемпионати. Мусобақада сайёрамизнинг энг яхши ва сараланган клублари қатнашганини кўрдик. Албатта, фақат ва фақат чемпионликни кўзлагандик. Шунинг учун бутун жамоада ҳаяжон бор эди, босим ҳам. Ҳа, маррага етолмадик, лекин ишончим комил, жамоамизнинг ягона мақсади ҳеч қачон ўзгармайди - ҳар доим ғалаба қозониш. «Мадрид» учун бундан бошқа йўл йўқ. Шундай экан, янги мавсумда совринларимиз коллекциясини бойитиш учун боримизни берамиз. Зеро, «Реал»ни чемпионликдан бошқаси асло қониқтирмайди. Умид қиламанки, сов­ринлар қўлга киритиш асносида клуб тарихини қайта ёзишда давом этамиз. 

- Дани, вақти келиб, салоҳиятингизни MLSда синаб кўришингиз мумкинлигини айтган эдингиз... 

- Шундай. Интервьюларимда бу ҳақда кўп гапирганман. Яна қайтараман, қачондир «Реал»дан кетишимга тўғри келса, фақат Европадан ташқаридаги лигаларга йўл олишим мумкин. Чунки «Мад­рид»га қарши ўйнашни асло тасаввур қилолмайман. Хуллас, келажакда MLS кенгликларида пайдо бўлишим эҳтимоли йўқ эмас. Шундай тақдирда «Мадрид»га қарши ўйнашим эҳтимолини пасайтиришим мумкин.

- Охирги савол: қайси афсонавий футболчи билан битта жамоада тўп суришни хоҳлардингиз ва нима учун? 

- О, жуда зўр савол! Очиғи, болалигимдан Рауль билан бирга ўйнашни орзу қилганман. Ахир у қалбимга энг яқин клуб ва терма жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бири эди. Шубҳа йўқ, Рауль ўз номини футбол тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёздириб қўйган камсонли юлдузлардан биридир. Хуллас, қачондир у билан елкама-елка тўп суриш имконияти туғилса, бундан бошим осмонга етарди.

Манба: fifa.com, ХУРШИДБЕК тайёрлади

Related to this topic: