Ноябрь ойидаги ФИФА кунларига қадар клуб футболида асосан 3 нафар ҳужумчи голеадорлик қобилиятини ишга солди. Эрлинг Холанд «Манчестер Сити», Килиан Мбаппе «Реал» ва Гарри Кейн «Бавария» мухлисларини бениҳоя шодлантиришмоқда. Қизиқ, айни ҳолатда ушбу учликдан энг яхшиси ким? Табиийки, ҳар бир голеадорнинг ўзига хос устун жиҳатлари бор.
Миллий лигаларда гол уриш масаласи
Аввало, кучли трио вакилларининг ички чемпионатлардаги голлари сонига қараш керак. Демак, Эрлинг Холанд АПЛда 14та голга эга, Гарри Кейн ва Килиан Мбаппе ҳисобида эса тегишлича Бундеслига ва Ла Лигада урилган 13тадан гол бор. Норвегиялик футболчининг статистикаси бир жиҳати билан янада таъсирлироқ: унинг голларида пенальти самараси йўқ. Дарвоқе, танаффусдан олдинги турда ҳаммаси ўзгариши мумкин эди, аммо Эрлинг «Ливерпуль» дарвозабони Георги Мамардашвили билан «дуэл»да имкониятни қўлдан чиқарди. Мбаппе Испания чемпионатидаги голларидан 3тасини пенальтидан урган бўлса, Кейн Германия лигасида 11 метрлик жарима зарбасидан 4 марта фойдаланди. Чемпионатлар статистикаси бўйича ўртача ҳисобда 1та голга энг кам вақт сарфлаётган ҳужумчи - бу Кейн. Англиялик футболчи Бундеслигада ҳар 61,08 дақиқага 1та гол тўғриламоқда. Жуда-жуда вазмин натижа! Холандда ушбу кўрсаткич 67,71 дақиқани ташкил этаётган бўлса, Мбаппе пастроқ натижа билан чекланмоқда (ҳар 80,77 дақиқада 1та гол).
Норвегиялик «йиртқич» АПЛда «Манчестер Сити»нинг 60,8 фоизи голини ўзиники қилди (жами 23тадан 14та). Шу ўринда ғоят ҳайратланарли факт: «Сити»нинг бошқа бирор футболчиси жорий мавсум 1тадан ортиқ гол урмади АПЛ ўйинларида. Энг қизиқ томони эса, Хосеп Гвардиола жамоасининг тўпурарлари рўйхатида 2-ўрин «Бернли» ҳимоячиси Максим Эстевега тегишли («Сити» билан баҳсда 2та автогол). Мбаппенинг «Реал» голлари хирмонидаги улуши 50 фоизга тенг (26тадан 13та). Фарқли жиҳати, «Мадрид»да 1тадан кўп гол урган яна 3 нафар футболчи бор: Винисиус Жуниор - 5та, Арда Гюлер - 3та ва Жуд Беллингем - 2та. Самарали «Бавария» ҳисобидаги 35та голдан 37,1 фоизи Кейнга тегишли (13та). Мюнхен клубида яна 3 нафар футболчи чемпионат баҳсларида камида 4та гол урди: Луис Диас (6та), Серж Гнабри (4та) ва Майкл Олисе (4та).
Рақиблар савияси ва ғалаба келтирган голлар масаласи
Ғалаба келтирган голлар сони бўйича Холанд олдинда. Норвегияликнинг 5та голи (35,7 фоиз) «Манчестер Сити»га ғалаба тортиқ этди. Франциялик ҳужумчида бундай голлар 4та (30,8 фоиз). Кейн эса атиги 1та (7,7 фоиз) ҳолатда ғалаба голига муаллифлик қилди. Шунинг баробарида Килиан чемпионатда гол уриш борасида бироз барқарорроқ: 12та ўйиндан 10тасида рақиб дарвозасини нишонга олди. Холанд эса 11та ўйиндан 9тасида ўзини кўрсатган бўлса, Кейн 10та учрашувдан 7тасида гол урди. Рақибларнинг нисбий савиясига келсак, таҳлил учун АПЛ, Ла Лига ва Бундеслига турнир жадваллари икки қисмга ажратилди. Эслатма, Англия ва Испания элит дивизионларида 20тадан клуб бор, Германия лигасида эса 18та. Хуллас, 3 нафар ҳужумчи орасида турнирнинг юқори ярмидаги жамоаларни жазолаш борасида Кейн энг яхши кўрсаткичга эга - 10та гол. Холанд эса АПЛнинг юқори 10талигидаги жамоалар дарвозасини 5 марта нишонга олди. Мбаппенинг Ла Лигадаги кўрсаткичи ҳам шундай - кучли 10таликда кетаётган жамоаларга қарши ўйинларда 5та гол. Кейн яна 2та кўрсаткич бўйича Мбаппе ва Холанддан олдинда:
1. Биринчидан, у кўпроқ самарали узатмага эга. Англияликда 3та, францияликда 2та ва норвегияликда 2та ассист бор.
2. Кейнда урилган ва кутилган голлар ўртасидаги фарқ катта: 7,1 xGга нисбатан 13та (xG Холандда 11,1 ва Мбаппеда 10,8га тенг).
Барча мусобақалар ҳисоби масаласи
Агар клуб футболидаги барча мусобақаларни олсак, Кейн тез-тез гол урмоқда, Холандда эса ғалаба келтирган аниқ зарбалари кўпроқ. Хуллас, бу борада Англия вакили икки рақибидан устунроқ.
Кейн - 23та гол. Бундеслига - 13та, ЧЛ - 5та, Германия кубоги - 4та, Германия суперкубоги - 1та
Холанд - 19та гол. АПЛ - 14та, ЧЛ - 5та
Мбаппе - 18та гол. Ла Лига - 13та, ЧЛ - 5та
Демак, умумий ҳисобда гол уриш учун энг кам вақт кўрсаткичи Кейнга тегишли, Мбаппе эса жамоасининг умумий хирмонида энг катта улушга эга. Холандда ҳам устунлик бор - рақибларига нисбатан кўпроқ ғалаба голи.
Ниҳоят, охиргиси: ушбу триода Эрлинг энг узун голли серияга эга. Норвегиялик «йиртқич» «Манчестер Сити» сафида кетма-кет 9та ўйинда рақибларни жазолади. Кейн ва Мбаппе эса «Бавария» ҳамда «Реал»да голли серияни 8та ўйинга чўзишди. Ушбу футболчилар зимдан рақобатни қандай давом эттиришларини кузатиш қизиқ, албатта. Мавсум якунида қанчадан гол тўплашларини билиш ҳам.
Манба: championat.com, Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади