Search

Миржалол Қосимов: «U-20 мундиали мезбонлиги – Озарбайжон ва Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун яхши имконият»

U-20 тоифасидаги ЖЧ-2027 мезбонлик ҳуқуқи Ўзбекистон ва Озарбайжонга берилгани ҳар икки мамлакатда футбол жамоатчилигини чинакамига тўлқинлантиргани ўз-ўзидан тушунарли. Мана, Тошкентда сиғими 55 мингга тенг кўп функцияли янги замонавий стадион қурилишига тамал тоши қўйилди. Қардош Озарбайжонда ҳам аллақачон бўлажак кичик мундиал ҳавоси эса бошлади, албатта. Мисол учун, Озарбайжон матбуотида ўзбек футболи афсонаси Миржалол Қосимовнинг интервьюси эълон қилинди. Гап шундаки, ҳамюртимиз 1989 йили Саудия Арабистонида ташкиллаштирилган U-20 тоифасидаги ЖЧда Озарбайжон футболи вакили Ариф Асадов билан битта жамоа сафида елкама-елка тўп сурган.

- Миржалол Қўшоқович, вақтида бизнинг Ариф Асадов билан бирга собиқ иттифоқ U-20 термаси сафида кичик ЖЧда қатнашгансиз. Ўша турнирни қандай эслайсиз?

- Ҳаммаси ёдимда. Аслида Ариф билан бир эмас, 2та ЖЧда бирга ўйнаганмиз. Яъни аввалига Канадада ўтган ўсмирлар турнирида жаҳон чемпионлигини қўлга киритганмиз. Кейин 1989 йили Саудия Арабистони мезбонлик қилган ёшлар мундиалига ҳам бирга бордик. Ўша турнирда ўзимиздан бир ёш катта футболчиларга қарши тўп сурганмиз. Чунки жамоа таркиби нисбатан ёшроқ йигитлардан тузилганди. Гап шундаки, ЖЧдан олдин Чехословакияда Европа чемпионлигини қўлга киритгандик. Эсимда, Братиславада бўлган қитъа чемпионати финалида Португалия термасини мағлубиятга учратган эдик. Хуллас, 1989 йили Саудияга  U-20 термаси сифатида бориб, ёши каттароқ рақибларга қарши ўйнаганмиз. Умуман, кўп воқеалар ҳамон ёдимда.

- U-20 тоифасидаги ЖЧ 2027 йили Озарбайжон ва Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Жуда ёқимли! Ахир ФИФА бу имкониятни бежиз бермади. U-20 мундиалига мезбонлик қилиш — Озарбайжон ва Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун яхши имконият! Қолаверса, бу ўзига хос мотивация ҳам, чунки маълум қадамлар қўйилади, ҳар икки мамлакатда жиддий ишларга қўл урилади. Яна бир томони, бундай миқёсдаги турнирни илк марта қабул қиламиз. Озарбайжонда футболчи дўстларим жуда кўп. Умуман, футбол Озарбайжонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам жуда севимли спорт туридир. Бизда давлат раҳбарининг шахсан ўзи футболни оммалаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Юртбошимиз ҳозирга қадар тизимда кўп нарсаларни ўзгартирди. Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧга йўлланма олгани бежиз эмас. Тушунарлики, бу моҳиятан - катта тарих. Ахир жаҳон чемпионати футболда чинакам чўққи ҳисобланади. Албатта, миллий жамоамизнинг тарихий натижасидан чинакамига хурсандмиз. Шунинг баробарида ривожланишда давом этишимиз керак.

- Хўш, Миржалол Қосимов ва Ариф Асадов бўлажак жаҳон чемпионатида асосий шахслар бўлишлари мумкинми? Зеро, аллақачон ушбу турнирда бирга ўйнагансиз, энди эса икки мамлакат бирга турнир ташкил қилади...

- Билмадим, ҳаммасини вақт кўрсатади. Ариф — қадрдоним. Унинг сўзини ерда қолдирмайман, албатта. Қандай роль ўйнашимизни эса билмайман. Лекин ўз хоҳишимиз билан бирга ишлашимиз мумкин. Қолганини Аллоҳ кўрсатади.

- Ўзбекистон миллий жамоаси ниҳоят, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритгани билан табриклаймиз. Сизнинг­-ча, Озарбайжон терма жамоаси ҳам қачондир шундай муваффақиятга эришадими? Умуман, Озарбайжон миллий жамоаси ўйин­ларини ҳам кўриб турасизми?

- Ҳа, вақти-вақти билан кузатиб бораман. Айтганимдек, ҳаммасини Аллоҳ билади. Келинг, Озарбайжон термаси ҳам жаҳон чемпионатига чиқишига умид боғлайлик. Кутамиз. Барчаси яқин орада содир бўлишидан умидвормиз. 

МАЪЛУМОТ

U-20 тоифасидаги ЖЧ 1977 йили йўлга қўйилган бўлиб, ҳар икки йилда ташкил этилади. Ортда қолган йилларда ўтказилган 24та ЖЧда 13та жамоа ғолибликка эришган. Рекорд Аргентина U-20 термасига тегишли - 6 карра чемпион. Бразилиялик ёшлари эса жаҳон кубогини 5 марта бошлари узра баланд кўтаришган. Амалдаги чемпион - Марокаш термаси (Африка вакили Чилида ўтказилган бу йилги мундиал финалида Аргентина термасини 2:0 ҳисобида енгди). Тарихга назар ташласак, шу пайтгача мусобақанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганлар орасида Диего Марадона (1979 йил), Хавьер Савио­ла (2001 йил), Лионель Месси (2005 йил), Серхио Агуэро (2007 йил), Поль Погба (2013 йил) каби машҳурлар бор. 

U-20 тоифасидаги ЖЧ форматига кўра, финал раундида 24та жамоа 6та гуруҳга бўлиниб, курашга киришади. Якунда 16та жамоа «плей-офф»га чиқади (1-2-ўринлар эгалари ва 4та яхшироқ кўрсаткичга эга 3-ўрин соҳиби). Бўлажак турнир ўйинлари Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида қандай тақсимланиши ҳақида эса ҳозирча расмий маълумот йўқ.

АРИФ АСАДОВ ХОТИРАЛАРИ

- Миржалол Қосимов билан йўлимиз ёшлар термасидан анча олдин кесишганди. Собиқ иттифоқ даврида ўз республикаларимиз ўсмирлар термалари сардорлари сифатида майдонда ўзаро рақиблик қилганмиз. Ўша вақт асосан Россия ва Украина вакилларига эътибор қаратиларди. Шу маънода бизга ишонч билдирган мураббийларга миннатдорчилик билдиришим керак. Дастлаб, 1987 йили ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатида кумуш медаль ютганмиз, кейин U-17 тоифасида жаҳон чемпиони бўлдик. Шундан сўнг U-19 жамоаси таркибида Европа чемпионатида зафар қучиб, U-20 мундиалига бордик. Миржалол сардор эди - унутилмас даврлар. Собиқ иттифоқ термасида сардор бўлиш кўп нарсадан далолат беради. Шу маънода Миржалол ўзбек футболининг тирик афсоналаридан биридир. У техник жиҳатдан кучли бўлиш баробарида ақлли футболчи эди. Дейлик, бир қатор голлари билан чемпионликка катта ҳисса қўшган. Гарчи ҳимоячи бўлсамда, ундан ўрнак олиб, ҳужумга қўшилар ва голлар урардим. Миржалол нафақат ажойиб футболчи, балки чинакам дўст эди. Айтганча, «Алания»да ҳам бирга ўйнаганмиз. Оилавий тарзда дўстлашиб кетганмиз. Мисол учун, уникида меҳмон бўлганман. 

ЖЧ-2027 мамлакатларимизга ишониб топширилгани - қувонарли ҳолат. Бу танлов халқларимиз яқинлиги, биродарлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шу ўринда айтишим керак, икки давлат раҳбарларининг футбол, умуман, спортга иштиёқи ФИФАга шундай қарор қабул қилишда ишонч бағишлади. Ишончим комил, Ўзбекистон ва Озарбайжон футболи яқин ҳамкорликда жаҳон чемпионатини юқори даражада ўтказиш учун барча чораларни кўради. Бўлажак турнирдаги иштирокка келсак, икки қардош давлат вакиллари сифатида ўз тажрибамиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз. Ишончим комил, Миржалол ҳам худди шундай фикрда. 

Related to this topic: