Футболимизда ҳам трансформация жараёни мавжудми?

Футболимизда ҳам трансформация жараёни мавжудми?

Сарлавҳани савол тарзида қўйиш журналистикада янгилик ҳисобланмайди.

ЎФА томонидан 2024 йил лауреатлари эълон қилинганидан сўнг мулоҳазаларимиз учун савол кўринишида сарлавҳа танлашни лозим топдик. Зеро, биз яшаб турган жамиятнинг кўплаб соҳаларида   трансформация жараёни кузатилмоқда. Дейлик, хусусий таълим секторида хорижий тилларни   ўргатиш билан боғлиқ   самарадорлик шу даражага етдики, давлат умумий ўрта таълим муассасалари бундай натижани тасаввурига ҳам сиғдиролмайди. Орада фарқ жуда катта. Лекин бу умумий ўрта таълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш масаласига ижобий таъсир кўрсатмаяпти. Мактабларда   хорижий тиллар дарси ҳамон эскича услубда олиб борилмоқда ва трансформация жараёни йўқ даражада...

Босма нашрлар жамиятда ўз ўрнини сақлаб қолиши учун газеталар мундарижасида кескин трансформация бўлиши кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Афсуски, аксарият газеталар ҳамон эскича услубда ишламоқда ва бир ҳафта олдинги воқеалар   ахборотини ёритиш билан   кифояланмоқда. Ҳарчанд куйиб-пишиб тушунтирилмасин, босма матбуот трансформацияга шаҳд билан юз буролмаяпти. Мамлакатимиз муҳитидаги   трансформация жараёни билан боғлиқ зиддиятли ҳолатларга эътибор қаратиш учун ушбу мисолларнинг ўзи етарли, назаримизда. Хўш, футболимизда бу жараён қандай кечмоқда? Аслида ҳали ёш ҳисобланадиган Аббос Файзуллаев 2 йил давомида кетма-кет Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олингани трансформация кўнгилдагидек бораётганидан далолатми? Яна бир ёш йигитимиз Абдуқодир Ҳусановнинг евроареналарда алоҳида эътиборга тушаётгани футболимиздаги трансформация ишлари чиндан ҳам, қувонарли эканлигини тасдиқлайдими? Бундан ташқари, «Локомотив» тарбияланувчиси Лазиз Мирзаевнинг   Ла Лига иштирокчиси «Леганес» лагерига йўл олгани ҳам эътирофга арзигудек воқеа. Шундай вазиятда   мулоҳазаларимиз сарлавҳаси савол шаклида бўлиши тўғрими, адолатданми?

Таъкидлаш жоиз, саволлар онг-у шууримизга тўсатдан келиб қолгани йўқ. Бу хусусда аввал ҳам кўп ўйлаганмиз, албатта. Ўйлаганларимиз мулоҳаза тарзида ёзилиши учун 2024 йилнинг энг яхшилари эълон қилиниши туртки берди, холос. Бир қарашда ҳаммаси яхши, барчаси кўнгилдагидек. Кўзга ташланаётган муаммо ва камчиликларни эса йўл-йўлакай тузатиш мумкиндек. Бошқача айтганда, футболимиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўладиган бирор муаммони айтишга хижолат тортасан киши. Янги йил арафасида кўпчиликда шундай кайфият, айримлар ҳатто эйфорияда. Биз эса   футболимиздаги вазият, трансформация жараёни   мақтанарли даражада эмаслигига эътибор қаратмоқчимиз. Футболнинг бошқа соҳалардан фарқи ҳам шунда. Футболда ортда қолаётган йил якунларини бошқа соҳалардаги каби кейингиси бошига қолдириш мумкин эмас. Футбол спецификасидан келиб чиқсак, реал воқелик таҳлили, муаммолар ва камчиликлар танқиди янги йилга қадар бўлиши мақсадга мувофиқ. 

Бугун «Барселона» Ламин Ямал ва Пау Кубарси келажагига кўпроқ   умид боғлаётган бўлса, миллий жамоамиз истиқболини Аббос Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов белгилашлари бот-бот тилга олинмоқда. Қаранг, дунёнинг энг кучли клубидаги трансформация жараёни миллий жамоамизда такрорланаётгандек, гўё. Фикримизча, айнан шундай қиёс   футболимиздаги реал воқеликни   ҳаққоний таҳлил қилишга халақит беради. Агар ички муҳитга жиддий назар ташланса, ҳақиқий аҳвол кўпчилик ўйлаганидек мақтанарли эмаслиги аёнлашади. Одатда факт­лар ўжар бўлишини тез-тез эслатиб турамиз. Келинг, айни ўринда ҳам ўжар фактлар сўзига қулоқ тутайлик...

Бутун куз мавсуми аксар футбол журналистларининг Сречко Катанец томорқасига тош отишгани ҳеч кимга сир эмас. Асосий эътироз доимий равишда бир хил таркибнинг майдонга туширилишига боғлиқ. Нима деб ўйлайсиз, журналистларнинг Катанецга нисбатан бундай эътирозлари ўринлими? Мана, йил якунланмоқда. Борлиқни узоқ кутилган қор қоплади. Қиш совуғи анча-мунча ҳовурларни босди. Демак, энди ўша эътирозлар устида хотиржам баҳс юритиш ва саволларга жўяли жавоб топиш имконияти мавжуд.   Бизнингча, Элдор Шомуродов ёки Бобур Абдухолиқов гол уриш имкони бор вазиятларни кўкка совурганида, Катанец ҳам ич-ичидан зил кетган. У шундай лаҳзаларда   Элдор Шомуродов, Бобур Абдухолиқов ёки «Нефтчи»да ҳам асосан захирадан майдонга тушган Азиз Амонов ўрнига бош­қа ҳужумчи топиш ҳақида ўйлаб кўрмаганми? Голга тортадиган яққол вазиятдан фойдаланолмаган   ҳужумчини ҳар қайси мураббий ношудликда айблайди, албатта. Айниқса, у катта футболда Сречко Катанец каби пишиб етилган бўлса. 

Хуллас, словениялик мутахассисни ҳам турли ўй-хаёллар қийнагани турган гап. Лекин ҳар қанча қийин бўлмасин, у ўзидаги изтиробли ўй-хаёлларни ҳайдаб, яна ва яна Шомуродов, Абдухолиқов, Амоновга мурожаат қилишга мажбур. Суперлигада 6 йилдан буён «қария» Драган Черан тўпурарликка эришаётган экан, Катанецда   лов этиб ёнган бирор истеъдодли ҳужумчи танлаш имконияти борми? Тан олиш лозим, бу саволга   ижобий жавоб қайтарадиган мард чиқиши қийин. Суперлигада 13та гол урган футболчи бош тўпурарга айлангани футболимизда жиддий муаммо борлигидан дарак эмасми? Муаммо! Жиддий бош қотириладиган улкан муаммо! Йўқ, бу Драган Чераннинг савияли легионер эканлиги билан боғлиқ эмас асло. У 1-2 марта мавсум тўп­урари мақомини олганида ва миллий жамоамиз голеадор   ҳужумчига эҳтиёж сезмаганида, мазкур муаммога эътибор қаратиб ўтирмасдик ҳам. Ёши ўтган легионер 6 йилдан буён Суперлигада ҳаммадан кўп гол уряптими, демак, футболимизда ҳужумчиларни тайёрлаш билан боғлиқ тизим   ачинарли аҳволда. Суперлига клубларидаги ёш ёки тажрибали футболчиларнинг гол уришларига Черан монеълик қилиб, оёқларидан ушлаб турмагандир. 

Мавсум кашфиёти сифатида ҳақли равишда   Анвар Ҳожимирзаевни тилга оляпмиз-у, у неча ёшда эканлигини унутиб қўйяпмиз. Қишки трансферлар бозорида Суперлига клублари ёш ҳужумчилардан фақат Абдуғафур Ҳайдаровга қизиқиш билдираётгани ҳам кишини ўйга толдирадиган ҳолат. Бу каби ташвишли воқеликни трансформация жараёнидек кўриш - ҳақиқат юзига парда тортиш билан   баробар. Шу кунларда миллий жамоамиз қишда ўқув-машғулотлар йиғини ўтказиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Режалаштирилаётган машғулотлар ФИФА кунларига тўғри келмайди ва унда легионер футболчиларимизнинг қатнашишлари амри-маҳол. Айни шу ҳолат кишини бироз қувонтиради. Ҳарқалай, Катанец янги номзодларни кўздан кечириб, уларнинг потенциалини ўз қаричида ўлчайди, баҳолайди. Кейин эса миллий жамоамиз март ойида ҳал қилувчи расмий учрашувларда майдонга тушади. Ана шунда футболимиз яна бир бор реал ҳақиқат билан тўқнашади. Демоқчимизки, мураббий олдинда кутаётган муҳим расмий учрашувларда январь йиғинида   ўзини кўрсатган бирор ҳужумчи хизматидан фойдаланадими? Саволни яна ҳам аниқлаштирайлик: қишки ўқув-машғулотларда бирор янги номзод Катанец ишончини қозонишга қодирми? Ҳозирча жавоб йўқлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз, азиз мухлис! 

Муҳаммад ВАЛИ