Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 7,467

Икки катта турнирга елкадош тарихий мавсум

Икки катта турнирга елкадош тарихий мавсум

Ёхуд футболчи бўлолмаган шоир тилаги

Футболимиз тарихида жорий йилги каби ўта масъулиятли ва тарихий мавсум ҳозиргача кузатилмаган. Суперлига-2026 оралиғида ЖЧ-2026 ўтказилади. Мавсум якунлангач эса, аниқроғи, 2027 йил бошида Осиё кубогига старт берилади. Табиийки, Суперлига мавсуми шу икки катта турнир таъсирида ўтади. Чунончи, клублар мураббийлари ўзлари хоҳламасалар ҳам, ЖЧ-2026 ва  ОК-2027 таъсири остида фикр юритадилар, ўйлайдилар. Футболчилар эса аввалига тарихимиз учун янги саналган мундиал босими остида, кейин Осиё чемпионатида иштирок этиш орзуси билан майдонда тўп сурадилар. Зеро, ҳар икки халқаро турнирда  иштирок этадиган миллий жамоамиз таркибида бирор футболчи учун алоҳида жой кафолатланмаган. Тўғри, бош жамоамиз асосини ташкил этувчи ижрочилар барчага маълум. Бироқ футбол ҳаёти  тасодифларга тўла ва эртага қандай воқеалар рўй беришини ҳеч ким билмайди. Барчаси фақат Аллоҳга аён.

Шундай ҳолатлар юз берганки,  мундиал арафасида қайсидир терма жамоа таркиби ва мураббийлар штаби бутунлай алмаштириб юборилган. Масалан, 1986 йили Мексикада меҳмон бўлган жаҳон чемпионати арафасида собиқ иттифоқ термасини бошқарган Эдуард Малофеев кўпроқ «Динамо» (Минск), «Динамо» (Москва), «Динамо» (Тбилиси) ва «Спартак» (Москва) клублари футболчиларидан ташкил топган таркибни тайёрлаганди. Лекин терма жамоанинг тайёргарлик даражаси раҳбариятни қониқтирмайди ва Малофеев мундиалга атиги 1 ой қолган вақт бош мураббий лавозимидан истеъфога чиқарилади. Унинг ўрнини 1986 йил иккинчи марта УЕФА кубогида ғолиб чиққан «Динамо» (Киев) бош мураббийи Валерий Лобановский эгаллайди. Натижада собиқ иттифоқ термаси асосини айнан Киев «Динамо»си аъзолари ташкил этишади. Энг қизиғи, футбол жамоатчилиги бундан норози бўлмайди ва Валерий Лобановскийни қўллаб-қувватлайди. Алал-оқибат, Валерий Васильевич тузган жамоа­си ўша  мундиал ва Евро-88да янгича футбол намойиш этиб, мухлислар меҳрини қозонади.

Йўқ, мундиал арафасида Ўзбекистон миллий жамоамиз бош мураббийи алмаштирилмайди. Аммо унинг сафида тўп сурувчи футболчиларни ҳозирдан ишонч билан санаб бериш қийин. Буни Суперлига клубларида тўп сурувчи футболчилар ҳам яхши билишади ва улар ошкора ёки  пинҳона тарзда мундиалга бориш иштиёқи билан майдонга тушишлари  тайин. Шундай экан, Суперлига-2026нинг биринчи қисми ўта қизғин курашларга бой ва шиддатли кечишини олдиндан тахмин қилиш мумкин. Айни шу жиҳат чемпионликка даъвогар клубларнинг режаларини бузиб юбориши ҳеч гап эмас. Масалан, 1-турда «Пахтакор» ва «Нефтчи»га қарши ўйнайдиган жамоалар жиддий қаршилик кўрсатолмайдигандек туюлади, бир қарашда. Ҳар ҳолда, «Қизилқум» ва «Машъал» сафарда ўйнайди. Қолаверса, ҳар иккиси таркиб нуқтаи назаридан Суперлига ғолиблигига даъвогарлар билан тенглашолмайди. Чемпионат бошланмасидан олдин кўпчилик шундай ўйлайди ва кўпинча тахминлар ўзини оқлайди. Биз эса Суперлиганинг янги мавсуми  аввалгиларидан кескин фарқланиши хусусида сўзлаяпмиз. Дейлик, Ислом Кенжабоев нима учун миллий жамоага кириш ҳақида ўйламаслиги керак?! Агар «Қизилқум» вакили чин дилдан мундиалда тўп суришни истаса, ўз устида алоҳида ишласа, машғулотларда тобланса ва маҳоратини «шерлар»га қарши 1-тур учрашувидаёқ намойиш этишга тушса, Фабио Каннаваро ёки ёрдамчилари истасалар-истамасалар, унга эътибор қаратишади. Боз устига,  «Пахтакор»нинг ҳозирги таркибида  Ислом Кенжабоев каби креа­тив фикрлайдиган футболчи қолмади, ҳисоб. Ўтган мавсумдан маълумки, креатив фикрлашга мойил Фламарион ёки Ойбек Бозоров  муҳим учрашувларда ўз имкониятларини тўлиқ намойиш қилишолмайди.

Мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам «Машъал» сафига қўшилган африкалик футболчилар савияси қандайлигини ҳали амалда кўришгани йўқ. Гарчи ушбу легионерларга шов-шувли трансфер сифатида қаралмаётган бўлса-да,  улар Фарғонада ўзларини қандай тутишларини ҳеч ким аниқ айтолмайди. Балки африкаликлар «Нефтчи» дарвозабони ва ҳимоячиларини тезкорлик бобида шошириб қўйишар ва кутилмаган голлар уришар… Эҳтимол, шунда Августин Чиди Квем ва Рафаэль Вияшима Аягва каби йигитларни яхши таниб олармиз… «Пахтакор» ва «Нефтчи» мухлислари бизни тўғри тушунишсин. Йўқ, чемпионликка даъвогар икки донг­дор клубнинг мағлубиятга учраши мумкинлиги хусусида мулоҳаза юритмаяпмиз. Суперлиганинг ҳар икки лидери ўз потенциали нуқтаи назаридан  1-турдаёқ йирик ҳисобда ғалаба қозонса, биров асло ажабланмайди. Фақат Суперлиганинг янги мавсуми  характер жиҳатидан шундай хулосаларни ўзгартиришга мойил,  бизни айни шу жиҳат қизиқтирмоқда.

Куни кеча Андижон вилояти ҳокими «Андижон» жорий мавсумни  совриндорлар сафида якунлашини таъкидлади. Аёнки, етарли асос бўлмаса, вилоят раҳбари шу қадар ишонч билан сўзламайди. У  жамоанинг янги бош мураббийи Самвел Бабаян тажрибасига, таркибга жалб этилган янги футболчилар маҳоратига ишонмоқда. Таъкидлаганимиздек, ишонч учун асослар етарли. Бироқ  клубнинг 1-турдаги рақиби «Сўғдиёна» эканлигини унутмайлик. «Андижон»нинг тажрибали ва маҳоратли, лекин ёши каттароқ ҳимоячилари Люпче Дориевга хос тезкорлик ҳамда шиддатли дриблинглар босимига бардош бера олишадими? Ҳамма гап шунда!  Бардош беришса, бутун Андижонда байрам бўлади. Бардош беришолмаса-чи? Жорий мавсум характери ҳақида мулоҳаза юритаётганда, шу каби саволлар ўртага чиқиши мумкинлигини назарда тутмоқдамиз. Суперлиганинг ўртамиёна жамоалари, хусусан, «Бухоро» ва «Қўқон-1912» ўртасидаги 1-тур учрашуви тўғрисида мулоҳаза юритишга ҳозирланаётганимизда,  телефон қўнғироғи хаёлимизни бўлди. Бироз тин олиб, қўнғироқ қилган қадрдонимиз, истеъдодли ижодкор Рустам Эргашев билан суҳбатлашдик. Мулоқот асносида  «ИнтерФутбол» газетаси учун мулоҳаза ёзаётганимизни эслатдик. Кутилмаганда, Рустам аканинг гап-сўзларида ўзгача иштиёқ сезилди. У кишидан бунинг сабабини сўрадик. Маълум бўлишича, «Бухоро» аъзоси Асадбек Жўрабоев норинлик қадрдонимизнинг жияни экан. Рустам ака бу йил жиянининг кайфияти ўта кўтаринки эканлиги,  унда аввалги мавсумларда кузатилган тушкунлик бутунлай йўқолгани хусусида ўзи билмаган ҳолда мавзумизга хос маълумотлар берди, Асадбекка чин дилдан омад тилади. Ҳа, бизда тоғалар ҳамиша жиянлари учун қайғурадилар, уларнинг ютуқларидан фахрланадилар.

Яна бир бор такрорлаймиз, Суперлиганинг янги мавсуми аввалгиларидан мутлақо фарқланади. Негаки, жорий йилги футбол мавсуми нафақат Суперлига мухлислари, балки миллионлаб юртдошларимиз учун ҳам том маънода тарихийдир, унутилмасдир. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид таъкидлаганидек, футболчи бўлолмаган минг-минглаб истеъдодларнинг армонлари ушалади бу футбол мавсумида. Шоир ёзади:

Мен футболчи бўлолмадим,

Вақт бўлди ҳакамим.

Футболкамда қолиб кетди

Ўн биринчи рақамим…

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров уюштирган интервью якунида таниқли шоир барча юрт­дошларимиз, хусусан, ёшларни, жумладан, мураббийлар ва футболчиларни бедорликка чорлади. Илло, бедорлик бор жойда ҳамиша ҳалоллик ва адолат устувордир! Биз ҳам Суперлиганинг янги мавсуми ўйинларида ҳалоллик ва адолат тамо­йили устувор бўлишини тилаймиз, албатта!

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *