Ислам Машуков: “Бор кучим билан “Андижон”га ёрдам беришни мақсад қилганман”

Ислам Машуков: “Бор кучим билан “Андижон”га ёрдам беришни мақсад қилганман”

Хабарингиз бор, “Андижон” клуби россиялик тажрибали ҳужумчи Ислам Машуков билан шартнома имзолади ва у жамоанинг машғулотларига қўшилди.

 Табиийки, мазкур 29 ёшли футболчидан мухлисларнинг ҳам умиди катта. 

 “Андижон” матбуот хизмати Машуковдан дастлабки интервьюни олди. 

 - Ислам, “Андижон” клубига хуш келибсиз!  Ушбу жамоадан таклиф оламан, деб ўйлаганмидингиз? 

 - Табрик учун катта раҳмат. Шу ерда эканлигимдан хурсандман. Таклифни олганимдан кейин “Андижон”нинг иштиёқманд клуб эканлигини сездим. Жамоанинг ўз мақсадлари борлиги ва ишқибозлари ҳам ғоятда ажойиблиги ҳақида хабарим бор эди. Уларнинг қаршисида тўп суриш бошқача бўлади. Шу боис бу ерга келишга ва клуб билан совринларга эришишга қарор қилдим. 

 - Сиз учун бу янги чорлов. Янги клуб билан ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? 

 - Бу ер мусулмон давлат ва менталитети Кавказдаги шундай мамлакатларникидан катта фарқ қилмайди. Шу сабаб қандайдир қийинчиликларга дуч келсам керак, деб ўйламайман. 

 - Ўзбек футболи ҳақида илгари кўп нарсалар билармидингиз? 

 - Ростини айтиш керак, унчалик хабардор эмасдим. Тўғри, ўзимизнинг рус чемпионатида юртингиздан келган ўйинчиларни билардим. Масалан, ЦСКАдаги вакилингиз... 

 - Аббосбек Файзуллаев... 

 - Ҳа... Ўз-ўзидан бундай ҳолат Ўзбекистонда ҳам футбол тобора ривожланиб бораётганидан далолат беради.

 - “Андижон”нинг ўтган мавсум Ўзбекистон Кубогига эга чиққанидан хабарингиз бўлса керак-а? 

 - Ха, буни биламан. Ажойиб натижа! 

 - Ўз олдингизга қандай вазифалар қўйгансиз? 

 - Асосий мақсадим - клуб билан совринларга эришиш! Мен учун асосий масала жамоанинг чемпионатни ютиши ё Суперкубокка эга чиқиши ҳисобланади. Шунинг ўзи менга етарлидир. 

 - Шахсий мақсадларингиз ҳам бўлса керак: масалан, клуб тўпурарига айланиш... 

 - Менга жамоа билан соврин ва унвонларга эга чиқиш шахсий мақсадлардан юқори туради. Агар бирорта ҳам гол ура олмасам, лекин клуб ниманидир ютган тақдирда менга етарли бўлади.

 - Фаолиятингиз давомида қўшни Қозоғистонда ва юртингиздаги бир қанча клубларда тўп сурдингиз. Марказий Осиёда эса энди ўйнайсиз. Сиз буни олдинга ташланган қадам деб хисоблайсизми?

 - Мен буни янги тажриба ва табиийки, олдинга ташланган қадам деб хисоблайман. Бу мен учун чорлов. Шунинг эвазига ўзим учун янги бўлган кўп жиҳатларни ўрганаман. Бор кучим билан “Андижон”га ёрдам беришни мақсад қилганман. Бундан нимага эришишим мумкинлигини эса вақт кўрсатади.

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.