Марко ван Бастен: «Сабр билан Фонсекага вақт бериш керак»

Марко ван Бастен: «Сабр билан Фонсекага вақт бериш керак»

Италия «А» серияси 16-туридан ўрин олган «Милан» - «Женоа» ўйини (0:0) олдидан муҳташам «Сан Сиро» стадионида «россонерлар» ҳаётида чуқур из қолдирган собиқ голеадор Марко ван Бастенга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

 Эндиликда клубнинг «Шон-шуҳрат» залида нидерландиялик афсонанинг «россонерлар» либосида ўтказган ёрқин даври ҳақида тўлиқ маълумот топиш мумкин. La Gazzetta dello Sport нашри эса имкониятдан фойдаланиб, Маркони суҳбатга чорлади ва у «Милан»нинг айни ҳолати юзасидан атрофлича фикр билдирди. Маълум бўлишича, яқин ўтмишшнинг даҳшатли тўпурари вақтида жаҳоннинг энг сара грандлари қаторида юрган клуб билан ҳали ҳам яхши алоқада экан.

- Марко, сизда «Милан»га боғлиқ хотиралар нечоғли ёрқин? Клуб билан алоқангиз узилиб қолмадими?

- «Милан» либосида тўп сурган футболчининг шаҳар, стадион, мухлислар ва буюк клуб тарихи билан боғлиқликни ҳис этмаслиги - қийин масала. Жумладан, мен учун жамоани ифодаловчи қизил ва қора ранглар ҳамда жонкуяр тиффозиларнинг футболга муносабатлари алоҳида аҳамият касб этади ҳамон. Дейлик, охирги йиллар Нидерландияда яшаётган бўлсамда, «А» серия тур ўйинлари якунланиши билан аввало, «Милан»нинг қандай натижа қайд этганига қизиқаман.

- «Россонерлар» билан кўплаб буюк ғалабалар зав­қини туйгансиз. Қизиқ, айнан қайси зафарни ўзгача энтикиш билан ёдга оласиз? 

- 1988|1989 йиллар мавсуми Барселонада «Стяуа»га қарши кечган ЧЛ финали миямга алоҳида муҳрланган. Зеро, ўшанда узоқ танаффусдан сўнг ниҳоят, халқаро ғалабани нишонлаган эдик. Асосийси, ўз даврининг энг йирик сармоядорларидан бири Сильвио Берлускони «Милан» назоратини қўлга олгач, дастлабки кунларданоқ жамоани дунё миқё­-сида энг юқори чўққиларга кўтаришини таъкидлаган ва буни биргаликда уддалаган эдик.

- Кейинроқ тўпиқ жароҳати туфайли фаолиятингизни эрта якунлашга мажбур бўлдингиз...

- Ҳа, 28 ёшда футбол ўйинидан четга чиқиш ҳақида қарор чиқариш жуда оғир бўлганди. Бинобарин, «Милан»да 40 ёшгача бинойидек тўп сурган Мальдини, Костакурта, Барези, Тассоттига ҳавас билан қарардим. Оддий айтганда, худди улар каби «қизил-қоралар» шарафини узоқ вақт ҳимоя қилиш мақсадим йўқ эмасди. Лоақал яна 7-8 йил ўйнаганимда, армоним қолмасми-ди...? Афсус, ҳаётда ҳаммаси сиз ўйлаганчалик текис чиқмас экан.

- Сизнингча, ҳозир Милан»­га ўша даврдаги даражага кўтарилиш учун нима етишмаяпти?

- «Милан» - ажойиб клуб, мана, муҳташам стадиони ва супермухлислари бор. Охирги йиллар Италия футболида энг юқори поғонани «Интер» эгаллаб тургани «россонерлар» тарафдорларига оғир зарба бўлаётгани табиий ҳол. Нақадар мушкул пайт... Лекин ишончим комил, «Милан» яна совринлар учун курашадиган элит жамоага айланади, албатта. Эҳтимол, таркибга италиялик футболчиларни кўпроқ жалб қилиш фойда келтирар... Назаримда, Италияда муносиб даражада ўйнаш салоҳиятига эга иқтидорлар етарли, бироқ клублар улардан тўғри фойдаланмаяпти. Бундан эса Италия терма жамоаси жабр чекмоқда. Дейлик, охирги Европа чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Испанияда иқтидорларни жуда яхши қадрлашади.

- Амалдаги бош мураббий Пауло Фонсека «Милан» ўйинига янги услуб сингдиришга уринмоқда. Бу сизга ёқяптими? 

- Биласизми, айни вақт клуб ихтиёрида бизнинг даврда бўлгани каби кучли ижрочилар жамланмаси йўқ. Шунинг учун бирданига натижа таъминлаш осон эмас. Боз устига, бунга қадар жамоа узоқ вақт Пиоли бошқарувида ўйнади. Демоқчиманки, ҳозир янги тизим яратиш - мураккаб жараён. Қисқаси, бироз сабр билан Фонсекага вақт бериш керак. 

- «Аякс»да Златан Ибрагимович билан бирга ишлагансиз. У билан боғлиқ қизиқарли воқеалар бордир... 

- Ўша пайт ёшлар жамоасини шуғуллантирардим, Златан эса аллақачон асосий таркибдан жой олишга улгурганди. Бир сафар машғулотлар майдонида рўпарў келиб қолдик ва у дабдурустдан тўп билан нима қила олишимни кўрсатиб беришни сўради. Аммо тўпиғимдаги оғриқ туфайли унинг илтимосини бажаролмагандим.

- Ибрагимович йиллар ўтиб, «Милан» директори лавозимини эгаллади. Сизнингча, у раҳбарлик ролига мослаша оладими?

- Очиғи, Ибра қачондир директор бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Лекин футболда узоқ вақт фаолият юритгани, катта тажриба орттирганини инобатга олсак, аслида клубга шу каби раҳбар керак. Зеро, Златан етук футболчи мақоми нимани анг­латишини яхши билади. Қолаверса, у ёшлигидан ғолиб менталитетини намойиш этиб келган. Демак, раҳбарлик ролида ҳам барчасини юқори даражада давом эттиришига умид боғлаш мумкин. Менимча, Ибрагимович ўзига хос табиати билан ҳам «Милан»нинг юқори чўққиларни забт этишида катта ёрдам бера олади.

- «Милан»даги ҳамюртингиз Рейндерс чиндан ҳам, дунёнинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бирими?

- Шубҳасиз. Тан олишим керак, бошида Тижанининг бунчалик тез муваффақиятга эришишини кутмагандим. У майдонда анча қувноқ ўйин намойиш этяпти. Тўғри, вақти-вақти билан хатога йўл қўяди, лекин ташаббусни ўз зиммасига олишдан сира чўчимайди.

- Мората эса «Милан»да ҳалигача барқарор ўйин кўрсатолмаяпти...

- Эътиборга олиш керак, Мората жароҳат ортидан узоқ вақт майдон четида қолди. Ишонинг, футболчи ўйин суръа­ти, босим ва майдондаги эмоциялардан узоқлашиб кетса, барчасига қайта мослашиши осон кечмайди. Агар у ҳужумчи бўлса, янада оғир. Аслида Альваро катта тажрибага эга, ишончим комил, у мавсумнинг иккинчи қисмида ўз сўзини баралла айтиб, «Милан»га катта наф келтиради.

- Айтингчи, Леау дунёнинг энг яхши футболчилари қаторига қўшилиш учун яна нима қилиши керак?

- Менимча, унга барқарорлик еташмаяпти. Умуман олганда, Леау бир-икки рақибини енгилгина алдаб ўтади, дриблинг салоҳияти жуда баланд. Шунингдек, кутилмйлаган ёндашуви, креатив фикрлаш қобилияти бор. Оддий айтганда, унда катта истеъдод яширин, фақат барчасини янада ривожлантириши зарур. Шунда бемалол катта муваффақиятларга эришиши мумкин.

- «Милан» яқиндагина янгиланган форматдаги ЧЛда «Саньяго Бернабеу» шовқинини тан олмай, ортга ғалаба билан қайтди. Бу яқин ўтмиш, яъни сизлар ушбу турнир ярим финалида «Реал»ни курашдан чиқариб юборган оқшомни эслатмадими?

- Ҳа, катта муваффақият! Худди биз ўйнаган даврдагидек. Ўша учрашувдан бир ҳафта ўтиб, Карло Анчелотти билан учрашдим. У натижадан қаттиқ ранжиганини яширмади. Тушунарлики, «Милан» ажойиб ғалабага эришиб, ЧЛ жадвалида юқорига кўтарилди. Жамоада кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият бор, аммо ҳозир Европада енгил ўйиннинг ўзи йўқ. Умид қиламанки, «Милан» якунда тўғридан-тўғри 1|8 финалга йўл олади. Турнирда ғолиб чиқиши ҳақида ўйлашга эса ҳали бироз эрта.

- «Милан»нинг скудетто учун курашдан четда қолаётганини назарда тутиб, айтингчи, қайси клубларни «А» серия тожи учун асосий даъвогарлар қаторида кўряпсиз? 

- Ўйинлар ва турнир жадвалига қарасак, «А» серия жорий мавсум энг рақобатбардош чемпионатлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Жамоалар очко бўйича ҳам, савия масаласида ҳам бир-бирига яқин, чемпионлик учун кураш авжида. Ўйлашимча, айни пайт нақ 6-7та жамоада скудеттога қўл узатиш имконияти мавжуд. Бу ҳолат Италия чемпионатини кузатиб борадиган хорижлик мухлисларда ҳам қизиқишни янада ошириши турган гап. 

- Сизнингча, «Болонья»да порлаган ҳамюртингиз Жошуа Зиркзенинг «МЮ»га эмас, «Милан»га ўтиши яхшироқ эмасмиди? 

- У савияли футболчи, лекин ҳали ёш ва катта жамоа­ларда ўйнаш тажрибасига эга эмас. «Болонья»га ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, бу каби жамоаларда ўзини кўрсатиш «Милан», «Интер» ёки «МЮ»дек гранд­-ларда бирданига ўйнаб кетишга кафолат эмас. Яхшиси, бу йигитни яна бироз кузатиш керак.

 Х.ЮСУПОВ тайёрлади