Мавсум экваторида 18та истеъфо! Шу адолатданми?

Мавсум экваторида 18та истеъфо! Шу адолатданми?

Европа топ-лигаларида мавсум бошланганидан бери ярим йилдан озроқ вақт ўтди

Шу қисқа муддат ичида 15та клубда бош мураббийлар алмашди. «Рома» эса икки марта мураббийни ўзгартирди. Қуйидаги материал жорий мавсумда ишсиз қолган мураббийлар ҳақида.

АПЛ: «МЮ», «Лестер», «Вулверхемптон»,  «Саутгемптон»

850 кун - айнан шунча кун Эрик тен Хаг «МЮ»ни бош-қарди. Бу клуб тарихидаги сэр Алекс давридан кейинги учинчи натижа. Манчестернинг қизил клубида ундан кўра кўпроқ ишлаш Оле-Гуннар Сульшер (969) ва Жозе Моуриньога (900) насиб этган. Нидерландиялик мураббийни АПЛнинг 9-туридан кейин истеъфога чиқаришди. Ўшанда жамоа 14-поғонада эди. Ҳозир у бир поғона юқорига кўтарилди, сезиларли ўзгаришлар йўқ ҳисобида.

Тен Хаг «қизил иблислар» билан Англия ва Лига Кубокларини қўлга киритди, лекин қанчадан-қанча асаб ҳужайраларидан жудо бўлди. «Эрик тамомила тушкунликка тушиб қолган, тўла-тўкис адо бўлган. Унинг муаммолар гирдобига тушиб қолгани аниқ», деганди тен Хагнинг собиқ жамоадоши Ханс Край. Нидерландиялик мураббий кетгач, унинг ўрнини ватандоши Руд ван Нистелрой эгаллаб, 4та ўйинда жамоани майдонга олиб тушди. Ноябрь ойида Рубен Аморим «МЮ»нинг бош мураббийига айланди.

Элитага бир мураббий билан чиққан «Лестер» янги мавсумни бошқа мураббий раҳбарлигида бошлади. Энцо Мареска «Челси»га кўтарилиб кетди, унинг ўрнини Стив Купер тўлдирди. Бироқ уэльслик мутахассис омадсизликка учраб, 14та ўйиндан кейин «тулкилар» билан хайрлашди. Энди унинг ўрнида «МЮ»нинг талабини қондира олмаган ван Нистелрой ишламоқда.

Гари О~Нил «Вулверхэмптон»га 2023|24 йиллар мавсуми арафасида келганди. Жамоа унинг раҳбарлигида дастлабки мавсумни аутсайдерлар гуруҳидан 20 очкога ўзган ҳолда 14-ўринда якунлаганди. Кейинги мавсум янада омадсиз келди, 16та ўйинда 11та мағлубият, ўтказиб юборилган голлар (40) бўйича энг ёмон натижа. АПЛдаги 4 мағлубиятли серия Гарининг истеъфосига сабаб бўлди. Унинг ўрнини Витор Перейра эгаллади.

«Тоттенхэм»дан қабул қилинган шармандали (0:5) мағлубият «Саутгемптон» бош мураббий Расселл Мартинга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди. Боз устига, мезбонлар 1-бўлимнинг ўзида 5 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Бундай вазиятда мураббийнинг истеъфоси мантиқан тўғри ечим. Мартин ўрнига келган Иван Юрич Лондондан очко билан («Фулхэм», 0:0) қайтишга муваффақ бўлди.

Примера: «Лас-Пальмас», «Вальядолид», «Алавес», «Валенсия»

Луис Мигель Каррион «Лас-Пальмас»га шу йилнинг ёзида келганди. Бироқ бош мураббий лавозимида атиги 99 кун ишлади. Ҳолат шу қадар ёмон эдики, жамоа Луис раҳбарлигида ўртача битта гол (0,4) ура олмади ва сўнгги ўринга тушиб кетди. Мураббийнинг алмаштирилиши жамоани руҳлантириб юборди. Диего Мартинес бошқарувида жамоа 11та ўйиннинг 8тасида зафар қучди ва 13-ўринга кўтарилиб олди. Янги мураббий ўз вазифасини аъло даражада адо этмоқда.

«Вальядолид» қишнинг илк кунида ўз мураббийи билан хайрлашди. Ўша паллада жамоа 15-турдан кейин сўнгги поғонани банд этганди. Клуб раҳбарияти Пауло Пессоланони «Атлетико»дан қабул қилинган шармандали (0:5) мағлубиятдан кейин истеъфога чиқаришди. Кейинги 3та ўйинни жамоани Альваро Рубио майдонга олиб тушди. Шундан кейин аргентиналик Диего Кокки бош мураббий лавозимига тайинланди.

«Алавес» ўзининг мураббийи билан «Вальядолид»дан бир кун кейин хайрлашди. Луис Гарсия Пласа даврида жамоа 108 марта майдонга тушган, жорий мавсумнинг 15-туридан кейин 16-ўринда эди. «Вальядолид»дан фарқли равишда, «Алавес» аргентиналик Эдуардо Коудетни зудлик билан олиб келди. Лекин ҳозирча янги мураббий билан ғалабага эриша олмади.

Рубен Бараха футболчи мақомида «Валенсия» таркибида аъло даражада тўп сурганди. Икки карра Испания чемпиони, Испания ва УЕФА Кубоклари, УЕФА Суперкубоги соҳиби, ЕЧЛнинг финалчиси... Бироқ афсуски, мураббий сифатида у «кўршапалаклар» билан муваффақиятга эриша олмади - 17та ўйинда 12 очко ва сўнгги ўрин. Тўғри, жамоа муаммолар гирдобига тушиб қолган ва уни фақат мураббийни алмаштириш билан қутқариб бўлмайди.

«А» Серия: «Рома», «Лечче», «Женоа», «Монца»

«Бўрилар» бир мавсумнинг ўзида икки марта мураббийни алмаштирди. Ҳатто 73 ёшли Клаудио Раньерини майдонга қайтаришга муваффақ бўлди. Италия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Даниэле Де Росси октябр­да можаро туфайли жамоани тарк этганди, ноябрда Иван Юрич ҳам кетди. Охир-оқибат, «бўрилар» тажрибали Раньерига мурожаат қилишди. Кекса мутахассис бошчилигида жамоа 3та ғалаба, 3та дуранг ва 1та дурангга имзо чекиб, 10-ўринга чиқиб олди. Лекин бу номдор жамоага хос натижа эмас.

Шу йилнинг март ойида бошқарувни ўз зиммасига олган Лука Готти «Лечче»ни 24 марта майдонга олиб тушди ва 241 кундан кейин жамоани тарк этишга мажбур бўлди. Ўтган мавсумда жамоа аутсайдерлар гуруҳини 3 очко ортда қолдириб, элитада жон сақлаб қолганди. Янги мавсумда ҳам омадсизликка дуч келган жамоа 12-турдан кейин аутсайдерлар гуруҳига тушиб кетганди. Шу сабабли Готти ўз ўрнини Марко Жампаолога бўшатишга мажбур бўлди. Мазкур ўзгариш ҳозирча ўзини оқламоқда. Янги мураббий билан «Лечче» 5та ўйиндан 2тасида ғолиб чиқди, «Ювентус»дан очко тортиб олди, 1:1.

«Женоа» ноябрь ойида мураббийни алмаштирди. 2022 йил охиридан жамоани бошқарган Альберто Жилардино 714 кунлик фаолиятдан кейин ўрнини Патрик Виейрага бўшатиб берди. Унинг бошчилигида «Женоа» «А» Серияга қайтган, ўтган мавсумни 11-ўринда якунлаганди. Лекин жорий мавсумнинг 12 туридан кейин 17-ўринга тушиб қолди. Жаҳон чемпиони ўрнини эгаллаган Виейра 5та ўйин атиги 1 марта мағлубиятни тан олди.

Италия футболи тарихидаги энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлмиш Алессандро Неста «Монца»ни талаб даражасида бошқара олмади. Ёзда жамоага келган мураббий 20та учрашувдан кейин истеъфога чиқарилди. Унинг раҳбарлигида «Монца» ўз майдонида «Ювентус»дан енгилди, 1:2. 17та ўйинда бор-йўғи бир марта ғалабага эришган жамоа сўнгги поғонадан жой олган. Энди жамоани «Спартак»нинг собиқ ҳимоячиси Сальваторе Боккетти бошқаради.

Бундеслига: «Бохум», «Хоффенхайм»

Петер Цейдлернинг «Бохум»­даги фаолияти 8та ўйин билан ниҳоясига етди. У ёзда жамоани қабул қилганди, лекин янги жамоаси Германия Кубоги турниридан барвақт чиқиб кетди, Бундеслиганинг 7та ўйинида атиги 1 очкога эга бўлди. Клуб мутасаддилари нафақат бош мураббий, балки спорт директори Марк Леттауни ҳам истеъфога чиқаришди. Тўғри, ҳозирча жамоада ижобий ўзгаришлар сезилмаяпти. Янги бош мураббий Дитер Хеккинг раҳбарлигида жамоа 6та ўйинда 5 очко жамғарди, холос.

«Хоффенхайм» жорий мавсумни Пеллегрино Матараццо билан бошлаганди. 2023 йилда жамоа унинг бошқарувида ЕЛ йўлланмасини қўлга киритганди. Бироқ жорий мавсумни ўта омадсиз ўтказмоқда. Шу сабабли бош мураббий лавозимига Кристиан Ильцер тайинланди. Лекин жамоа ҳамон 15-ўринда бормоқда.

Лига 1: «Монпелье», «Ренн», «Сент-Этьен»

«Марсел»га ўз уйида 0:5 ҳисобида имкониятни бой бергач, «Монпелье» ўзининг бош мураббийи Мишель Тер-Закарянни октябрь охирида истеъфога чиқарганди. Ўшанда жамоа 8та турда атиги 4 очко тўплаб, сўнгги поғонада бораётганди. Бунгача «Марсель» ва Кот-Д~Ивуар терма жамоасини бошқарган Жан-Луи Гассе кутилган ижобий ўзгаришни уддалай олмади, кейинги 7та ўйинда 5 очко олган жамоа ҳанузгача сўнгги поғонада бормоқда.

Жюльен Стефаннинг «Ренн»даги иккинчи қайтиши бир йилга етмасдан (354 кун) якунига етди. Ноябрда жамоа «Осер»дан 0:4 ҳисобида енгилгач, мураббий ишсиз қолди. Унинг ўрнини эгаллаган Хорхе Сампаоли даврида жамоа 2та ғалаба ва 2та мағлубиятни қайд этди.

Лига 1даги энг янги истеъфо «Сент-Этьен»да кузатилди. 14 декабрда клуб Оливье Далль Оглио билан алоқани узди. Бунга жамоанинг қаторасига 3-марта мағлубиятга учрагани сабаб бўлди. Ҳозирда жамоа янги бош мураббий Эйрик Хорнеланд билан 16-ўринда бормоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади