МАВСУМЛАР ОРАЛИҒИда "Насаф"дан "Локо"гача

МАВСУМЛАР ОРАЛИҒИда "Насаф"дан "Локо"гача

Мавсумлар оралиғидаги қишки танаффусдан унумли фойлаланган ҳолда таркибни кучайтиришга зўр бераётган жамоаларимиз ортда қолган ҳафтада ҳам қишки трансфер ойнасида анча фаол бўлишди.

Қуйида жамоаларимиз таркибидаги келди-кетдилар билан танишасиз.

«НАСАФ»

Амалдаги чемпион ўз қароргоҳида қишки ўқув-йиғин машғулотларини бошлади. Таркибда охирги мавсум «Нефтчи»да ўйнаган Ҳусайн Норчаев ва «Шўртан» ҳимоячиси Жўрабек Маннонов бор. «Аждарлар» сафида ёрқин из қолдирган сербиялик ярим ҳимоячи Марко Станоевич, Жанубий суданлик ҳужумчи Куач Юэль ҳамда дарвозабон Умид Эргашев эса жамоа билан хайрлашишди. Асосийси, 2017-2023 йиллар давомида «Насаф» ҳимоясида етакчи ролини бажарган Умарбек Эшмуродов ортга қайтди. Эслатма, миллий жамоамиз етакчиси бир мавсум Малайзиянинг «Селангор» клубида ўйнади. Шунингдек, Абдувоҳид Неъматов, Шерзод Насруллаев, Акмал Мозговой, Ойбек Бозоров, Шуҳрат Муҳаммадиев билан шартнома муддати узайтирилди. Ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида албаниялик Рубин Хебай ва сербиялик Александар Приёвичга расмий таклиф юборилди. Ҳозирда музокара жараёни фаол давом этаётгани айтилмоқда. 34 ёшлик Приёвичга тўхталсак, у фаолияти давомида ПАОК, «Легия», «Дерби Каунти» ва «Ал-Иттиҳод» (С.Арабистони) клубларида тўп сурган.

ОКМК

23 декабрдан янги мавсумга тайёргарлик ишларини бошлаган Олмалиқ жамоаси йиғиннинг иккинчи қисмини 17 январь - 1 февраль кунлари БААда давом эттиради. Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, Амирликларда ЦСКА (19 январь), «Урал» (22 январь) ва «Ордабаси» (29 январь)га қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режалаштирилган. Таркибдаги ўзгаришларга келсак, шартномаси ниҳоясига етган ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Гадоев ОКМКдан кетди. У охирги 4 йил мобайнида Миржалол Қосимов жамоасининг жами 99та ўйинида майдонга тушиб, 13та гол урди ва 11та ассист қайд этди.

«НАВБАҲОР»

Ортда қолган мавсумнинг иккинчи даврасида «Навбаҳор» дарвозасини қўриқлаган Санжар Қувватов фаолия­тини «Қизилқум»да давом эттирадиган бўлди. Унинг ўрнига «Насаф» кипери Умид Эргашев жалб этилди. Ушбу дарвозабон Қарши клуби сафида жами 70та ўйин ўтказиб, 69та гол қўйиб юборганини қўшимча қилиш жоиз. «Қуруқ» ўйинлари сони - 24та. 9 декабрь куни «Навбаҳор» билан 2 йиллик шартнома тузган Абдуғани Камолов эса легионерга айланди. 24 ёшли футболчи 1 йиллик келишув асосида Қирғизистоннинг амалдаги чемпиони - «Абдиш-Ота» сафига қўшилди. 2022 йилдан «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилган Аббос Ғуломов аксинча, «Навбаҳор»га қайтди. Ҳуқуқий жиҳатдан Россиянинг «Химки» клубига тегишли Алишер Одилов ҳамда ўтган мавсум «Олимпик»да тўп сурган Риан Исломов ҳам «лочинлар» билан келишувга эришишгани айтилмоқда. 

Маълумот учун,  Аълохўжаев Суперлиганинг 2-давраси ва ўтиш беллашувларида «Олимпик» таркибида 13та ўйинда майдонга тушди ва 3та ассист қайд этди. Режага кўра, «Навбаҳор»нинг галдаги йиғини 6 январдан Тошкентда олиб борилади. 

«СЎҒДИЁНА»

Келаётган мавсум ўз олдига катта вазифалар қўйиши кутилаётган «Сўғдиёна» ҳам таркибни кучайтириш ишларини давом эттирмоқда. Жумладан, 2024 йили Швециянинг «Сандвикенс» клуби сафида тўп сурган Жон Жуниор Игбарума эндиликда «бўрилар» шарафини ҳимоя қилиши мумкин. Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ аъзоси, ҳимоячи Егор Кримец билан эса расман келишувга эришилди. Жамоадан кетган Жасур Ёқубов ҳамда Алишер Салимов эса «Қўқон-1912» сафини тўлдиришга яқин туришибди. Олег Зотеевнинг  «Андижон» билан келишувга эришгани ҳақида хабарлар бор. Ҳимоячи Сардор Қулматовнинг кейинги манзили - «Бухоро».

«НЕФТЧИ»

Аббос Ғуломов ҳамда тожикистонлик Манучеҳр Сафаров «Нефтчи» билан расман алоқани узишди. Маълумотларга қараганда, нигериялик ҳужумчи Нсунгуси Эффионг ва ярим ҳимоячи Диёр Туропов ҳам бошқа жамоада ўйнашга мо­йиллар. Трансфер ҳуқуқи бўйича «Локомотив»га тегишли ва ортда қолган мавсумнинг иккинчи қисмини ижара келишуви асосида «Олимпик»да ўтказган Мақсудхўжа Аълохўжаев эса айни пайт «Нефтчи» селекционерлари назарида турибди. Маълумот учун, Аълохўжаев Суперлига иккинчи давраси ва «плей-офф» баҳсларида «Олимпик»нинг 13та ўйинида майдонга тушди ва 3та ассист расмийлаштирди. Яхши янгилик сифатида асосий таркибдан муқим жой эгаллаган Билолхон Тошмирзаев билан ўртадаги келишув муддати 2026 йил якунига қадар узайтирилганлигини айтиш мумкин.

«ПАХТАКОР»

Январь ойида йиғин учун Туркияга боришни режалаштираётган «Пахтакор» 6та жамоа билан ўртоқлик учрашуви ташкил қилиш бўйича келишувга эришди. Бош мураббий Педро Морейранинг талабига кўра, яна 3та спарринг-рақиб излаш ишлари давом этмоқда.

8 январь - «Униря Валахорум» (Руминия)

12 январь - «Динамо» Зг. (Хорватия)

15 январь - «Карвина» (Чехия)

18 январь - «Елимай» (Қозоғистон)

26 январь - «Актобе» (Қозоғистон)

28 январь - «Силекс» (Ш.Македония)

Клубда олиб борилаётган селекция ишлари бўйича маълумот берсак, сўнгги 2 мавсум Таиланднинг «Патхум Юнайтед» жамоаси сафида тўп сурган Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ортга қайтди. Унга ўзининг севимли рақами - «11» топширилди. Чап қанот ҳимоячиси Суннатилла Поёнов эса ижара келишуви асосида «Сурхон»га юборилди. Термиз клубида кейинчалик футболчи трансферини тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи бор. Ярим ҳимоячи Сардор Собирхўжаевга Туркия ва БАА юқори дивизиони шунингдек, Хитой биринчи лигасида иштирок этувчи жамоалардан қизиқиш мавжуд. Тажрибали вингер Достон Ҳамдамов ҳозирда «Андижон»нинг нишонида. «Пахтакор» раҳбарияти амплуалар бўйича хорижлик футболчилар жалб этиш масаласида ҳам иш олиб бормоқда. Кутилишича, таркиб савияли легионерлар ҳисобига бойитилади.

«СУРХОН»

Бош мураббий Февзи Давлетов билан келаси йили ҳам ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишиб олган «Сурхон» таркибни шакллантириш ишларида ҳам фаол. Маълумотларга қараганда, термизликлар «Олимпик» сардори Нодир Абдухолиқов хизматига жиддий қизиқишмоқда. Тўғри, унга «Қизилқум» ҳам бефарқ эмас. Айни пайт ҳар икки жамоа футболчи ва унинг вакиллари билан музокарага киришган. «Пахтакор» вакили Суннатилла Поёнов эса Термиз клубида ижара муддатини ўтайди (келишувда футболчини кейинчалик сотиб олиш шарти бор). Олдинроқ ҳужумчи Муҳаммадали Абдураҳмонов ҳамда ҳимоячи Беҳруз Шайдулов билан битим муддати 2026 йил охиригача узайтирилгани эълон қилинганди. Шунингдек, Беҳзод Шамсиев, Диёр Рамазонов, Сарвар Абдуҳамидов, Сардор Маҳмудовнинг ҳам келаси 2 йил «учар тулпорлар» сафида тўп суришлари ойдинлашди.

«ДИНАМО»

Ўтган йиллар давомида «Насаф»даги ўйинлари билан танилган Марко Станоевич «Динамо» аъзосига айланди. Сербиялик тажрибали ярим ҳимоячи билан 1 йиллик шартнома тузилди. Охирги вақт­лар футболга ихтисослашган ОАВ эътиборига тушган Мақсудхўжа Аълохўжаев («Локомотив») ҳам Самарқанд жамоаси қизиқишлари доирасида. «Динамо» ярим ҳимоячиси Хислат Халилов эса фаолиятини бошқа жамоада давом эттириши мумкин. Унга «Андижон» қизиқмоқда. 21 ёшли футболчи ўтган мавсум барча мусобақалар ҳисобидан 28та ўйинда майдонга тушиб, 9та гол ва 5та самарали узатма тўплаганди.

«АНДИЖОН»

2025 йили ОЧЛ-2 мусобақасида қатнашадиган «Андижон» ўз таркибини кучайтиришга зўр бермоқда. Жумладан, «бургутлар» икки нафар легионер билан келишувга эришиш арафасидалар. Кутилишича, томонлар тез орада расман шартнома тузишади. Хорижликдан бири босниялик Мирзад Механович бўлиб, 1993 йили туғилган. Ушбу ҳужумкор ярим ҳимоячи «МЛ Болеслав», «Колин», «Подбрезова», «Варнсдорф», «Яблонец», «Фастав Злин», «Ордабаси», «ФК Тузла Сити», «Ал-Шола», «Радник Биелина» жамоа­ларида тўп сурган. 1995 йили туғилган россиялик ҳужумчи Ислам Машуков эса Қозоғистоннинг «Елимай» клубидан келмоқда. У фаолияти давомида «Алания», «Спартак-Нальчик», «Оренбург», «Химки», «Вольгар», «Дила», «СКА-Энергия», «Академия ЦСКА», «ГорИС-179» жамоалари либосида ҳаракатланган. Хабарларга кўра, «Сўғдиёна» билан хайрлашиб, деярли «Бунёдкор» аъзосига айланган тажрибали ҳимоячи Олег Зотеев ҳам сўнгги паллада «Андижон»да ўйнашни маъқул кўрган. Водийликлар шунингдек, «Нефтчи» футболчилари Нсунгуси Эффионг ва Диёр Туропов, охирги 2 мавсум «Бунёдкор»да фаолият юритган Усмонали Исмоналиев, «Пахтакор» вингери Достон Ҳамдамов, «Динамо» ярим ҳимоячиси Хислат Халиловга молиявий томондан яхши таклиф билан чиқишган. Тез орада ушбу футболчиларнинг айримларини Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби таркибида кўрсак, ажабмас.

«БУНЁДКОР»

Тошкент клуби ўз тарбияланувчиларидан бири билан келишув муддатини 2 йилга узайтирди. Гап 19 ёшли чап қанот ҳимоячиси Наримон Аҳмаджонов ҳақида кетмоқда. Янги битимга кўра, ҳимоячи 2026 йилнинг 31 декабрига қадар «Бунёдкор» сафида қолади. Маълумот учун, Аҳмаджонов «қалдирғочлар» сафида шу кунгача Суперлига ва Ўзбекистон кубогида 4та ўйин ўтказди. Аввалроқ, тажрибали ҳимоячи Олег Зотеев «Бунёдкор» таркибини тўлдириши ҳақида хабар берилганди. Бироқ 35 ёшли футболчи фаолиятини янги мавсум ОЧЛ-2да дебют қиладиган «Андижон»да давом эттиради, чоғи. Маълумот учун, 35 ёшли Зотеев ўтган йили «Сўғдиёна»нинг жами 30та ўйинида майдонга тушиб, «Гол+пас» тизими бўйича 9 балл ишлади (4та гол ва 5та самарали узатма). «Навбаҳор» билан хайрлашган Жамшид Болтабоев ҳамда Жамшид Искандеров ҳозирча «қалдирғочлар» томонидан илгари сурилган таклиф бўйича якуний қарорга келмаган бўлсалар, охирги 2 йил жамоада ўйнаган Усмонали Исмоналиев «Андижон»га қайт­моқда. Ёзда «Бунёдкор» сафига қўшилиб, жамоанинг элит лигада қолишига катта ҳисса қўшган хорватиялик ҳужумчи Андрия Филипович эса кетди. Маълум бўлишича, у фаолиятини Таиланднинг «Прачуап» клубида давом эттиради.

«ҚИЗИЛҚУМ»

Навоий клубига расман янги бош мураббий тайинланди - сербиялик Никола Лазаревич 1 йиллик шартнома остига имзо чекди. Эслатма, ушбу мутахассис 2022 йили «Қизилқум»ни бошқариб, Суперлигада 5-ўринни таъминлаганди. Яна бир хабар шуки, жамоа эҳтимолий трансферлар бўйича тақиқдан қутулди. Яъни «Қизилқум» ЎФА олдидаги мажбуриятларни белгиланган муддатда бажарди. Навоий жамоаси бу орада навбатдаги трансферлар устида ишламоқда. Ҳусусан, ўтган мавсум «Нефтчи» ва «Нав­баҳор» сафида ҳаракатланган дарвозабон Санжар Қувватов «Қизилқум» таклифини қабул қилди. Айни пайт «олтин изловчилар» «Олимпик» сардори Нодир Абдухолиқов ҳамда ярим ҳимоячи Фарруҳ Мухторов билан музокара ўтказишмоқда. Маълумот учун, Нодир охирги мавсум «Олимпик» таркибида Суперлига ва Ўзбекистон кубоги доирасидаги 29та ўйинда майдонга тушиб, 6та ассист қайд этди. Фаррух ҳам 29та учрашувда қатнашди - 2тадан  гол ва ассист.

«МАШЪАЛ»

Про лига-2024 ғолиби сифатида Суперлига йўлланмасини қўлга киритган «Машъал» бош ҳомийси - «Ўзмиллийбанк»  жамоанинг келгуси режалари ҳақида маълумот берди. «Муборак шарафи ва фахри саналган «Машъал» 3 йиллик танаффусдан сўнг Суперлигада иштирок этади. Қайта тикланиш жараёнига клуб бош ҳомийси «Ўзмиллийбанк» АЖ ҳам катта ҳисса қўшди, албатта. Банк нафақат футболчиларни молиявий қўллаб-қувватлади, балки инфратузилмани ривожлантириш йўлида камарбаста бўлди. Жамоа 2025 йили банкнинг саъй-ҳаракатлари билан Суперлигада чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр. Бу нафақат «Машъал», балки Ўзбекистон футболи учун ҳам катта юксалиш, ўсиш билан баробар. Зеро, «Ўзмиллийбанк» «Машъал» тимсолида ўзбек футболида янги давр бошланишига ишонч билдиради», - деб ёзилади ташкилот расмий сайтида. 

«БУХОРО»

«Сўғдиёна»дан кетган ҳимоячи Сардор Қулматов эндиликда «Бухоро» шарафини ҳимоя қилади. Якунига етган мавсум Суперлиганинг 14та ўйинида иштирок этган футболчи бунгача «Тренгану» (Малайзия)да ҳам тўп сурганди. Маълумот учун, Қулматов - Улуғбек Бақоев жамоасининг мавсумлар оралиғидаги дастлабки трансфери.

«ҚЎҚОН-1912»

Мавсум-2024 якунига кўра, элитага қайтган «Қўқон-1912» ҳам илк трансферларни амалга оширишга яқин. Демак, «Сўғдиёна» билан ҳамкорликни тўхтатган ҳимоячилар - Жасур Ёқубов ва Алишер Салимов келаси йил водий жамоасида тўп суришлари мумкин. Суперлига дебютанти шорт-варақасида «Олимпик»да порлаган ярим ҳимоячи Темур Мамасиддиқов ҳам бор. Бу футболчи бир неча кун аввал «Локомотив» билан шартномасини ўзаро келишув асосида бекор қилганди.

«ШЎРТАН»

2024 йилги мавсумда ўз олдига қў­йилган вазифани шараф билан бажариб, Суперлигага кўтарилган Ғузор клуби қишки ўқув-машғулотларини бошлаб юборди. Айни пайт жамоа раҳбарияти селекция ишлари орқали таркибни кучайтириш чораларини кўрмоқда. Хусусан, бир қатор тажрибали футболчилар билан музокара кетмоқда. Малумотларга кўра, якунига етган мавсумни «Сурхон»да бошлаб, «Металлург»­да тугатган Азиз Пирмуҳаммедов «Шўртан» сафини тўлдириши мумкин.

«ОЛИМПИК»

Тақдири мавҳум бўлиб турган «Олимпик» сардори Нодир Абдухолиқовга «Сурхон» ва «Қизилқум» жамоа­лари жиддий қизиқмоқда. Яна бир ярим ҳимоячи Фаррух Мухторовга ҳам «Қизил­қум» даъвогар бўлса, ҳимоячи Жалолиддин Содиқов эркин агентга айланди. Клуб бош мураббийи Денис Коростиченко эса истеъфога чиқарилди. Ушбу мутахассис жамоада жорий йил бошида иш бошлаган ва мавсум ўртасида бош мураббий лавозимига тайинланган эди. 

«ЛОКОМОТИВ»

Трансфер ҳуқуқи «Локомотив»га тегишли чап қанот ҳимоячиси Мақсудхўжа Аълохўжаев «темирйўлчилар» билан хайрлашди. Қизиғи, клуб 2023 йилнинг январь ойида футболчи билан 3 йиллик шарт­нома тузилгани ҳақида хабар берганди. Мақсудхўжага айни пайт 2та жамоа даъвогар - «Нефтчи» ва «Динамо». «Олимпик»да порлаган яна бир «темирйўлчи» Темур Мамасиддиқов ҳам «Локомотив» билан шартномасини ўзаро розилик асносида бекор қилди. Шунингдек, Абдулазиз Абдурашидов ҳамда Собит Синдаровнинг битими муддати ниҳоясига етди ва ҳар иккиси эркин агентга айланди. 

ПФЛ ва клубларнинг расмий саҳифалари, шунингдек, championat.asia, sports.uz сайтлари хабарларидан ҳам фойдаланилди

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.