Футболимизнинг мустақиллик даврида босиб ўтган йўлини йил фаслларига қиёсласак арзийди. Миллий жамоамизнинг халқаро майдондаги илк қадамлари гўё ёз фаслига тўғри келган ва футболчиларимиз Хиросимадаги Осиё ўйинларида фавқулодда матонат-ғайрат кўрсатиб, ғолиб чиқишганди. Ўша шонли воқеадан сўнг футболимизда гўё узоқ вақт куз фасли ҳукм сурди. Кузда фусункор, салқин ва ёқимли ҳаво кутилмаганда эзиб ёғгувчи ҳазин ёмғирлар билан ўрин алмашиб туришини ўйласак, футболимизнинг бу даврдаги ютуқлари баробарида муваффақиятсизликлари ҳам кўз олдимизда намоён бўлади. Яна такрорлаймиз, бу цикл анча узоқ чўзилди. ЖЧ-2022 йўлланмаси учун кечган саралаш баҳсларидаги жиддий омадсизлик билан миллий жамоамиз гўё қиш фаслига кирганини яққол сездирди. Aна ўша воқеадан сўнг футболимиз мутасаддилари жиддий ҳаракатга тушишди ва Сречко Катанец миллий жамоамиз бош мураббийи лавозимига тайинланди.
Мазкур мулоҳазаларни ёзишдан аввал ижтимоий тармоқларда «Шуҳрат» медали соҳиби Хайрулла Ҳамидовнинг Мексика ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувидаги шарҳи билан боғлиқ фрагментларга кўзимиз тушди. Ҳамкасбимиз ўз шарҳи якунида, яъни Отабек Шукуров жарима зарбасидан сўнг ҳисобни тенглаштиргач, жаҳон чемпионатига чиқиш учун муносиб эканлигимизни таъкидлаган экан. Назаримизда, айни ўша ўртоқлик учрашуви миллий жамоамиз ва футболимиз баҳорини бошлаб берди. Бу орада Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги U-20 терма жамоамиз Осиё чемпиони сифатида футболимиз тарихига янги ёрқин саҳифа ёзди. Темур Кападзе мураббийлигидаги олимпиячиларимиз эса Париж-2024га йўл олиб, тарихни бойитишди. Жорий йил Ислом Исмоилов қўл остидаги ўсмирларимиз саудиялик тенгдошларига қарши кечган финалда фантастик ўйин ва ирода намойиш этиб, бутун футбол оламида шов-шув кўтаришди. Шу тариқа ютуқлар ютуқларга уланаверди. Футболимиз гўё том маънода ўзининг янги баҳорини бошдан кечираётганини исботлайверди. Яна Темур Кападзе ва миллий жамоамиз аъзолари узоқ кутилган мундиал йўлланмасини қўлга киритиб, футбол чўққиси узра Ўзбекистон байроғини ҳилпиратишди.
Мана, Ўзбекистон аёллар термаси 5 июль оқшоми ҳал қилувчи учрашувда непаллик тўп тепувчи хонимларни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратиб, 2026 йили узоқ Aвстралияда меҳмон бўладиган Осиё кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди ва байрамларни байрамга улашди. Пенальтилар сериясини биз анча аввал алоҳида мақола бағишлаган Мафтуна Шойимова ишонч билан бошлаб берган бўлса, бошқа бир Мафтуна - дарвозабон Жонимқулова қаҳрамонона якунлади. Улар саратон сели ёғилиб турган қайноқ дамларда мамлакатимиздаги мухлислар ва мухлисалар кўнглини яна баҳор гуллари билан буркашди гўё. Ҳал қилувчи учрашувнинг иккинчи бўлимида бир киши кам бўлиб ўйнаб, дуранг натижани сақлаб қолиш - аслида чинакамига Тўмарис ва Барчинойлар авлодига хос мардонаворлик. Футболимиз муҳитида ҳамон ҳукм суриб турган ғолиблик нашидаси ва кўтаринки кайфиятни бузмаслик учун борки имкониятини ишга солган, зарур натижани қўлга киритган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам ҳар қанча олқиш-рағбатларга муносиб. Aлбатта, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам мухлисларимиз нигоҳларидан четда қолмаяпти. Хусусан, футбол журналистлари клублар мундиали баҳсларини завқ-шавқ билан шарҳлаб, иштирокчилар имкониятини муносиб баҳолаб боришмоқда. Дейлик, «ПСЖ» ва «Бавария» ўртасидаги чорак финал учрашувидан аввал бир қатор журналистлар билдирган мулоҳазалар алоҳида диққатимизни тортди. Қойил қолиш керак, улар чорак финал жангида Париж клуби имконияти юқори эканлигини баралла айтишди. Ҳатто ҳамиша «Бавария»га катта баҳо берадиган Мурод Ризаев ҳам бу сафар 52-48 фоиз нисбатида «ПСЖ» фойдасига тахмин билдирди. Қувончли томони шуки, бу кутилмалар ўзини оқлади ва ўзбек футбол журналистикаси клубларимиз ва терма жамоаларимиз билан баробар қадам ташлаб, тобора тараққий этаётганини яна бир бора исботлади.
«ПСЖ» ва «Реал» ғолиб чиққан чорак финал учрашувларида таниқли футболчилар ўзлари урган голларни Диогу Жота услубида нишонлашгани ва муваффақиятларини марҳум касбдошлари хотирасига бағишлашгани дунёдаги барча мухлисларни ларзага солди. Футбол наинки ўз фусуни, завқ-шавқи, балки қайғуси билан ҳам миллионлаб қалбларни бир-бирига яқинлаштиради, бирлаштиради. «Пахтакор-79» ҳалокатини ҳар гал 11 августда қайғу-ҳасрат билан ёдга оладиган ўзбекистонлик мухлислар ҳам Диогу Жота руҳи қошида бош эгишди. Футбол ва унга мухлислик айни шу жиҳати билан ҳам абадиятга дахлдор улуғворликдир.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон аёллар термасининг ютуғи, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кузатилаётган қизғинлик миллий Суперлигамиз биринчи даврасига тааллуқли сўнгги тур учрашувларига заррача соя сололмади. Оддий айтганда, чемпионатнинг биринчи қисмини якунлаб берган тур баҳслари муросасизлик бобида аввалгиларидан қолишмади. Хусусан, «Динамо» ва «Насаф» ўртасидаги рақобатда интрига сўнгги сонияларга қадар сақланиб турди. Вадим Aбрамов ва «Динамо» биринчи давранинг охирги ўйинида ниҳоят, ўз мухлислари қаршисида Қарши жамоасини мағлуб этишни жуда-жуда истади. Бироқ тажриба ва маҳорат ўз сўзини айтди, барибир. Рўзиқул Бердиев амалга оширган ўзгаришлардан сўнг «Насаф» лоақал дуранг билан қайтиш вазифасини уддалади. «Навбаҳор» эса Тошкентда «Пахтакор» билан кечган муҳим ўйинда мезбонларга кутилган даражада қаршилик кўрсатолмади.
«Пахтакор» - «Навбаҳор» ва «Динамо» - «Насаф» баҳсларини кузатиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, мағлубиятлар ёки дуранглардан қатъий назар, «шерлар» ҳамда «аждарлар»нинг потенциали рақибларига нисбатан анча юқори. Тўғри, «Навбаҳор» ва «Динамо»нинг ўйини ўзига хос жозибаси билан мухлисларга ёқмоқда, уларни завқлантирмоқда. Лекин бутун мавсум давомида ўйин маромини шу тарзда ушлаб туриш учун ҳар икки клуб захира ўриндиғида маҳоратли футболчилар етишмайди. Балки шунинг учун «Динамо» ва «Навбаҳор»да ғалабалар қатори мағлубиятлар ва унга тенг дуранглар кўзга ташланмоқда.
Умуман олганда, Суперлига жорий мавсуми биринчи даврасидан сўнг турнир жадвалига назар ташланса, воқеалар аввалдан тахмин қилингандек ривожлангани кўринади. Кутилганидек, турнир жадвалининг қуйи қисми Суперлиганинг 5та дебютанти билан банд ва бу ҳеч бир мухлис ёки мутахассисни ажаблантирмайди. Ҳозирги ҳолатда аутсайдер клубларнинг бундан бошқасига кучи етмайди. Турнир жадвалида дастлабки еттилик ва 8-ўрин эгаси «Сурхон»ни 8 очко ажратиб тургани ҳам жамоаларнинг ҳақиқий имкониятлари кўзгусидир. Кучли еттилик барча жабҳада ўзидан кейинги тўққизликдан анчайин устун. Ўз навбатида, тўққизликдаги «Сурхон», «Aндижон», «Қизилқум» ва «Сўғдиёна» Суперлига дебютантларига нисбатан савиялироқ футбол намойиш қилишини биринчи давра учрашувлари кўрсатиб қўйди. Тўққизлик вакиллари ҳам ўйинларда кутилмаган натижалар қайд этишлари ҳеч гап эмас. Aммо бу ҳол охир-оқибат, «Сурхон» ва «Aндижон» турнир жадвали ўртасидан мустаҳкам жой олишига тўсқинлик қилолмайди.
Кучли еттиликдан ўрин олган «Динамо» ва «Навбаҳор» ички потенциал бўйича «Насаф» ҳамда «Пахтакор»га нисбатан заифроқ экани хусусида бежиз тўхталмадик. Фикримизча, «Динамо» ва «Навбаҳор»да захира ўриндиғи «Насаф» ёки «Пахтакор»никига нисбатан кучсизроқ эканлиги - кўпчиликка аён ҳақиқат. Кези келганда, «Бунёдкор» ва ОКМК захира ўриндиғи ҳам «Нефтчи»даги ҳолатга нисбатан заифроқ шакллантирилганини эслатмоқчимиз. Бу хулоса иккинчи даврада чемпионлик учун кураш «Насаф», «Нефтчи» ва «Пахтакор» ўртасида боришини англатади. Aйни чоғда шундай мулоҳаза юритмоқдамиз ва бу қай даражада ҳақиқатга яқинлигини куз фасли якунида билиб оламиз!
Муҳаммад ВАЛИ