Search

Поль Погба: «Ювентус» мендан очиқчасига юз ўгирди»

«Ювентус» сафида ўйнаган вақтда допинг можароси ортидан 18 ойлик дисквалификацияга учраган франциялик ярим ҳимоячи Поль Погба жорий йил мартда жазодан қутулди ва Лига 1 иштирокчиси «Монако» билан расман келишувга эришди. Яқинда ТF1 телеканали меҳмони бўлган футболчи «Ювентус»дан очиқчасига ўпкаланди, яна муайян муддат майдон ташқарисида бошидан нималарни ўтказгани ҳақида гапириб берди.

Дисквалификация ҳақида

- Очиғи, ўша пайт кимдир олдимга келиб, дабдурустдан энди бошқа ўйнолмаслигимни айтгандек туюлди. Жуда ва жуда қийин дамлар... Ҳеч ким мени тингламагани ҳам майли, аммо ҳеч қандай тушунтиришларсиз ҳукм чиқаришганидан донг қотиб қолдим. Устига-устак, фарзандларим «Ювентус» машғулотлар базаси ёнидаги ўқув даргоҳида таълим олишаётганди. Улар ҳар куни мендан қачон майдонга қайтишимни сўрашарди. Охир-оқибат, барчаси чидаб бўлмас даражага етди ҳамда Италиядан кетиш ягона чорадек кўринди.

«Ювентус»нинг 

муносабати ҳақида

- Дисквалификацияга учрагач, «Юве» раҳбарларидан лоақал физиотерапевт ёки фитнес-мураббий билан шуғулланиб туришимга рухсат беришларини сўрадим, ахир ҳамон жамоа футболчиси эдим. Аммо улар ёрдам беришдан ошкора бош тортишди. «Юве» чиндан ҳам, очиқчасига юз ўгирди ва бу кутилмаган оғир зарба бўлди. Тўғриси, менга нисбатан бундай муносабат сабабини тушунолмадим. Ваҳоланки, бунга қадар «Юве»да ҳеч ким билан қандайдир зиддиятга борган эмасдим. 

Талончилик ва таҳдидлар ҳақида

- Ҳаммаси ғоят қайғули воқелик... Ахир мен учун қадрли одамлар кун келиб, душманимга айланиб қолишларини тасаввур ҳам қилолмасдим. Тўғриси, бир ҳудудда улғайганимиз учунми, уларни ҳамиша ўзимга яқин олган ва ака ёки укадай муносабат ўрнатгандим. Афсус, дўст кўрганларимнинг асл юзлари ва мақсадлари кейинроқ фош бўлди... 

Қўрқув ҳисси ҳақида

- Ўлим билан юзлашдимми? Талон-тарож мақсадида юзингизга қурол ўқталганларида, ўйлашга ҳам вақт қолмайди ва бир зумда барчасига кўнасиз. Аввалига мен ҳам таҳдидларга қўрқув ҳисси билан қарадим ва ҳеч кимга индамасдан оиламни ҳимоялашга ҳаракат қилдим. Аммо кўп ўтмай, рафиқам атрофимда нималар рўй бераётганини пайқаб қолди. Охир-оқибат, адвокатим ҳамда шахсий ҳисобчим билан маслаҳатлашиб, талаб қилинаётган суммани беришга келишиб олдик. Лекин шундан сўнг вужудимда нимадир ўзгардию, фикримдан қайтдим. Рамазон ойида менга ёрдам бера оладиган ягона зот - Аллоҳга юзландим. Ибодат қилдим ва ишимни Ўзига топширган ҳолда, тегишли идораларга ариза ёздим. Ўзимча якдил қарор чиқардим - тақдиримга ўлим битилган бўлса, пулларим фарзандларим, оиламда қолиши керак. 

Акаси ҳақида

- Очиғи, менга таҳдид қилган жиноий гуруҳнинг бошида акам тургани юрагимга оғир ботди, қалбим яраланди. Ахир ҳамма қатори оддий одамман. Лекин қондош қондош экан-да, барибир. Хуллас, унинг менга нисбатан ноҳақликларини унутишни лозим топдим. Тан оламан, ҳали чандиқлар бор, аммо вақт ўтиши билан барчаси батамом унутилади. Энг асосийси, оиламиз парокандаликка учрамади. Муҳими шу. Тўғри, эндиликда ҳаммаси бироз ўзгарди, яъни муносабатларимиз аввалгидек эмас. Шунга қарамай, тез-тез мулоқот қилиб турамиз, барибир. Шунингдек, ўша пайт чуқур қайғуга ботган онам барчаси ортда қолганини кўриши ва стрессдан тезроқ қутулиши учун қўлимдан нима келса, барчасини қилдим...

Майдонга қайтиши ҳақида

- Ёшим ўтиб бораётганига қарамай, ўзимни ҳали навқирон йигитдек ҳис қиляпман. Зеро, олдингидек тўп билан ўйнаш, рақиб олдидан дриблинг ишлатишни яхши кўраман. Хуллас, «Монако» билан келишувга эришгач, катта футболда энди йўлга тушиш арафасида турган Руасси-ан-Бридаги болакайга айландим-қўйдим. Умид қиламанки, машғулотларда астойдил тер тўкиш асносида тезкор юқори спорт формасига кираман ва қувноқ ҳаракатларим билан мухлислар кўнг­лини қайта забт этаман.

Манба: jufc.ru, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Related to this topic: