Қозоқлардан эътироф, элчихонадан табрик, Гвардиоладан сукунат... ёки барчаси Ҳусанов ҳақида

Қозоқлардан эътироф, элчихонадан табрик, Гвардиоладан сукунат... ёки барчаси Ҳусанов ҳақида

Қизғин муҳокама бардавом

«Ланс»да порлаган ёш ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га трансфери атрофида муҳокамалар сира тўхтаётгани йўқ. Тўғри, Англия клуби трансферни ҳали расман эълон қилгани йўқ (сешанба кунги ҳолат), лекин «шаҳарликлар» ҳамюртимиз учун 40 миллион евро тўлашлари ва яна 10 «лимон» бонус кўзда тутилгани ҳаммага маълум.

*** 

Ҳозирча Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчес­тер Сити»да қанча маош олиши ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ. Лекин хориж нашрларида турли-туман суратлар берилмоқда. Мисол учун, SamvelKarlenovich канали шундай графиклардан бирини келтирди. Унда легионеримизнинг ҳафталик маоши кўрсатилган - 69 минг  доллар. Агар шундай бўлса, йиллик маош (52 ҳафта) миқдори 3,5 млн. бўлади. Эслатма, Ҳусанов «Лансда» ўз қобилиятига нисбатан анча кам иш ҳақи оларди - йилига 140 минг евро. 

*** 

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати ҳамюртимизни шов-шувли трансфер билан табриклашга улгурди. «Ланс» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни «Манчестер Сити»га ўтгани билан табриклаймиз! Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳусановга янги спорт фаолиятида муваффақиятлар тилайди, бу ўтиш унга янада юксак даражада порлаш имконини беради. Омад!», - дейилди табрикномада.

*** 

Табиийки, «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиоладан ҳам Абдуқодир Ҳусанов ҳақида бот-бот сўрашяпти. Испаниялик мутахассис эса ҳозирча одатий жавоб бериш билан чекланмоқда: «Абдуқодир Ҳусанов? Клуб буни расман эълон қилмади, шундай экан, ҳеч нарса деёлмайман».

*** 

Франция чемпионатини кенг ёритиб борувчи Setanta Sports телеканали эксперти Гиви Жаши трансфер муҳокамалари фонида Абдуқодир Ҳусановнинг устун жиҳатларига тўхталди. «Абдуқодир айниқса, тўп учун курашда кучли, «подкат» масофасини тўғри ўлчайди. У Франция чемпионати ўйинлари орқали каттагина тажриба тўплади. Лига 1 - интенсив чемпионат, ўйинларда тезлик ва кураш асосий ўринда. Абдуқодир шундай курашларда ғоят фойдали. «Сити»га ўтиши борасида хабарлар чиққанидан кейин мухлислар: «Тўп билан яхши ўйнай олмайдиган, яхши узатма бермайдиган ҳимоячи Гвардиолага нима учун керак?» қабилида ўйлашди. Тушуниш керак, Абдуқодирнинг «Ланс»даги вазифаси бош­қача эди. Бунинг учун жамоада Томассон ва Сотока бор, марказий ҳимояда ҳам тўп билан яхши ўйнайдиган Дансо ва Франковски бор. Яъни Абдуқодирга ҳужум бошлаш вазифаси қўйилмаган. Балки «Сити» Родри вазифасини бажарадиган футболчи қидираётгандир. Рақиб қарши ҳужумида Родри марказий ҳимояни ёпарди, чунки у тўп учун курашда жуда фойдали. Ҳусанов ҳам гавдали футболчи, тезлик ва тўп учун курашда яхши. Шунингдек, Гвардиола унга Гвардиол вазифасини ҳам юклаши мумкин: ҳужумга қўшилиб туриш. Ланс унча катта эмас, 20 мингча аҳолиси бор. У ерда бўлганимда, Франция эмас, кўпроқ Британия шаҳрига ўхшашига аҳамият берганман. Шаҳарда қизил ғиштдан қурилган уйлар кўп, қўшнилар бир-бирларини яхши танишади. Манчестерда ҳам деярли шундай. Менимча, Ҳусанов Манчестерга кўчиб ўтса, ҳайратга тушмаса керак. Умуман, Абдуқодир Франция чемпионатида кўп ўйин ўтказди. У майдондаги босиқлик, қаттиққўллик, эҳтиёткорлик борасида Лоран Бланга ўхшайди».

*** 

Ҳусанов Францияда инкор этиб бўлмас маҳорати эвазига «йиртқич» лақабини олди. Дейлик, ҳамюртимизнинг «Реймс» футболчиси Жунья Итони 37 км.|соат тезлигида қувгани акс этган видеолавҳа интернетни ларзага келтирганди. «Камгап йигит, аммо кучли футболчи. Жамоага келганимда, Дансо кетиш тараддудида эди. Ўшанда «Ланс» спорт координатори Жан-Луи Лека мени тинчлантиргани эсимда: «Хавотирланма, Абдуқодир шу ерда». У муболаға ишлатмаган экан. Абдуқодир чиндан ҳам, улкан салоҳиятга эга» - бу «Ланс» бош мураббийи Уилл Стиллнинг ҳамюртимизга берган охирги таърифи.

*** 

Қозоғистонлик машҳур блогер ва сценарий ёзувчи Нурмахан Муканулининг айтишича, баъзи юртдошлари Европанинг топ-клуби ўзбекис­тонлик футболчини сотиб олаётганига ҳалигача ишонишмаяпти. «Футбол масаласида ўзбеклар сезиларли даражада ўзиб кетишди. Мана, ҳозир Ўзбекистон термаси ЖЧ-2026га чиқиши мумкинлиги ҳақида гапиряпмиз. Ваҳоланки, қўшниларимизда 2010, 2014 ва 2018 йиллардаёқ мундиалга бориш имконияти туғилганди. Жумладан, ЖЧ-2014 саралашини ҳамон эслашади, ўшанда жамоа голлар нисбати туфайли жаҳон чемпионатидан четда қолган, атиги 2та гол камлик қилган. Барчаси ўзбек футболи бизникидан илгарилаб кетганига далолат. Қўшниларимиз 1994 йилги Осиё ўйин-лари, кейин ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида ғолибликни қўлга киритишган. Ўтган ёз эса Париж Олимпиадасида қатнашишди. Шундай экан, «Ўзбекистон термаси қандай қилиб ЖЧга чиқади?», «Ўзбекистонлик футболчи АПЛ клубига ўтадими?» каби саволлар шунчаки, қизиқишни оширади», — деди Муканули YouTube тармоғидаги «Соққи жене гол!» подкастида.

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.