Футбол ҳукми бўйича...
2024 йил футбол воқеликлари кутилмаган ва ғалати зиддиятлар оғушида якунланмоқда.
ЙИЛ БОШИДАГИ МАҚСАД ВА ХАРАЖАТГА ЯРАША ҚАНДАЙ НАТИЖАГА ЭРИШИЛДИ?
Мамлакатимизда вилоят ҳокимлари автоматик равишда ҳудудий ФА президенти саналишлари сир эмас. Шундан ҳам аксарият ҳудудларда футболга эътибор кўп жиҳатдан ўша ҳудуд ҳокимининг ушбу спорт турига қизиқиши даражасига боғлиқ. Ўтган мавсум олдидан аксарият вилоят ҳокимлари ўз жамоалари олдига чемпионлик маррасини вазифа ўлароқ қўйишганди. Жумладан, Хайрулло Бозоров (Фарғона вилояти ҳокими) «Нефтчи», Шавкат Абдураззоқов (Наманган вилояти ҳокими) «Навбаҳор», Муроджон Азимов (Қашқадарё вилояти ҳокими) эса «Насаф» зиммасига шундай вазифа юклагандилар. Якунда воҳаликлар водий жамоаларини ортда қолдириб, маррага етишди ва катта харажатни оқлашди қайсидир маънода. Tribuna.uz сайти эса йил бошида клублар олдига қандай вазифа қўйилгани, уларнинг йиллик тахминий харажати ва якуний натижасига бирров назар ташлади.
2024 йилги мавсум олдидан: ҳоким Қашқадарё аҳли чемпионликни кутаётганини айтди, Рўзиқул Бердиев ваъда берди
«Насаф»нинг 2024 йилги мавсумолди таништирув маросимида вилоят ҳокими Муроджон Азимов, клуб бош ҳомийси «Шўртан газ-кимё мажмуаси» раҳбарияти иштирок этди. Вилоят раҳбари жумладан, Қашқадарё аҳли фақат ва фақат чемпионлик кутаётганини маълум қилди. «Қашқадарёликлар анчадан буён севимли жамоамизни Ўзбекистон чемпиони сифатида кўришни орзу қилишмоқда. Жорий йил ушбу орзу ушалиши йўлида бор кучимизни ишга солишимиз керак. «Насаф» олдидаги мақсад ва вазифалар бажарилиши учун вилоят раҳбарияти ҳар қандай ёрдамни аямайди», - дея таъкидлаганди Азимов. Жамоа номидан сўзга чиққан бош мураббий Рўзиқул Бердиев эса йил давомида «Насаф»ни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдириб, янги мавсумда жамоа аниқ мақсад йўлида бирлашиб, вилоят аҳли узоқ кутган чемпионлик учун курашишга ваъда берди.
2024 йилги мавсум якуни: «Насаф» илк бор Суперлига чемпиони
Рўзиқул Бердиев жамоаси мавсумда ўз олдига қўйилган вазифани муддатидан аввал бажариб, илк марта чемпионлик кубогини боши узра баланд кўтарди. Tribuna.uz сайтига маълум бўлишича, «Насаф» Суперлигадан ташқари, ОЧЛда ҳам иштирок этиши инобатга олиниб, йиллик бюджет тахминан 130 миллиард сўм атрофида белгиланган. Ўзбекистонда энг катта йиллик смета ҳисобига барқарор таркиб шакллантирилгани ҳам якунда «Насаф»нинг муваффақиятли одимини таъминлади. Эътиборли томони, 2025 йилдан Қашқадарё вилоятидан Суперлигада 3та жамоа иштирок этади - «Насаф» (Қарши), «Машъал» (Муборак) ва «Шўртан» (Ғузор).
----------------------------------------------------------------
2024 йилги мавсум олдидан: «Чемпион бўлиш вақти келди» - Наманган вилояти ҳокимидан янги мавсум шиори
«Навбаҳор»нинг сўнгги йиллардаги муваффақиятида Наманган вилояти ҳокими ва жамоанинг биринчи рақамли мухлиси Шавкат Абдураззоқов алоҳида ўрин тутади. Вилоят раҳбари 3 йилдан буён чемпионлик вазифасини қўйиб келаётган бўлса-да, Самвел Бабаян мураббийлигидаги жамоа бош совринни Наманганга олиб келолмади. Тақдимот маросимида вилоят ҳокими клуб ОЧЛда тарихий натижа қайд этганини таъкидлаб, янги мавсум шиорини белгилади - «Чемпион бўлиш вақти келди». Бош совринни Тошкентдан Наманганга олиб келиш учун эса Одил Ҳамробеков, Фаррух Сайфиев, Сияваш Ҳақназари, Руслан Жиянов, Гиорги Никабадзе каби номдор футболчилар таклиф этилди.
2024 йилги мавсум якуни: «Навбаҳор» яна чемпион бўлолмади
Наманган клуби таркибни катта маош олувчи футболчилар билан кучайтирганига қарамай, Суперлигада чемпионлик курашидан чиққани ойдинлангач, вилоят ҳокими Самвел Бабаянни истеъфога чиқарди. Клуб эса Сергей Лушан қўл остида чемпионатни бир амаллаб 3-ўринда якунлади - бронза медали. «Навбаҳор» сўнгги мавсумлар давомида тахминан 70-80 миллиард сўм йиллик смета билан чемпионликка эришолмагач, вилоят раҳбарияти катта бюджет совринни кафолатлай олмаслигини тушунди, шекилли. Ҳар ҳолда, 2024 йил якунида Одил Ҳамробеков, Фаррух Сайфиев, Тома Табатадзе, Филип Иванович, Йован Жокич, Сияваш Ҳақназари сингари катта маош олувчи футболчилар билан хайрлашилди, таркибга асосан наманганлик маҳаллий йигитларни жалб этишга қарор қилинди.
----------------------------------------------------------------
2024 йилги мавсум олдидан: «Нефтчи»нинг бу йилги мақсади битта - чемпионлик!»
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўнгги 4 йилдан буён «Нефтчи»га катта эътибор қаратмоқда. У йил бошидаги таништирув маросимида жамоа олдига илк марта расман чемпионлик вазифаси қўйилгани ва бунинг учун барча шароитлар яратилганини маълум қилди. «Бу йилги мақсад битта - фақат чемпионлик! Бош мураббий Виталий Левченко ва жамоамизга ишонаман. Мавсумга юқори даражада тайёргарлик кўрилди, таркиб кучайтирилди. Якунда сизлар билан қучоқ очиб, жамоамизни чемпионлик билан табриклаш насиб этсин», - деди Хайрулло Бозоров тақдимот маросимида.
2024 йилги мавсум якуни: «Нефтчи» 5-ўринда
Йил бошида чемпионлик вазифаси қўйилган бўлса-да, Виталий Левченко бошқарувидаги «Нефтчи» мавсум давомида барқарор ўйнолмади. Орада жамоада молиявий ҳолат яхши эмаслиги, маош тўлашда узилишлар борлиги ҳақида ҳам хабарлар янгради. Охир-оқибат, фарғоналиклар мавсумни 5-ўринда якунлашди. Tribuna.uz манбасига кўра, йил бошида «Нефтчи» олдига чемпионлик вазифаси қўйилгач, 2024 йилги харажат сметаси 100 миллиард сўмни ташкил қилган. Катта бюджетга қарамай, мақсадга эришилмаган бўлса-да, вилоят ҳокими ташаббуси билан «Нефтчи» 2025 йили ҳам чемпионлик учун курашади ва аллақачон таркибга номдор футболчиларни жалб этди. Янги легионерлардан бири Владимир Йововичнинг йиллик маоши 300 минг долларга тенглиги айтилмоқда. Бу Фарғона клубининг 2025 йилги бюджетидан қарийб 4 миллиард сўм айнан черногориялик легионер маоши учун сарфланишини англатади...
---------------------------------------------------------------
2024 йилги мавсум олдидан: Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» олдига илк бор чемпионлик вазифасини қўймади
«Пахтакор» раиси саналмиш Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев футболчилар билан мавсумолди учрашувида клуб янгиланаётганини маълум қилди ва мавжуд таркиб олдига чемпионлик вазифасини қўймади. «Пахтакор» янгиланди. Сизларни кўриб, кўзим қувнаяпти. 5-6 нафарингизни инобатга олмаса, барчангиз ёшсиз. Бундай имконият ҳар доим ҳам бўлмайди. Футболчининг спортдаги ҳаёти қисқа. 2 йил қаттиқ меҳнат қилинг, пулнинг ўзи қувсин. Сизлар билан ҳали катта лойиҳаларга қўл ураман. Энди клубнинг асосий стратегияси бошқача - ёшларни Европага шу ернинг ўзидан сотиш. Бу миллий жамоамиз учун ҳам фойдали. Ҳеч қачон майдонда ўзингизни ранжитиб қўйманг», - дея Ортиқхўжаевнинг сўзларини келтирганди клуб матбуот хизмати.
2024 йилги мавсум якуни: «Пахтакор» 6-ўринда
Максим Шацких бошқарувидаги «Пахтакор» олдига чемпионлик вазифаси қўйилмагач, асосан ёшларга таянган жамоа турнирни 6-ўринда якунлади. Мавсум якунида эса Ортиқхўжаев бир қатор тажрибали футболчилар, жумладан, Драган Черанни таркибдан четлатгани маълум бўлди. Клуб раиси шунинг баробарида португалиялик янги бош мураббийни таништириб, «Пахтакор» 2025 йили яна чемпионлик учун курашишини таъкидлади. Шацких эса раис маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади. Ортиқхўжаев «Пахтакор»нинг 2024 йилги йиллик сметаси учун қарийб 100 миллиард сўм сарфлагани, кейинги мавсум эса бу миқдор янада оширилишини ҳам яширмади.
ҚОЛГАН КЛУБЛАР ҚАНЧА ХАРАЖАТ ҚИЛДИ?
Суперлигада 7-ўринни «Сурхон» эгаллади. Таниқли тадбиркор Бахтиёр Фозилов ва Eriell компанияси томонидан молиялаштирилган жамоанинг йиллик харажати тахминан 50-60 миллиард сўмни ташкил этган. Про лигадан қайтган «Динамо» 8-ўринни банд этди. Йил бошида Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов аниқ вазифа қўймаган бўлса-да, Вадим Абрамов жамоаси ўз ўйини билан мухлис ва мутахассислар эътиборига тушди. Хусусий Agromir Group компанияси томонидан молиялаштирилган клуб Суперлига-2024да энг кам бюджетга эга бўлганини Вадим Карленовичнинг ўзи матбуот анжуманида тилга олганди. Хуллас, «Динамо» 2024 йили тахминан 40 миллиард сўм сарфлаган. Самарқанд жамоаси янги ҳоким Адиз Бобоев раҳбарлигида қандай иштирок этишини эса вақт кўрсатади. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва ЎзАвтоСаноат раҳбарияти йил бошида «Андижон» олдига чемпионлик вазифасини қўймаган бўлса-да, клуб юқори ўринлар учун курашиши кераклиги ҳақида гапирилганди. Александр Хомяков шогирдлари амалда сенсацион тарзда Ўзбекистон кубоги-2024 ғолибига айланишди. Раҳбарият ва вилоят ҳокими бунга жавобан футболчиларга 200 миллион сўмдан мукофот пули бергани ҳақида хабарлар чиқди. Умуман олганда, мавсумни 9-ўринда якунлаган клубнинг йиллик сметаси тахминан 45 миллиард сўмни ташкил этди. Суперлигада қолиш учун курашган ва якунда 10-ўриндан жой олган «Бунёдкор»нинг йиллик бюджети чамаси 100 миллиард сўм атрофида бўлган. Клуб «Ўзбекнефтгаз» томонидан молиялаштирилди. 11-ўрин эгаси - «Қизилқум» одатдагидек Навоийдаги йирик саноат ташкилоти - НКМК томонидан молиялаштирилди. Tribuna.uz маълумотига кўра, Жамшид Саидов бошқарувида ўйнаган жамоа йиллик бюджетга мувофиқ, тахминан 50 миллиард сўм сарфлаган. Суперлига 2024 якунида элитадаги ўрнини сақлаб қолган, аммо кучлилар сафида ўйнамаслиги маълум бўлиб улгурган «Металлург» бюджети 50 миллиард сўм атрофида эди. «Локомотив»да бу сумма тахминан 65 миллиард сўмни ташкил этган, «Олимпик»нинг йиллик харажати ҳақида эса маълумот топиш имкони бўлмади.
2024 йил футбол воқеликлари кутилмаган ва ғалати зиддиятлар оғушида якунланмоқда.
2022 йилнинг декабрь ойида ПСВ клубидан «Ливерпул»га трансфер қилинган Нидерландия миллий жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Коди Гакпо ҳозирга қадар «қизиллар» учун 105та ўйинда 32та гол урди
Transfermarkt портали йил якуни бўйича барча миллий чемпионатлар футболчилари трансфер баҳосини бирма-бир янгилаб чиқди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789